
Япония ядровий сиёсатини ўзгартириши мумкин
Япония Бош вазири давлат сиёсатининг ядровий қуролдан воз кечиш бўйича уч тамойилини қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Мамлакат ўзини учта ядровий давлат (Хитой, Россия, Шимолий Корея) қуршовида қолган деб ҳисоблаяпти.

Япония Бош вазири Санаэ Такаити 1967 йилда қабул қилинган давлат сиёсатининг ядровий бўлмаган учта тамойилини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Бу ҳақда Mainichi газетаси хабар берди. Тамойиллар Японияга ядро қуролини эгаллаш, ишлаб чиқариш ва ўз ҳудудида жойлаштиришни тақиқлайди.
Такаитининг фикрича, ядро қуролини олиб киришни тақиқлаш АҚШнинг тийиб турувчи салоҳиятини заифлаштириб қўймоқда. Ҳозирда Вашингтон Япониядаги Америка ҳарбий базаларига ёки Япония портларига кирадиган кемаларга ядровий қурол-аслаҳаларни жойлаштира олмаяпти.
Ушбу мавзу Такаити раҳбарлигидаги ҳукмрон Либерал-демократик партия ичида ва коалиция ҳамкорлари билан муҳокама қилинади. Маслаҳатлашувлар кейинги ҳафтадан бошланади. Агар томонлар ягона нуқтаи назарга келишса, бу ҳукуматга расмий тавсия сифатида расмийлаштирилади. Якуний қарорни бош вазир қабул қилади.
11 ноябр куни Такаити парламентда сўзга чиқди. У «Япония ядровий бўлмаган учта тамойилга содиқлигини сақлаб қоладим?», деган саволга тўғридан-тўғри жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Унинг айтишича, «ҳозир бундай ваъдалар берадиган пайт эмас» ва «Хитойнинг Тайванга ҳужуми» Япониянинг омон қолишига таҳдид соладиган вазиятга айланиши мумкин. Бундай ҳолатда Токио жамоавий мудофаа ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу сўзлар Пекиннинг кескин эътирозига сабаб бўлди.
Илгари Такаити Япония хавфсизлиги АҚШга боғлиқ бўлса, ҳукумат ядро сиёсати бўйича мавжуд чекловларни «атрофлича муҳокама қилиши» кераклигини айтган эди.
Кремл 21 октябрда янги бош вазир сайланганидан сўнг Токионинг позициясидан хавотирга тушганини билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Такаитининг баёнотларини диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлади.
Япония миллий хавфсизлик стратегиясининг сўнгги янгиланиши 2022 йил 16 декабрда амалга оширилди. Ҳужжат мамлакатнинг потенциал душман ҳудудидаги нишонларга қарши зарба бериш ҳуқуқини мустаҳкамлади. Япония «Тип-12» ракеталарининг узоқлигини ошириш, ўзининг гипертовушли қуролларини ишлаб чиқиш ва АҚШнинг Tomahawk қанотли ракеталарини харид қилишни режалаштирмоқда.
Стратегияда мудофаа харажатларини 2027 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига етказиш кўзда тутилган. Такаитининг таъкидлашича, бу мақсад муддатидан олдин амалга оширилади.
Август ойида парламент депутати ва ҳукмрон партиянинг миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси Руи Мацукава Япония ядро қуроли яратиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, мамлакат урушдан кейинги тарихда биринчи марта учта ядровий давлат — Россия, Хитой ва Шимолий Корея қуршовида қолди.
Шунингдек, у АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг иттифоқчилардан кўпроқ мустақилликни талаб қилувчи сиёсати ўз мудофаасини кучайтириш зарурлиги ҳақидаги мунозараларни кучайтириб юборганини қайд этди.





