add

Хитойлик инвесторлар Ўзбекистонда бир йилда 1500 та компания очди. Бу — рекорд

16.12.2025 | 14:553712 дақиқа

Ўзбекистонда Хитой компаниялари сони сезиларли ўсиб бормоқда: айни пайтда 4873 та Хитой компаниялари фаолият олиб боряпти. Иккинчи ўриндаги Россия (3209 та) катта фарқ билан ортда. Хитой бошқа иқтисодий йўналишларда ҳам етакчи.

Хитойлик инвесторлар Ўзбекистонда бир йилда 1500 та компания очди. Бу — рекорд

Дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида бўлгани каби, Хитой Ўзбекистоннинг ҳам асосий иқтисодий ҳамкорига айланиб олди.

2025 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида 17 900 та компания фаолият олиб бормоқда.

Уларнинг камида тўртдан бири ёки 4873 таси Хитой инвестицияси орқали ташкил қилинган. Кейинги ўринларда Россия (3209) ва Туркия (2109) бормоқда.

 

Xitoy comp 01

Stat.uz маълумотлари асосида Vaqt.uz инфографикаси

 

Сўнгги бир йил ичида хитойлик инвесторлар Ўзбекистон ҳудудида жами 1501 та компания очди. Бу мутлақо рекорд кўрсаткич. Иккинчи ўриндаги Туркия охирги бир йилда 200 та ҳам компания очмаган.

Хитой ҳар доим ҳам хорижий корхоналар сони бўйича етакчи бўлмаган. 2022 йилларда Россия ва Туркия бу кўрсаткич бўйича олдинда эди. Бироқ, сўнгги йилларда Хитой катта фарқ билан бошқалардан ўтиб кетишга эришди.

2023 йилда Хитой иқтисодиёти пандемиядан сўнг ниҳоят тикланиши кутилганди. Аммо иқтисодий ўсиш бўйича ўта ижобий кутилмалар ўзини оқламади.

Хитойлик маҳаллий инвесторлар эса бундай иқтисодий вазиятда потенциал ташқи бозорларни қидира бошлади ва улардан бири Ўзбекистон бўлди. Ривожланаётган ва ҳали кўп жиҳатдан тўйинмаган бозор хитойлик инвесторлар учун жозибадор бўлиб чиқди.

 

Хитой ҳамма ерда

Ўзбекистоннинг бошқа асосий иқтисодий тармоқларида ҳам Хитой етакчи бўлиб турибди. Ташқи савдо бўйича бир неча йил аввал Россия ортда қолдирилди.

Россия-Украина ўртасидаги урушдан сўнг, Хитой вазиятдан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланиб олди. 2025 йилнинг 10 ойида Хитой билан ташқи савдо 13,1 млрд долларни ташкил қилган бўлса, Россия билан бу кўрсаткич 10,6 млрд доллар бўлди.

Хорижий инвестициялар бўйича ҳам Хитой яққол етакчи. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга четдан кириб келган инвестициялар ва кредитларнинг 36,2 фоизи Хитой ҳисобига тўғри келди. Иккинчи ўриндаги Россиянинг улуши атига 8,4 фоиз.

Давлат ташқи қарзида ҳам давлатлар кесимида Хитой биринчи ўринда туради — 3,7 млрд доллар. Иккинчи ўриндаги Япониядан Ўзбекистонни 3,1 млрд доллар қарзи бор.

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 4

Барчаси

Мавзуга оид