
Украинага кўпмиллатли қўшин жойлаштирилиши ва АҚШдан хавфсизлик кафолати ваъда қилинмоқда
Парижда Франция, Буюк Британия ва Украина раҳбарлари ўт очиш тўхтагандан сўнг Украинада кўпмиллатли қўшин жойлаштириш тўғрисида декларацияни имзолади.
Париж шаҳрида бўлиб ўтган «Кўнгиллилар коалицияси» учрашуви якунларига кўра, Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия бош вазири Кийр Стармер ва Украина президенти Володимир Зеленский Украина ҳудудида кўпмиллатли қўшин жойлаштиришни назарда тутувчи декларацияни имзолади. Ҳужжат ўт очиш тўхтатилгандан кейин хавфсизлик кафолатларини таъминлашга қаратилган.
Учрашувда Украина президенти Володимир Зеленский, Франция президенти Эмманюэль Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кийр Стармер, НАТО бош котиби Марк Рютте ҳамда бошқа ғарб давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.
Полша бош вазири Доналд Туск матбуот анжуманида Париж декларацияси Европа ва АҚШ томонидан Украинага хавфсизлик кафолатлари беришга тайёрликни тасдиқлашини айтди. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳужжат барқарор тинчликка эришиш йўлида муҳим сиёсий сигнал ҳисобланади.
Эммануэл Макрон эса учрашув якунларига бағишланган баёнотида декларация келажакда Россия ва Украина ўртасида тузилиши мумкин бўлган тинчлик келишуви бузилишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади. Франция президентининг айтишича, Европа давлатлари узоқ муддатли тинчлик учун аниқ мажбуриятларни ўз зиммасига олмоқда.
Буюк Британия бош вазири Кийр Стармер ўт очиш тўхтагандан кейин Франция ва Буюк Британия Украина ҳудудида ҳарбий базалар ва марказлар ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу қадам Украина хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва янги ҳарбий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган.
АҚШ Украинага уруш тугагач Россия томонидан эҳтимолий янги тажовузларга қарши хавфсизлик кафолатлари тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» нашри Киев иттифоқчилари муҳокама қилаётган декларация лойиҳасига таяниб хабар берди.
Ҳужжатга кўра, АҚШ Украина ҳудудида жойлаштирилиши мумкин бўлган Европа ҳарбий кучларини қўллаб-қувватлайди ҳамда разведка маълумотлари алмашинувини таъминлайди. Шунингдек, режада ўт очишни тўхтатиш чизиғини мониторинг қилиш, Украина Қуролли кучларига кўмак бериш ва сулҳни таъминлаш учун кўпмиллатли кучлар ташкил этиш назарда тутилган.
Володимир Зеленский эса «Кўнгиллилар коалицияси» доирасида ҳарбий кучларни жойлаштириш, уларнинг сони ва қурол-яроғ турлари бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилганини билдирди.
Шунингдек, Украина томони АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер билан тинчликдан кейинги мониторинг масалаларини муҳокама қилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, АҚШ томони ҳам янги Россия агрессиясини жиловлаш механизмларини қўллаб-қувватлашга тайёр.
6 январ куни АҚШнинг НАТО ҳузуридаги доимий вакили Мэтю Уитэкер Париждаги «Кўнгиллилар коалицияси» учрашуви айрим келишувларни, жумладан Украина учун хавфсизлик кафолатларини якунлаш билан тугаши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги можаро якунланишига яқинлашилмоқда.
Теглар






