Хоразмдаги барча давлат боғчалари вақтинча ёпилди
14 июлдан бошлаб вилоятда ҳаво ҳарорати 44–45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
© sputnikХоразм вилоятида кутилаётган аномал иссиқ об-ҳаво муносабати билан барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 14 июлдан бошлаб вилоятда ҳаво ҳарорати 44–45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Шу муносабат билан, Хоразм вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси тавсиясига асосан, мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида 2026 йил 14–17 июль кунлари вилоятдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади.
Давлат боғчалари фаолияти 2026 йил 20 июлдан одатий тартибда қайта тикланади.
Масъуллар ота-оналардан ушбу вақтинчалик чекловни фарзандлар саломатлигини асрашга қаратилган профилактик чора сифатида қабул қилишни ҳамда жазирама кунларда болаларнинг соғлиғига алоҳида эътибор қаратишни сўради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистоннинг қатор шаҳар ва туманларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бир неча кунга фаолиятини тўхтатиши хабар қилинганди. Бу қарор болаларни экстремал иссиқнинг салбий асраш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Боғчалар фаолиятини вақтинча тўхтатиш санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосалари ҳамда тавсиялари асосида амалга оширилади.





