Хитойлик ишбилармонлар Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик қилмоқчи
07.07.2025 | 16:003 дақиқа
Чжэцзян провинцияси компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини тежаш соҳаларида ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Ушбу ташаббус икки давлат ўртасидаги инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлаши мумкин. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Шанхайдаги бош консулхонаси ташаббуси билан Чжэцзян провинцияси расмийлари ва бизнес тузилмалари иштирокида бизнес-симпозиум ташкил этилди. Ушбу тадбирда икки томонлама инвестиция имкониятлари, савдо-иқтисодий ва туризм салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказилди
.
Чжэцзян провинцияси саноати, «яшил» энергетика, энергияни тежаш ва янги материаллар ишлаб чиқариш соҳасида ривожланаётган ҳудуд сифатида эътироф этилди. Хитойлик ишбилармонлар, айниқса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва сувни тежаш соҳаларида лойиҳалар амалга оширишга қизиқиш билдирган.
Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистонда фаолият юритувчи «Holley Group» компанияси вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Улар Хитой бизнеси учун Ўзбекистонда яратилган шароитлар ижобий эканини алоҳида қайд этишди.
Йиғилиш якунида Чжэцзян провинцияси компаниялари вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга бизнес сафари ташкил этилиши бўйича келишувга эришилди. Ушбу ташриф икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириши кутилмоқда.





