Яшил энергия нефт даврини енгяптими? Янги инқироз дунёни ўзгартирмоқда

Бугун 14:215 дақиқа

Эрон билан боғлиқ уруш ортидан юзага келган янги энергетик инқироз нефт ва газга қарамликни яна бир бор савол остига қўйди. Дунё давлатлари қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишни тезлаштирар экан, электромобиллар ва қуёш энергияси глобал бозорда ҳал қилувчи омилга айланмоқда.

Яшил энергия нефт даврини енгяптими? Янги инқироз дунёни ўзгартирмоқда

Доналд Трамп электромобилларни ёқтирмайди ва шамол турбиналарини ҳам хуш кўрмайди. У Қўшма Штатларда «яшил энергетика»ни чеклашга ҳаракат қилади ва америкалик нефтчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Аммо натижада айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли дунё миқёсида яшил келажак нефт-газ ўтмишидан устун келиши мумкин, деб ёзади «BBC».

Бунинг сабаби шундаки, Доналд Трампнинг Эрон билан уруши янги энергетик инқирозни келтириб чиқарди ва у олдингиларига қараганда ҳам каттароқ бўлиши мумкин. Ҳозирча бу инқироздан энг яхши чиқаётган давлатлар – аввалги сабоқларни, хусусан Россиянинг Украинага бостириб кириши орқали юзага келган инқироздан кейин хулоса чиқариб, электромобиллар ва қуёш энергиясига сармоя киритган мамлакатлардир.

«Яшил инқилоб»нинг етакчилари – Хитой ва Европа Иттифоқи. Хитой дунё фабрикаси бўлиб, энергия ресурслари импортига қарам ва АҚШ билан глобал иқтисодий етакчилик учун рақобатда энергетик мустақилликка интилади. Европа Иттифоқи асосий энергия таъминотчиси бўлган Россияни йўқотди. Россия эса нефт ва газ таъминотини Европа устидан сиёсий ва иқтисодий босим воситаси сифатида ишлатишга уринган.

Нефт ва газдан шамол ва қуёш каби энергия манбаларига ўтиш натижалари яққол кўринмоқда. АҚШнинг Эронга ҳужумидан кейин Европада газ нархи 30 евродан 50 евро/МВт·соатгача ошди, Россиянинг Украинага бостириб кириши пайтида эса у 300 еврога етган эди. Хитой эса нафақат нефть ва газ учун ортиқча тўламайди, балки Россиядан олинган суюлтирилган газни Японияга қиммат нархда қайта сотмоқда, чунки унда глобал инқирозга қарамай етарли энергия мавжуд.

Бунинг барчаси қайта тикланувчи манбалар – қуёш панеллари, шамол турбиналари ва гидроэлектростанциялар, шунингдек, автотранспортдаги инқилоб туфайли амалга ошмоқда.

Электромобиллар қанча нефт тежаяпти?

Хитой оммавий равишда электромобилларга ўтиб, дунёда уларнинг энг йирик экспортчисига айланди. Ўтган йили Хитойда электр автомобиллари савдоси 2021-йилга нисбатан тўрт бараварга ошди ва бутун қолган дунёдаги сотувлардан ҳам юқори бўлди.

Транспортни электрлаштириш нефт инқирози билан бевосита боғлиқ. «BloombergNEF» таҳлилчилари ҳисоб-китобига кўра, фақат электромобилларга ўтиш ҳисобига ўтган йили дунё бўйлаб кунига 2,7 млн баррел нефт тежалган. Улар прогнозига кўра, яна тўрт йил ичида бу кўрсаткич икки бараварга ошади.

Таққослаш учун: Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғози блокада қилиниши натижасида дунё урушдан олдин истеъмол қилинган 105 млн баррел нефтьдан 10–12 млн баррелни йўқотди. Бошқача айтганда, агар Эрон билан уруш Россиянинг Украинага қарши агрессияси билан бир вақтда юз берганида, танқислик янада кучли бўлар ва нархлар янада юқорига кўтарилар эди.

Бу статистикага бошқа томондан ҳам қараш мумкин: Ғарб давлатлари нефт шокини юмшатиш учун замонавий тарихда мисли кўрилмаган даражада стратегик захиралардан нефть сотишга қарор қилди. Режалаштирилган интервенциялар ҳажми – кунига тахминан 3 млн баррел, 4–5 ой давомида.

