Туғилиш кам, ажралишлар ортмоқда: Ўзбекистонда демографик манзара қандай?

26.02.2026 | 16:554 дақиқа

Йил бошида Ўзбекистон аҳолиси 38 млн 236 минг кишига етди, аммо демографик кўрсаткичларда салбий ўзгаришлар кузатилди: туғилишлар камайди, никоҳлар қисқарди, ажралишлар ва ўлимлар эса ошди.

Туғилиш кам, ажралишлар ортмоқда: Ўзбекистонда демографик манзара қандай?

2026-йилнинг 1-январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 236 минг кишини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 фоизга кўп.

Туғилганлар ва вафот этганлар

2025-йил январ–декабр ойларида туғилганлар сони 879,6 минг нафарни ташкил этган бўлса, вафот этганлар 177,1 минг нафарни ташкил этди. Натижада табиий ўсиш 702,5 минг кишига тенг бўлди.

demografiya 01

Хусусан, 2025-йилдаги туғилишлар сони 2024-йилга нисбатан 46,8 мингтага (5,1 фоизга), 2023-йилга нисбатан эса 82,4 минг кишига (8,5 фоизга) камайган. Яъни туғилишлар кетма-кет иккинчи йил қисқармоқда.

«2025-йилдаги пасайишни фарзанд кўриш ёшидаги авлодларнинг олдинги авлодларга нисбатан камроқлиги ёки одамларнинг камроқ фарзанд кўриш бўйича қарорлари кўпроқ тушунтириб бериши бўйича хулоса қилиш қийин», — дея ҳолатни иқтисодчи Миркомил Холбоев баҳоламоқда.

demografiya 02

2025-йилда туғилиш камайган туманлар сони сўнгги 15 йилдаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Йил давомида 179 та туман ва шаҳарда туғилиш пасайган. 2024-йилда эса бундай ҳудудлар сони 155 та эди.

Туғилиш камайган туманларда жами 48,4 мингта бола кам туғилган. Бу ҳудудлар умумий туғилишларнинг 90 фоизини ташкил этган. Аксинча, туғилиш ошган 25 та туманда 1 722 тага кўпайиш қайд этилган.

Таққослаш учун, 2024-йилда туғилиш ошган туманларда ўсиш 9 мингтани ташкил этган ва улар умумий туғилишларнинг 24 фоизига тўғри келган. 2025-йилда эса бу кўрсаткич 8,6 фоизни ташкил этди.

2025-йилда туғилиш энг кўп ошган ҳудудлар — Томди (10,4 фоиз), Сўх (5,6 фоиз) ва Сергели (5,2 фоиз) бўлди.

Энг катта пасайиш эса Хонобод шаҳри (-28,5 фоиз), Бектемир (-26,4 фоиз) ва Яккасарой туманида (-20,4 фоиз) кузатилди. Шунингдек, 27 та туманда туғилиш 10 фоиздан ортиқ камайган, 105 та туманда эса пасайиш 5 фоиздан юқори бўлган.


Ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда

2025-йилда 454,7 мингта ўғил бола (жами туғилганлар сонига нисбатан 51,7 фоиз), 424,9 мингта қиз бола (48,3 фоиз) туғилган.

demografiya 03

Бунда республика бўйича ҳар 100 нафар қиз болага 107 нафар ўғил бола тўғри келади. 2024-йилда эса ўртача ҳар 100 та қизга 107,3 та ўғил бола туғилган эди.

Вилоятлар кесимида энг юқори номутаносиблик Қашқадарё вилоятида қайд этилди. Бу ҳудудда ҳар 100 та қизга 108,9 та ўғил бола туғилган (2024 йилда бу кўрсаткич 110,4 та бўлган).

Энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида кузатилган — бу ерда ҳар 100 та қизга 105 та ўғил бола тўғри келган, бу тахминан табиий даражага яқин.

Туман ва шаҳарлар кесимида энг юқори номутаносиблик Қоровулбозор (ҳар 100 та қизга 128,5 та ўғил бола), Шуманай (118,7 та) ва Қораўзак (117,3 та) туманларида қайд этилган.

