add

Туркияда йирик биноларда 2026 йилдан сув йиғиш тизими ўрнатиш мажбурий бўлади

03.12.2025 | 16:251712 дақиқа

Туркия 2026 йилдан ёмғир сувини йиғиш ва «оқова сув» қайта ишлаш тизимларини йирик хусусий ва давлат биноларида мажбурий жорий этмоқда, бу орқали миллионлаб метр куб сув тежалади.

Туркияда йирик биноларда 2026 йилдан сув йиғиш тизими ўрнатиш мажбурий бўлади

Туркия Қурилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан қабул қилинган янги тартибга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб йирик ҳажмдаги хусусий ва давлат биноларида ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлаш тизимлари мажбурий тарзда ўрнатилади. Бу талаб «Режали ҳудудлар қурилиш меъёрлари»га киритилган ўзгаришлар асосида амалга оширилади, деб ёзмоқда Sozcu нашри.

Йўриқномага мувофиқ, 7 метр кубдан ортиқ сув сақлаш ҳажмига эга иншоотлар, ер майдони 2 минг метр квадратдан юқори бўлган лойиҳалар, шунингдек қурилиш ости майдони 1000 метр квадратдан кўп бўлган хусусий ва барча давлат биноларида ёмғир суви йиғувчи махсус тизим ўрнатилади. Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, бу орқали йилига 6,2 млн метр куб сув тежаш мумкин бўлади. Тозаланган сув боғ суғориш ва ҳожатхона резервуарларида ишлатилади.

«Оқова сув» тизимлари ҳам янги тартибда алоҳида талаб қилинади. Қарорга мувофиқ, 200 ўриндан ортиқ меҳмонхоналар, 10 минг метр квадратдан катта савдо марказлари ва 30 минг метр квадратдан юқори давлат биноларида душ, ванна ва ювиниш жойларидан чиққан сув тозаланиб, фақат ҳожатхона резервуарларида ишлатилиши шарт. Бу тизим орқали йиллик 4 млн метр кубга яқин сув тежалиши кутилаяпти.

Қоидаларга кўра, сув сақлаш баклари асосан орқа ва ён ҳовлиларда ер остига жойлаштирилади, олд ҳовлидаги баклар эса йўлдан камида 2 метр узоқликда бўлиши керак. Ёмғир сувини йиғиш ҳажми ҳар бир бинода ернинг тузилиши ва ҳудуднинг йиллик ёғингарчилик ўртачасидан келиб чиқиб белгиланади. «Оқова сув» баклари эса фойдаланиладиган сувнинг камида ярмини қоплаши лозим.

Бундай тизимлар жаҳонда кенг қўлланилмоқда. Германияда уларни ўрнатган хонадонлар учун сув тўловларида чегирма берилади, Англия илк йилда солиқ имтиёзлари таклиф қилади. Японияда 30 минг квадрат метрдан катта биноларда бу талаб мажбурий, Ҳиндистоннинг Ню Деҳли шаҳрида эса 100 метр квадратдан ортиқ барча биноларда ёмғир суви тизими шарт қилиб қўйилган.

Теглар

Мавзуга оид