add

Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми рекорд даражага етди

2025 йил якунларига кўра, электротехника ва машинасозлик экспорти драйверга айланган.

Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми рекорд даражага етди

2025 йилда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги товар айланмаси 106,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич йиллик ҳисобда 12 фоизга ўсган бўлиб, сўнгги беш йил давомида ижобий динамика узлуксиз сақланиб келаётганини кўрсатади. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлигига таяниб, «Синхуа» хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур натижа тарихда илк бор Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми 100 миллиард доллардан ошганини англатади. Шунингдек, 2025 йилда Хитой Марказий Осиё мамлакатлари учун энг йирик савдо ҳамкорига айланган.

Экспорт ҳажми юқори технологиялар ҳисобига ўсди

Қайд этилишича, ўтган йил давомида Хитойнинг Марказий Осиёга экспорти 71,2 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатаб 11 фоизга ўсган. Экспорт ҳажмининг ортишига асосан электротехника, машинасозлик ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар етказиб беришнинг кўпайиши туртки бўлган. Марказий Осиёдан Хитойга импорт эса 35,1 миллиард долларни ташкил этиб, 14 фоизга ўсган.

Электрон тижорат ва логистикада ўсиш

Шу билан бирга, чегаралараро электрон тижорат соҳасида ҳам юқори суръатда ўсиш кузатилган. Омбор ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, трансчегаравий тўлов тизимлари бўйича ҳамкорлик фаол равишда кенгайган.

Хитой Савдо вазирлиги келгусида савдо тузилмасини янада оптималлаштириш, янги бизнес шаклларини ривожлантириш ва юқори даражадаги институционал механизмларни яратишни қўллаб-қувватлашни режалаштираётганини маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид