Logo

Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон жамоавий мудофаа келишувини имзолади

Ҳужжат ҳар қандай тажовуз ҳаракатларининг олдини олишни кучайтиришга қаратилган. Унга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум қолган икки давлатга ҳам қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқилади. Ҳатто келишув рамзий аҳамиятга эга бўлган тақдирда ҳам, ушбу уч давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини кам баҳолаб бўлмайди.

Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон жамоавий мудофаа келишувини имзолади © Foto: AP

Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон 7-август куни Яқин Шарқдаги юқори можароли вазият фонида жамоавий мудофаа тўғрисидаги келишувни имзолади. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўган, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазири Муҳаммад бин Салмон ҳамда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Макка шаҳридаги Ал-Ҳарам масжидида жума намозини адо этди. Уч давлат раҳбарлари расмий тадбирлар доирасида Маккага ташриф буюрди ва намоздан сўнг икки томонлама ҳамда уч томонлама учрашувлар ўтказди.

Макка шаҳрида келишув имзоланганидан сўнг берилган қўшма баёнотда айтилишича, ҳужжат ҳар қандай тажовуз ҳаракатларининг олдини олишни кучайтиришга қаратилган. Унга кўра, уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум қолган икки давлатга ҳам қилинган ҳужум сифатида кўриб чиқилади.

Ҳозирча ушбу келишув юридик жиҳатдан мажбурий кучга эгами ёки жамоавий мудофаа доирасида қандай даражада иштирок этишни назарда тутиши аниқ эмас. Бироқ, ҳатто келишув рамзий аҳамиятга эга бўлган тақдирда ҳам, ушбу уч давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятини кам баҳолаб бўлмайди. Туркия НАТОдаги иккинчи йирик армияга эга давлат ҳисобланади. Саудия Арабистони ислом динининг энг муқаддас масканларига эгалик қилади, дунёдаги энг йирик нефть экспортчиларидан бири ва Форс кўрфази давлатлари орасида мудофаа соҳасида етакчи ҳисобланади. Покистон эса ядровий қуролга эга ягона мусулмон давлати ҳисобланади.

«Ушбу келишув ҳеч қайси муайян томонга қарши қаратилмаган. У минтақа бошқа давлатлари учун ҳам очиқ ва мавжуд икки томонлама ёки кўп томонлама келишувларни бекор қилмайди ҳамда уларнинг ўрнини босмайди», — деди туркиялик номаълум амалдор журналистларга.

Шу билан бирга, агентлик материалларида қайд этилишича, минтақа давлатларини энг кўп ташвишга солаётган масала — Эрон ва Исроил томонидан эҳтимолий кескинлашув хавфи ҳисобланади.

Айни пайтда мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик амалда ҳам давом этмоқда. Масалан, Покистон баҳор ойларида Саудия Арабистонига Эрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида 8 минг нафаргача ҳарбий, жанговар самолётлар ва ҳаво мудофаа тизимларини юборган. Покистонлик ҳарбий мутахассислар ҳам кўп йиллардан бери Саудия ҳарбийларини тайёрлашда иштирок этиб келмоқда.

Туркия билан эса Ар-Риёд кўп миллион долларлик дронлар етказиб бериш бўйича шартномаларни боғламоқда. Туркия томони бу келишувларни ўз тарихидаги «энг йирик» шартномалар деб атаган.
Шунингдек, Туркия ва Покистон кемасозлик ҳамда ўқув-синов самолётларини яратиш соҳаларида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия туркий дунёга янги «Turkic ID» тизимини таклиф қилаётгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид