Logo

Туркиянинг Ҳатай вилоятида Ўзбекистон маҳалласи очилди

Бугун 11:162 дақиқа

2023-йилги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон томонидан Ўрта ер денгизи соҳилида тўлиқ жиҳозланган турар жой мажмуаси барпо этилди.

Туркиянинг Ҳатай вилоятида Ўзбекистон маҳалласи очилди © uza

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг Ҳатай вилоятига ташрифи чоғида Арсуз туманидаги 300 дан зиёд хонадонни ўз ичига олган Ўзбекистон маҳалласининг очилиш маросимида иштирок этишди.
 
Ушбу турар жой мажмуаси жами 24-та кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, барча замонавий қулайликларга эга. Бундан ташқари маҳалла Самарқанд, Тошкент номи билан аталувчи кўчалар, Бухоро жоме масжиди, Президент Шавкат Мирзиёев номи билан аталувчи бульвар, Ўзбекистон Республикаси дўстлик боғи, ўзбекона тандир ўчоқлар билан жиҳозланган маҳалла ошхонаси, болалар учун ўйингоҳ ва майдончаларни ўз ичига олади.
 
2023-йил феврал ойида Туркиянинг бир қатор ҳудудларида зилзила содир бўлиб, кўплаб талафотларни юзага келтирди. Ўзбекистон ушбу фожиали даврда қардош мамлакат Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлади. Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
 
Туркия зилзиладан сўнг одамларнинг турмушини яхшилаш ҳамда зилзила оқибатларини бартараф этиш борасида кўплаб ишларни амалга оширди. Бу борада Ўзбекистон томонидан қисқа муддатда Ўрта ер денгизи соҳилида тўлиқ жиҳозланган ушбу турар жой мажмуаси барпо этилди.
 
Очилиш маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ҳамда Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш ва Ҳатай вилояти ҳокими Мустафа Масатли иштирок этди.
 
“Ўзбекистон исломнинг учинчи энг катта маданиятини дунёга кўрсатмоқда. Шунинг учун Имом Бухорий зиёратгоҳининг янгидан барпо этилиши, Тошкентда катта бир маданий манзил —Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши илгарига кетаётган қадамларнинг жарангдор овозини билдиради. Туркия «Янги Ўзбекистон» тарихи билан боғлиқ улкан меросни алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон янги Ренессансга чиққанлиги билан чин қалбимдан табриклайман ва ушбу қардош давлатга фақат омадлар тилайман, — дейди Нуман Куртулмуш очилиш маросимидаги нутқида.
 
Шунингдек, делегация вакиллари маҳалла ҳудудидаги яратилган шароитлар билан танишиб, суҳбатлашилди. Мулоқотлар давомида ҳатайликлар Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматига миннатдорлик билдиришди.

Мавзуга оид