Logo

USAID ёпилиши нечта одамнинг умрига зомин бўлди?

Бугун 19:557 дақиқа

Илон Маск агентлик тугатилиши оқибатида бирорта ҳам одам ўлмаганини айтмоқда. «The Lancet» тадқиқоти эса 2030 йилгача 14 млн қўшимча ўлимни прогноз қилган. «The Economist» таҳлилига кўра, ҳар икки рақамга эҳтиёткорлик билан қараш керак: қурбонлар бор, бироқ уларнинг сони энг кескин баҳолардан анча кам бўлиши мумкин. Ўзбекистонга эса USAID ёпилишидан олдинги тўлиқ йилда қарийб 40 млн доллар ёрдам ажратилган.

USAID ёпилиши нечта одамнинг умрига зомин бўлди? © Foto: Getty Images

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги — USAID ёпилгач, қарорнинг инсон ҳаётига таъсири бўйича бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки қараш пайдо бўлди.

Агентликни тугатишда Доналд Трамп маъмуриятига ёрдам берган Илон Маск орадан бир ярим йил ўтиб, бу қарор бирорта ҳам инсоннинг ўлимига сабаб бўлмаганини даъво қилмоқда. Билл Гейтс эса Маскни дунёнинг энг камбағал болаларини ўлимга маҳкум этганликда айблаган.

2025 йил июлида The Lancet журналида чоп этилган тадқиқот USAID молиялаштиришидаги кескин қисқариш 2030 йилгача 14 млн дан ортиқ қўшимча ўлимга олиб келиши мумкинлигини ҳисоблаган. Шундан 4,5 млн нафари беш ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келиши прогноз қилинган.

The Economist таҳлилига кўра, «ҳеч ким ўлмади» деган даъво ҳам, 14 млн кишилик ҳисоб ҳам синчиклаб текширилганда ишончли якуний рақам бўлиб чиқмайди.

Ёрдам тўхтаганда нима юз берди?

USAID йилига қарийб 60 млрд доллар тарқатар, бу дунёдаги жами хорижий ёрдамнинг тахминан чорак қисмига тенг эди. Маблағ ОИВга қарши дорилар ва табиий офатлардан кейинги ёрдамдан тортиб, таълим, мустақил ОАВ ҳамда суд-ҳуқуқ ислоҳотларигача бўлган турли йўналишларга сарфланган.

Агентликнинг бирданига ёпилиши ҳаёт учун муҳим хизматларни ҳам издан чиқарди. Трамп барча молиялаштиришни тўхтатганидан бир ҳафта ўтиб, ҳаётни сақлаб қолишга қаратилган дастурлар учун вақтинчалик истисно берди.

Бироқ қайси лойиҳа истиснога тушиши борасидаги чалкашлик сабаб айрим хизматлар қайта ишга тушмади, бошқалари эса кейинги ойларда бутунлай бекор қилинди.

Масалан, Малавида туғруқ клиникаларининг аксарияти ишлашда давом этди, аммо узоқ қишлоқлардаги аёлларни шифохонага олиб борадиган тез ёрдам хизмати маблағсиз қолди.

The Economist суҳбатлашган тиббиёт ходимларига кўра, 25 ёшли Пруденс туғруқ асоратидан вафот этган ва транспорт хизмати сақланиб қолганида шифохонага етказилиши мумкин эди. Улар январь ойидан буён шундай шароитда ўн нафар она вафот этганини айтган.

Сомалида эса Америка ёрдами қисқариши ортидан UNICEF клиникаларининг қарийб чорак қисми ёпилган. Уларнинг асосий беморлари тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган болалар эди. 2025 йилда шифохонага ётқизилган бундай болалар сони икки баравар ошиб, 768 нафарга етган, айримлари вафот этган.

Бу ҳолатларнинг барчасида ёрдам бўлганида айнан нечта инсон тирик қолишини аниқ айтиб бўлмайди. Аммо ўлимлар сони нол бўлмаганини кўрсатадиган далиллар бор.

14 млн рақами қаердан пайдо бўлди?

The Lancet журналидаги тадқиқот муаллифлари 2001–2021 йилларда паст ва ўрта даромадли 133 та мамлакат маълумотларини ўрганган. Улар аҳоли жон бошига кўпроқ USAID ёрдами олган давлатларда ўлим даражаси тезроқ пасайганини аниқлаган. Кейин шу боғлиқликни 2030 йилгача давом эттириб, молиялаштириш кескин камаядиган сценарий билан таққослаган.

