Logo

Халқаро молия институтлари Ўзбекистондаги йўлларни таъмирлашни бошлайди

Бугун 12:053 дақиқа

Сўнгги ўн йилда йўл соҳасига 80 трлн сўм ажратилиб, 7 минг километр йўл қайта қурилди, 125 минг километр йўл таъмирланди. Йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш, соҳага 20 млрд доллар маблағ олиб кириш имконияти мавжудлиги айтилмоқда. Ҳозирда умумий қиймати 5,6 млрд доллар бўлган, жами 593 километрлик пулли йўлларни қуриш бўйича 5 та лойиҳага киришилган.

Халқаро молия институтлари Ўзбекистондаги йўлларни таъмирлашни бошлайди © wikipedia.uz

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистонда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 6,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилаётганини айтди. Бу ҳақда у Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт марказида транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

Яқинда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Урганч – Тупроққалъа йўли бўйича лойиҳага старт берилди. 2027 йилда Жаҳон банки билан М-41 йўлининг Сурхондарё вилоятидаги 97 километр қисмини, Осиё тараққиёт банки билан А-380 йўлининг Қашқадарёдаги 100 километр қисмини реконструкция қилиш бошланади. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки билан А-373 йўлининг Сирдарёдаги 37 километр қисмини, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан эса М-37 йўлининг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги 69 километр қисмини реконструкция қилишга киришилади.

Сўнгги йилларда мамлакатда йўл қурилиши бўйича малакали мутахассислар, йирик маҳаллий пудратчи ва муҳандислик-консалтинг компаниялари шакллангани, замонавий техника билан таъминлаш борасида ҳам катта имкониятлар яратилгани таъкидланди.

Халқаро молия институтларига маҳаллий мутахассисларни дунё миқёсидаги йирик лойиҳаларга муҳандис-маслаҳатчи сифатида жалб қилиш, йўл қурилишида тажриба орттирган компанияларимизни хорижий тендерларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Давлат раҳбари иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига мос равишда транспорт тизимини ҳам ривожлантириш, соҳага катта ҳажмда инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, аниқ натижаларга эришиш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги ўн йилда йўл соҳасига 80 триллион сўм ажратилиб, 7 минг километр йўл қайта қурилди, 125 минг километр йўл таъмирланди. Йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш, соҳага 20 миллиард доллар маблағ олиб кириш имконияти мавжуд.

Ҳозирда умумий қиймати 5,6 миллиард доллар бўлган, жами 593 километрлик пулли йўлларни қуриш бўйича 5 та лойиҳага киришилган. Тошкент – Самарқанд йўналишида 2,2 миллиард долларлик йўл қурилиши бошланган, Тошкент – Ангрен йўналишидаги 1,6 миллиард долларлик лойиҳа бўйича тендер жараёнлари якунига етмоқда.

Мутасаддиларга Тошкент – Чорвоқ, Самарқанд – Бухоро йўналишлари ва Тахтақорача довонидаги йўллар бўйича жами 1,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини якунлаб, инвесторларга тақдим этиш топширилди.

Йўл ва кўприклар қурилишига тадбиркорларни кенг жалб қилиш бўйича янги имкониятлар яратилади. Ҳозирга қадар ҳудудларда умумий қиймати 4 миллиард долларлик 131 та лойиҳа таклифи тайёрланган.
Ҳокимларга бир ой муддатда ҳар бир ҳудудда 1–2 тадан йўл ва кўприкни белгилаб, уларни қуриш, сақлаш ва бошқариш шарти билан инвесторларга таклиф этишни бошлаш топширилди.

Бундай лойиҳалар хусусий секторга техник-иқтисодий асослари билан бирга тайёр пакет шаклида тақдим этилади. Йўллар бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам инвесторларнинг ўзларига берилади. Бу каби лойиҳалар ҳар бир туманда бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобиль йўли қурилиши ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид