
Украинада меҳнат қуллигидан озод қилинган 19 ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди
Аввалроқ Киев вилоятидаги иссиқхонада мажбурий меҳнатга жалб этилган Ўзбекистон фуқароларининг Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан озод этилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Киев областидаги иссиқхоналардан бирида 13 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси оғир шароитда мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина ТИВ ва Бош прокурори офисига тегишли ноталар юборилган эди.
3 ноябр куни Украинада меҳнат қуллигига дучор бўлган ва сентабр ойида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан озод этилган 19 нафар ўзбекистонлик фуқаро Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълум қилишича, фуқароларни қайтариш жараёни элчихона, Украина Миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилотининг Украина ва Молдовадаги ваколатхоналари ўртасидаги ҳамкорлик асосида амалга оширилди.
Украина прокуратураси ва полицияси сентабр ойида Киев вилоятидаги иссиқхонада мажбурий меҳнатга жалб этилган шахслар қўлга олинганини маълум қилган эди. Маълумотларга кўра, ишчиларнинг паспортлари олиб қўйилган, улар эса озодликларидан маҳрум этилган ҳолда оғир меҳнатга мажбурланган. Дастлаб 22 ёшдан 42 ёшгача бўлган 13 нафар жабрланувчи ҳақида хабар берилганди. Ўрганишлар натижасида улар 19 талиги маълум бўлган.
Тергов натижасида мазкур жиноий схемани 51 ёшли Хитой фуқароси ташкил этгани, унга яна икки нафар хитойлик, бир таиландлик, беш украиналик ва бир ўзбекистонлик ёрдам бергани аниқланган. Ўзбекистонликларга юқори маош ваъда қилинган, аммо Украинага етиб келгач, уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилган.
Элчихона ва Халқаро миграция ташкилоти ёрдамида олиб борилган музокаралар натижасида барча фуқаролар «жабрланувчи» мақомини олди. Бу уларга нисбатан Украина қонунчилиги бўйича жазо чоралари қўлланишининг олдини олади.
28 октабр куни ХМТ маблағлари ҳисобига ўзбекистонликлар Киевдан Кишинёвга етказилди. Улар учун хавфсиз яшаш шароити ва озиқ-овқат билан таъминлаш чоралари кўрилди.
2 ноябр куни ХМТ вакиллари ҳамроҳлигида Кишинёв–Истанбул–Урганч йўналиши орқали улар Ватанга йўл олди ва 3 ноябр куни Ўзбекистонга етиб келди.