Муаммо шундаки, икки кўрсаткич ўртасидаги боғлиқлик ёрдамнинг ўзи ўлимни айнан шу миқдорда камайтирганини исботламайди. Энг камбағал мамлакатлар одатда кўпроқ ёрдам олган ва айни пайтда уларда ўлим даражаси энг тез тушган.

Тадқиқотчилар аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ва бошқа омилларни ҳисобга олган, бироқ бу барча муқобил изоҳларни истисно қилмайди.

Масалан, донорлар ёрдамни уни самарали ишлата оладиган, соғлиқни сақлаш тизими нисбатан тайёр мамлакатларга кўпроқ йўналтириши мумкин. Бундай давлатларда ўлим даражаси USAID маблағисиз ҳам тезроқ пасайган бўлиши эҳтимоли бор.

Яна бир муҳим масала — тадқиқот USAID дастурларининг 83 фоизи бекор қилингани ёрдам ҳажми ҳам 83 фоизга қисқаришини англатади, деган тахминга таянган. Аслида лойиҳалар сони билан сарфланадиган пул миқдори бир хил кўрсаткич эмас. 

Кўплаб йирик соғлиқни сақлаш ва гуманитар дастурлар бошқа идораларга ўтказилган ёки қисман сақлаб қолинган.

The Economist ҳисобига кўра, Трамп ҳокимиятга қайтгач, Америка ташқи ёрдами қарийб учдан бирга камайган. Энг катта қисқартиришлар таълим ва демократияни қўллаб-қувватлаш дастурларига тўғри келган.

Инсон ҳаётига бевосита таъсир қиладиган соғлиқни сақлаш ва гуманитар ёрдамлар эса нисбатан камроқ қисқарган. АҚШнинг 2026 йилги глобал соғлиқни сақлаш бюджети 10 млрд долларни ташкил этган — бу Жо Байден давридаги 2025 йилги кўрсаткичдан 2,4 млрд доллар кам.

Демак, 14 млн кишилик прогноз амалда юз берганидан анча кескинроқ қисқартириш сценарийсига қурилган.

Эски натижани келажакка кўчириш ҳам хато бўлиши мумкин

Ҳисоб-китобдаги иккинчи муаммо — бугунги ҳар бир доллар 20 йил аввалгидек самара беради, деган тахмин.

2000 йиллар бошида вакциналар, безгакка қарши тўрлар ва арзон дори воситаларининг кенг тарқалиши жуда катта натижа берган.

Ривожланаётган мамлакатларда болалар ўлими 2000 йилдаги ҳар минг туғилишга 79 тадан 2016 йилда 42 тагача тушган. Кейинги олти йилда эса пасайиш анча секинлашиб, 2022 йилда 37 тани ташкил этган.

Бу ёрдам энди самарасиз дегани эмас. Бироқ энг арзон ва тез натижа берадиган чоралар аллақачон кенг жорий этилган бўлса, қўшимча маблағнинг ҳар бир доллари аввалгидан камроқ самара бериши мумкин.

Шу сабаб 2001–2021 йиллардаги натижани ўзгаришсиз кейинги беш йилга кўчириш прогнозни ошириб кўрсатади.

Бошқа баҳоларда ҳам шунга ўхшаш муаммо бор. Бостон университети тадқиқотчилари USAIDнинг 160 млн долларлик озиқланиш дастурини ўлим ёқасидаги бир болага бериладиган 150 долларлик озиқ-овқат пакети нархига бўлиб, 1,1 млн пакет йўқолишини ҳисоблаган. Шундан келиб чиқиб, камида 168 минг бола вафот этиши мумкинлиги айтилган.

Аммо 160 млн долларнинг катта қисми ўлим ёқасидаги болаларни даволашга эмас, аёллар ва болалар орасида очликнинг олдини олишга сарфланиши кўзда тутилган. Қолаверса, дастур кейинчалик бошқа идорага ўтказилган ва бутунлай бекор қилинмаган.

Ўзбекистон нимани йўқотди?

Pinkod маълумотларига кўра, USAID тугатилишидан олдинги сўнгги тўлиқ йил — 2024 йилда — Ўзбекистонга 39,08 млн доллар ёрдам ажратган. Бу Марказий Осиё учун йўналтирилган 158,8 млн долларнинг қарийб чорагига тенг. Ўзбекистон ёрдам ҳажми бўйича Тожикистон ва Қирғизистондан кейин минтақада учинчи ўринда турган.

Маблағнинг 11 млн доллари соғлиқни сақлашга, 8,7 млн доллари ижтимоий қўллаб-қувватлашга, 6,5 млн доллари иқтисодий ривожланишга, яна 5,1 млн доллари таълим ва ижтимоий хизматларга йўналтирилган.

