
Хусусий сектордаги аёлларга ҳам «декрет» пули давлат томонидан тўланади
2026 йилдан бошлаб хусусий компанияларда ишлайдиган аёллар ҳам ҳомиладорлик нафақасини давлатдан олади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 октабр куни ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Тақдимотда хусусий секторда фаолият юритувчи ишчилар, айниқса аёллар учун ижтимоий нафақаларнинг тўланмаслиги бўйича мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари Ижтимоий ҳимоя жамғармаси орқали молиялаштирилади. Шунингдек, 2026 йил иккинчи ярмидан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик варақаси) бўйича нафақалар ҳам жамғарма ҳисобидан тўланиши йўлга қўйилади.
Янги тизим Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига мос ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади — аёллар ва ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, расмий иш жойларини кўпайтириш ҳамда суғурта тизимининг шаффофлигини таъминлашдан иборат.
Маълумот учун, ҳозиргача ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари фақат давлат ташкилотларида ишлайдиганларга тўлаб келинган. 2010 йилда мазкур тўловлар давлат бюджети харажатларини қисқартириш мақсадида иш берувчилар зиммасига юкланган эди. Бу амалиёт хусусий компаниялар учун ортиқча молиявий юк бўлиб, кўплаб аёлларни норасмий меҳнат муносабатларига мажбур қилган.
2022 йил 1 сентабрдан бошлаб хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақаси чекланган миқдорда — минимал истеъмол харажатларининг тўрт бараварига тенг суммада — давлат томонидан тўлаб берила бошланган эди.





