«Turonbank» раҳбари қўлга олингани ортидан банк кузатув кенгаши расмий баёнот берди
Банк бошқарув раиси қўлга олингани ҳақидаги хабарлардан сўнг «Turonbank» матбуот хизмати ва кузатув кенгаши расмий баёнот берди. Унга кўра, банк мижозларга белгиланган тартибда хизмат кўрсатиш давом этмоқда. Кенгаш эса ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
© Turonbank«Turonbank» бошқарув раиси қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шу муносабат билан банк матбуот хизмати ва кузатув кенгаши баёнот берди.
Матбуот хизмати баёнотида айтилишича, банк ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттирмоқда. Банк хизматлари марказлари, офислар ва рақамли платформалар орқали мижозларга хизмат кўрсатиш давом этмоқда. Банкнинг омонатчилар, мижозлар, инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари ўз кучида қолади.
Банк ўз фаолиятини корпоратив бошқарув, ички назорат тизими ва амалдаги қонунчилик асосида юритаётганини маълум қилди. Мижозлар саволлари бўйича 1220 қисқа рақами ёки банкнинг расмий ахборот каналлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Банк кузатув кенгаши ҳам алоҳида баёнот берди. Унга кўра, яқинда янги таркибда шакллантирилган кенгаш вазиятни назорат қилмоқда ва унинг банк фаолиятига таъсирини баҳоламоқда.
Кенгаш банкнинг молиявий барқарорлиги, бошқарув узлуксизлиги ва рискларни самарали бошқаришни устувор вазифа деб билишини маълум қилди. Шунингдек, кузатув кенгаши ўз ваколатлари доирасида ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди.
Қайд этиш керакки, 25-сентябрда бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида «Turonbank» кузатув кенгаши тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда қайта сайланган. Бунда мустақил аъзолар сони учтадан олтитага оширилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ савдога чиқарилиши режалаштирилган жами 100 трлн сўмлик давлат активлари қаторида Туронбанк ҳам қайд этилганди.