Аксинча, ўғил болалар нисбатан кам туғилган ҳудудлар ҳам бор. Масалан, Нукусда ҳар 100 та қизга 87,5 та ўғил бола тўғри келган. Шунингдек, Қанликўл (96,5 та) ва Бухоро (97,3 та) туманларида ҳам ўғил болалар улуши нисбатан паст бўлган.


demografiya 04

2025-йилда 146 та туман ва шаҳарда туғилган ўғил болалар сони ҳар 100 та қизга нисбатан 105 тадан юқори бўлган. Бу кўрсаткич тахминан табиий даража (105)дан юқори ҳисобланади.

Таққослаш учун, 2024-йилда бундай ҳудудлар сони 153 тани ташкил этган эди. Яъни 2025-йилда ўғил болалар улуши юқори бўлган туманлар сони бироз камайган.


Вафот этганлар кўрсаткичи

Республикада вафот этганлар сони 177,1 минг кишини ташкил қилди. Шундан 97,5 минг нафари эркаклар (жами вафот этганларнинг 55,1 фоизи), 79,6 минг нафари аёллар (44,9 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида 95,7 минг ҳолат (54,1 фоиз) шаҳар жойларида, 81,4 минг ҳолат (45,9 фоиз) қишлоқ жойларида қайд этилган.

2025-йилда вафот этганлар сони 2024-йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 минг нафарга кўпайган.

demografiya 05

Шунингдек, иқтисодчи Миркомил Холбоев чораклар кесимидаги ўлим сонини таҳлил қилди. Унинг қайд этишича, 2025-йилнинг IV чорагида 44,9 мингта ўлим қайд этилган, бу эса I чоракка нисбатан 3,5 мингтага кўпроқ.


Никоҳлар ва ажралишлар

2025-йил январ–декабр ойларида мамлакатда 267,1 мингта никоҳ қайд этилди. Бу ҳар минг аҳолига 7,1 та никоҳ тўғри келишини англатади. Бироқ никоҳлар сони 2024-йилга нисбатан 4,7 мингтага камайган.

Шу даврда 46,9 мингта ажралиш қайд этилган. Ҳар минг аҳолига 1,2 та ажралиш тўғри келган. Ажралишлар сони эса ўтган йилга нисбатан 1,8 мингтага кўпайган.

demografiya 06

Республика бўйича жами 267,1 мингта никоҳ қайд этилган. Шундан 132,6 мингтаси (49,7 фоиз) шаҳар жойларига, 134,5 мингтаси (50,3 фоиз) қишлоқ жойларига тўғри келади. Яъни никоҳлар сони шаҳар ва қишлоқларда деярли тенг.

Никоҳдан ажралишлар сони эса 46,9 мингтани ташкил этган. Шундан 28,2 мингтаси (60,1 фоиз) шаҳар жойларида, 18,7 мингтаси (39,9 фоиз) қишлоқ жойларида қайд этилган. Ажралишлар асосан шаҳар ҳудудларида кўпроқ кузатилган.


Аҳоли миграцияси

2025-йил январ–декабр ойларида республика бўйича жами 252 792 киши кўчиб келган. Шундан 251 минг 633 нафари мамлакат ичидаги бошқа ҳудудлардан, 1 минг 159 нафари эса хорижий давлатлардан келган.

demografiya 07

Шу даврда жами 261 минг 750 киши кўчиб кетган. Уларнинг 251 минг 633 нафари республика ичидаги бошқа ҳудудларга, 10 минг 117 нафари эса хорижий мамлакатларга чиқиб кетган.

Умуман олганда, аҳоли сони 38,2 млн кишига етиб, ўсиш сақланиб қолган бўлса-да, демографик жараёнларда хавотирли тенденциялар кучаймоқда. Туғилишлар кетма-кет иккинчи йил камайди ва ҳудудларнинг катта қисмида пасайиш қайд этилди.

Никоҳлар қисқариб, ажралишлар кўпаймоқда, ташқи миграцияда эса кўчиб кетганлар сони кўпроқ. Бу рақамлар демографик ўсиш суръати секинлашаётганини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё аҳолиси 2040 йилга қадар 96 миллион нафарга етиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 104

Барчаси

Мавзуга оид