Тўртта асосий йўналиш жами ёрдамнинг 80 фоизини ташкил қилган. Демак, USAIDнинг Ўзбекистондаги фаолияти фақат фуқаролик жамияти ёки сиёсий лойиҳалардан иборат бўлмаган.

Тарихий рақамлар ёрдам ҳажми Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларидаги ўзгаришлар билан бир вақтда кескин тебраниб турганини кўрсатади. 2001 йилда USAID 14,51 млн доллар ажратган бўлса, 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича стратегик аҳамияти ошиши фонида 2002 йилда бу сумма рекорд даражадаги 60,55 млн долларга етган.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин икки давлат муносабатлари совиган ва 2009 йилга келиб ёрдам 5 млн долларгача тушган. Бу 2002 йилдаги кўрсаткичдан қарийб 12 баравар кам.

2017 йилдан бошлаб молиялаштириш яна ўса бошлади: 2018 йилда 19,62 млн доллар, пандемия бошланган 2020 йилда 28,57 млн доллар ажратилди. Кейинги тўрт йилда эса йиллик ёрдам 37–43 млн доллар оралиғида сақланиб қолди.

Бу динамика USAID ёрдами фақат ижтимоий эҳтиёжларга эмас, АҚШнинг минтақадаги ташқи сиёсий устуворликларига ҳам боғлиқ бўлганини кўрсатади.

Бекор қилинган шартномалар рўйхатига Ўзбекистондаги беш йиллик, 18 млн долларлик TB Free Uzbekistan силга қарши кураш лойиҳаси, 25 млн долларлик All Children Succeeding инклюзив таълим дастури ҳамда фуқаролик жамияти ва ОАВни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган 10 млн долларлик лойиҳа ҳам киритилган.

Бу лойиҳаларнинг қиймати кўп йиллик режалаштирилган бюджет бўлгани учун уларни 2024 йилда ажратилган 39,08 млн долларга қўшиб ҳисоблаш тўғри эмас.

European Training Foundation ҳисоботига кўра, инклюзив таълим дастури эндигина иш бошлаган пайтда, 2025 йил февралида бекор қилинган. Силга қарши лойиҳа эса касалликни аниқлаш ва даволаш хизматларидан фойдаланишни кенгайтириши керак эди.

USAIDнинг агентлик сифатида тугатилиши АҚШдан келадиган барча ёрдам бутунлай йўқолди дегани эмас: сақлаб қолинган айрим дастурлар Давлат департаментига ўтказилган. Бироқ очиқ маълумотлар Ўзбекистондаги қайси хизматлар маҳаллий бюджет ёки бошқа донорлар ҳисобидан давом эттирилгани, қайсилари эса тўлиқ тўхтаганини баҳолашга етмайди.

Шу сабаб USAID ёпилиши Ўзбекистонда айнан нечта ўлимга олиб келганини ҳисоблаш учун асос йўқ. Асосий савол бошқа: силни аниқлаш, даволаш ва инклюзив таълим каби бекор қилинган дастурларнинг вазифасини ким ва қандай маблағ ҳисобидан давом эттирди?

Рақам номаълум, аммо нол эмас

USAID ёпилишининг аниқ инсоний қийматини ҳисоблашни қарорнинг ўзи янада қийинлаштирди. Ёрдам билан бирга соғлиқ бўйича сўровлар, мониторинг ва маълумот йиғиш дастурлари ҳам қисқарди. Натижада таъсирни ўлчаши керак бўлган тизимнинг ўзи заифлашди.

Ҳозирча энг эҳтиёткор хулоса шуки, USAID тугатилиши оқибатидаги ўлимлар энг даҳшатли прогнозлардан камроқ бўлиши мумкин. Бунга ҳаёт учун муҳим дастурларнинг бир қисми сақлаб қолиниши ва айрим ҳукуматларнинг бўшлиқни қисман тўлдиргани сабаб бўлган.

Бироқ бу Илон Маскнинг «нол» деган даъвосини тасдиқламайди. Молиялаштиришнинг тартибсиз ва кескин тўхтатилиши хизматларни узди, айрим ҳолларда эса одамларни даволаниш ёки шифохонага етиб бориш имконидан маҳрум қилди.

Қурбонларнинг аниқ сони баҳсли. Уларнинг мавжудлиги эса баҳсли эмас.

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 261

Барчаси

Мавзуга оид

USAID ёпилиши нечта одамнинг умрига зомин бўлди? | Vaqt.uz