«У барибир тўхтамайди» — Германия канцлери Путинни Ҳитлерга қиёслади
Фридрих Мерц Донбасс бўйича ҳудудий ён бериш 1938 йилдаги хато такрорланишидан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

Германия канцлери Фридрих Мерц Украинадаги уруш доирасида Россия Президенти Владимир Путиннинг Киевга қўяётган талабларини 1938 йилдаги тарихий воқеалар билан солиштирди ва Россия раҳбарини ўша даврдаги Адолф Ҳитлерга қиёслади. Бу ҳақда DW нашри Мерцнинг партия конференциясидаги нутқига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Мерц нутқи давомида 1938 йилни эслаб ўтган, ўшанда Франция ва Буюк Британия собиқ Чехословакияни Судет ерларини нацистлар Германияси ва Ҳитлер фойдасига беришга мажбурлаган. Париж ва Лондон буни Европада урушнинг олдини олишга имкон беради, деб ўйлаган. Бироқ бу хато бўлиб чиққан. Чехословакия ҳудудининг бир қисмини бериш Ҳитлернинг иштаҳасини пасайтирмаган: атиги ярим йилдан сўнг, 1939 йил мартида Германия Чехословакиянинг қолган қисмини ҳам босиб олган.
Нашрнинг ёзишича, ўтмишдаги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда Донбасс ҳудудлари орқали ён бериш Путиннинг иштаҳасини қондиради, деб ўйлашга ҳеч қандай асос йўқ, худди 1938 йилги Мюнхен келишувининг ён беришлари Ҳитлерни тўхтатмагани каби.
«Бу Россиянинг Украинага қарши ва Европага қарши тажовузкор урушидир. Агар Украина қуласа, уруш шу билан тўхтамайди. Худди 1938 йилдаги Судет ерлари етарли бўлмаган каби. Путин тўхтамайди», — деди канцлер Мерц.





