Logo

Туркияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланмоқда

Янги қоидалар 15–18 ёшдаги ўсмирларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланишни ҳам чеклайди. Энди ижтимоий тармоқлар улар ҳақида тўпланган маълумотлар асосида бошқа аккаунтларни тавсия қила олмайди.

Туркияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланмоқда © yahoo.com

Туркияда 1-ноябрдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланади. Бу ҳақда мамлакат президенти администрацияси ҳузуридаги Киберхавфсизлик бошқармаси ишлаб чиққан қоидаларга таяниб, «Resmî Gazete» расмий нашри хабар берди.

Ҳужжатга кўра, ижтимоий тармоқлар 15 ёшга тўлмаган болаларга хизмат кўрсата олмайди. 15–18 ёшдаги фойдаланувчилар учун шахсий маълумотларни ҳимоя қилувчи махсус хавфсизлик режими яратилиши керак.

Ижтимоий тармоқларда аккаунти бор фойдаланувчилар 2027-йил 31-мартгача ўз ёшини тасдиқлаши шарт. Бунинг учун Туркиянинг «e-Devlet» давлат электрон хизматлари платформасидаги махсус идентификатордан фойдаланилади.

Ўсмирлар учун янги қоидалар

Янги талаблар ижтимоий тармоқларнинг ўсмирлар ҳақида тўпланган маълумотлардан фойдаланишини ҳам чеклайди. Жумладан, платформалар ушбу маълумотлар асосида бошқа аккаунтларни тавсия қила олмайди. Ўсмирларнинг профилларини бошқа фойдаланувчиларга тавсия қилиш ҳам тақиқланади.

Бундан ташқари, болалар аккаунтларини телефон ва электрон почта контактлари, бошқа иловалардаги дўстлар ҳамда обуначилар рўйхати билан боғлашга рухсат берилмайди. Платформалар бундай маълумотларга кира олмайди ва улардан фойдалана олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Австралияда ҳам 2025-йил 10-декабрдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланган.

Теглар