Logo

«Шармандали маҳалла» ва «Уятли хонадон»: Чинозда ободонлаштириш бўйича янги жазо чораси қўлланилади

40 нафар масъулга маҳалла раислари билан бирга хонадонларни айланиб чиқиб, дарвоза ва деворларнинг ҳолати, ҳовли, томорқа ҳамда кўчага райҳон экилган-экилмаганини текшириш вазифаси юклатилган.

«Шармандали маҳалла» ва «Уятли хонадон»: Чинозда ободонлаштириш бўйича янги жазо чораси қўлланилади © Videodan kadr

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ободонлаштириш талабларига жавоб бермайдиган, хусусан, деворлари оқланмаган ва кўчасига гул ёки райҳон экилмаган уйлар дарвозасига «Уятли хонадон» плакатлари ёпиштириб чиқилади.

Шунингдек, ҳудуди тозаланмаган маҳаллаларга «Шармандали маҳалла» ёрлиғи илинади. Бу ҳақда туман ҳокими Шерзод Салихов иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Хабарга кўра, мазкур текширувлар Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг йўл бўйидаги маҳаллаларнинг санитар ҳолатини ўрганиш бўйича берган топшириғига асосан амалга оширилмоқда.

Камчиликларни бартараф этиш учун бир кун муҳлат берилди

Шерзод Салиховнинг таъкидлашича, тумандаги «Бирлик» таянч маҳалласидаги ҳолат қониқарсиз деб топилган. Ўтлар ўсиб кетгани ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмагани сабабли ушбу маҳалланинг кўринарли жойига «Шармандали маҳалла» плакатини илиш бўйича кўрсатма берилган.

«Ўтлар бел баробар бўлиб кетган, ўрилмаган. Ўрилганлари ҳам тўп-тўп бўлиб ётибди, олиб чиқиб кетилмаган. «Шармандали маҳалла» деб айтса бўладими, йўқми? Кўринадиган жойга, халқ кўрадиган жойга ос. Иккинчи шиор ҳам бор: «Уятли хонадон», — деди Шерзод Салихов ўз нутқида.

Туман раҳбари 40 нафар корхона ва ташкилот раҳбарларига маҳалла раислари билан биргаликда хонадонларни уйма-уй айланиб чиқиш вазифасини юклаган.

Улар дастлаб маҳалла раисларининг ўз уйларини, жумладан, дарвоза ва деворларнинг оқлангани, ҳовли ҳамда кўчада райҳон ёки атиргуллар экилганини текшириб, суратга олган ҳолда ҳисобот топшириши белгиланган.

«Бир кун муддат берамиз. Эртага кечгача қилмаса, ўша хонадонни «Уятли хонадон» қилиб, мен ўзим бориб остираман», — дея таъкидлади туман ҳокими.

Бундан ташқари, маҳалла масъулларига эрталаб соат олтидан бошлаб ҳашарлар ташкил этиш, кўчалар ва ариқларни чиқиндилардан тозалаш, дарахтлар экиш ҳамда томорқаларга юқори даромадли такрорий экинлар экилишини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Teglar

Mavzuga oid