add

Трампнинг тинчлик режаси 9 бандга қисқартирилди

Кеча 22:5511322 Дақиқа

Ундан нима чиқариб ташланганини аниқ айтиш қийин.

Трампнинг тинчлик режаси 9 бандга қисқартирилди

Женевадаги музокаралар якунига кўра, Доналд Трампнинг тинчлик режаси дастлабки 28 банддан 19 бандга қисқартирилди. Бу ҳақда Financial Times музокаралар жараёнидан хабардор манбаларга таяниб, хабар берди.

Нашр суҳбатдошлари айнан қайси бандлар чиқариб ташланганига ойдинлик киритмаган.

Тинчлик режаси сезиларли даражада ўзгаргани ҳақида Женевадаги музокараларда иштирок этган Украина президенти офиси маслаҳатчиси Александр Бевз ҳам маълум қилди.

«Ҳамма кўрган 28 бандли режа энди аввалги кўринишда мавжуд эмас. Бандларнинг бир қисми олиб ташланди, бир қисми ўзгартирилди. Украина томонининг бирорта ҳам эътирози эътиборсиз қолмади. Энг муаммоли масалалар бўйича якуний қарорларни президентлар қабул қилади», - дея у ижтимоий тармоқларда ёзди.

Bloomberg агентлиги хабардор манбаларга таяниб, тинчлик режасининг янги версиясида Россиянинг музлатилган 100 миллиард долларлик активларини Украинани тиклаш дастурларига ажратиш ва АҚШга бу операциядан 50 фоиз фойда бериш банди тилга олинмаганини хабар қилмоқда.

«РБК-Украина» манбаларининг маълум қилишича, Женевадаги учрашувда Украина ва АҚШ делегациялари Трампнинг тинчлик режасининг кўпчилик бандларини келишиб олишга, баҳсли бандларнинг катта қисмини эса тузатишга эришган.

Нашр маълумотларига кўра, Украина Қуролли кучлари сони, Запорижжя атом электр станциясини назорат қилиш масаласи, шунингдек, асирлар ва маҳбусларни алмашиш тартиби баҳсли масалалар қаторига киритилган.

«Шунингдек, делегациялар ҳудудлар ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлмаслиги ҳақидаги бандларни алоҳида кўриб чиқишга келишиб олишган — булар президентлар даражасида муҳокама қилинади», - деб ёзмоқда нашр.

Шу орада Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Москва тинчлик келишуви лойиҳасини олганини, бироқ уни улар билан ҳеч ким муҳокама қилмаганини маълум қилди.

«Бизга муҳокама қилинаётган лойиҳа топширилди ва у, табиийки, бизнинг томонимиздан ҳам, Украина томонидан ҳам, Америка ва Европа томонидан ҳам қайта ишланади, ўзгартирилади», - деди у журналистларга.

Ушаковнинг сўзларига кўра, Трамп режасининг кўплаб қоидалари Кремлга «мутлақо мақбул» кўринади.

«Бошқа қоидалар бўйича — у ерда кўп, 28 та банд бор — бу қоидалар томонлар ўртасида энг батафсил муҳокама ва кўриб чиқишни талаб қилади», - дея қўшимча қилди у.

Теглар

Мавзуга оид

Трампнинг тинчлик режаси 9 бандга қисқартирилди | Vaqt.uz