Валюта савдоси: ўзбекистонликлар банкларга кўпроқ доллар сотмоқда

Бугун 12:552 дақиқа

2026-йил январ–феврал ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида аҳоли фаоллиги сезиларли даражада ошгани кузатилди. Одамлар банкларга сотиб олишдан кўра кўпроқ доллар сотмоқда.

Валюта савдоси: ўзбекистонликлар банкларга кўпроқ доллар сотмоқда

2026-йил январ–феврал ойларида аҳоли томонидан банкларга сотилган валюта ҳажми 3,9 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 2,1 млрд доллар бўлган. Шу тариқа, икки йил ичида аҳоли томонидан валюта сотиш ҳажми қарийб икки бараварга яқин ошгани кузатилмоқда. Ўтган йилда эса 2 млрд 651 млн долларга натижа қайд этилганди.

Шу билан бирга, аҳолининг валюта хариди ҳам ўсиш динамикасини намоён этган. Жумладан, 2024 йилда харид ҳажми 1,4 млрд доллар бўлган, 2025 йилда 1,6 млрд, 2026 йилда 2 млрд долларгача етган. Бу аҳолида валюта операцияларига бўлган фаоллик ортиб бораётганини кўрсатади.

Аҳоли томонидан валюта сотиш ҳажмининг ошишини мамлакатга кириб келаётган халқаро пул ўтказмалари ўсиши билан изоҳлаш мумкин. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 18,9 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020 йилдаги 6 млрд долларга нисбатан қарийб уч бараварга кўпайгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу динамика аҳоли қўлидаги хорижий валюта таклифининг ортишига олиб келиб, банклар орқали валюта сотиш ҳажмининг ўсишига хизмат қилмоқда.

Юридик шахсларда валютага талаб юқори даражада

Юридик шахслар кесимида эса вазият бошқача. 2026 йилда компаниялар томонидан банклардан 7,45 млрд доллар миқдорида валюта харид қилинган бўлса, сотув ҳажми 4,06 млрд долларни ташкил этган. Натижада, юридик шахслар бўйича манфий сальдо 3,38 млрд доллар даражасида сақланиб қолмоқда.

Бу ҳолат иқтисодиётда импортга бўлган талаб юқори эканини англатиши мумкин. Чунки юридик шахслар асосан хорижий валютага импорт операциялари учун эҳтиёж сезади.

1

Валюта курси динамикаси

Валюта курси динамикасида ҳам маълум ўзгаришлар қайд этилган. 2025 йил бошида доллар курси 12 920 сўм атрофида шаклланган бўлса, йил давомида пасайиш тенденцияси кузатилиб, куз ойларида 12 000 сўмдан паст даражаларгача тушган.

2026 йил январ–феврал ойларида эса курс нисбатан барқарор диапазонда — 12 025–12 136 сўм оралиғида шаклланган. Бироқ бозордаги тебранувчанлик ошгани кузатилди.

Хусусан, икки томонлама ўртача тебранувчанлик 32,1 сўмни ёки 0,27 фоизни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги 12,3 сўм (0,09 фоиз) кўрсаткичига нисбатан анча юқори.

2

Теглар

Мавзуга оид