Агар электромобиллар бўлмаганида, бу ҳажмни икки бараварга оширишга тўғри келар эди, бу эса экспорт инфратузилмаси чекловлари сабабли амалий жиҳатдан имконсиз. Демак, бугун нефт нархлари янада юқори бўлар эди.

Газ билан хайрлашув

Хитой электромобилларга ўтиш ва Гоби чўлини қуёш панеллари билан қоплаш орқали энергетик хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилди, яъни Яқин Шарқдан, шунингдек, Россия, Австралия ва АҚШдан нефт импортига қарамликни камайтиришни мақсад қилди. Европа Иттифоқи ҳам худди шуни амалга ошириб, Россия нефт-газига боғлиқликдан қутулишга интилди.

Бироқ вақт ўтиши билан геосиёсий омиллар ўрнини иқтисодий манфаатлар эгаллади: қайта тикланувчи энергия манбалари арзонлашди ва янада оммалашди. Ҳатто субсидия ва дотацияларсиз ҳам шамол турбиналари, аккумуляторлар ва электромобиллар анъанавий ёқилғи ва транспорт турларига жозибадор муқобил бўлиб чиқди.

Россия сабаб бўлган 2021-2022-йиллар энергетик инқирозидан бери қуёш панеллари ва шамол турбиналари нархи 20 фоиздан ортиққа арзонлашди, уларнинг самарадорлиги эса ошди. Ҳозир уларни қуриш ва ишга тушириш кўмир, газ, гидро ва айниқса атом электростанцияларига қараганда осонроқ, тезроқ ва арзонроқ.

Дастлаб шамол ва қуёш энергияси иқлим ўзгаришига қарши кураш рамзи сифатида қаралгани учун, кўплаб давлатлар қимматга тушадиган ўтиш жараёнини шошилмай амалга оширишни маъқул кўрди ва «ифлос» кўмирдан «тоза» қуёш ва шамолга ўтишда ўтиш даври ёқилғиси сифатида табиий газдан фойдаланишни режалаштирди.

Яқин Шарқдаги янги уруш эса бу стратегияни шубҳа остига қўйди. Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпди, бу орқали Қатар жаҳон бозорига табиий газнинг тахминан 20 фоизини етказиб берар эди. Энди эса Қатар газининг собиқ истеъмолчилари яна кўмирдан фойдаланишга мажбур, чунки у маҳаллий ресурс бўлиб, импорт талаб қилмайди.

Бироқ қайта тикланувчи энергияга ўтиш бўйича умумий стратегия ўзгармади – фақат тактика ўзгарди.

«Аввалги инқирозда асосан Европа жабр кўрган эди, бу гал эса бутун дунё. Балки энди кўплаб давлатлар ўтиш даври сифатида газдан фойдаланиш босқичини ўтказиб юборар ва тўғридан-тўғри қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтар, шу билан бирга энергия балансда кўмирни сақлаб қолар», – дейди Колумбия университетидан Анна-Софи Корбо.

Ким тўлайди: ҳамма биргаликдами ёки ҳар ким алоҳида?

«Хулоса аниқ: газ генерациясини қайта тикланувчи энергия манбалари билан алмаштирган давлатлар ҳозир нефт ва газ нархлари ўсишига камроқ заиф», – деб ёзади «Bruegel» таҳлилчилари.

Бироқ «яшил» технологиялар иқтисодий жиҳатдан жозибадор бўлиши билан ҳукуматлар дотацияларни қисқартирди ва қайта тикланувчи энергияга ўтиш секинлашди.

«2022 ва 2023-йилларда газ нархлари электр энергияси нархларидан тезроқ ўсган пайтда, Европа бўйлаб иссиқлик насослари савдоси ўсди. Аммо 2024 ва 2025-йилларда ўсиш суръатлари секинлашди ва Европа комиссияси иссиқлик насосларини ўрнатиш режасини қисқартирди», – деб мисол келтиради «Bruegel».

Аммо янги муаммо – Яқин Шарқдаги уруш пайдо бўлди. Бу эса давлат қўллаб-қувватлови масаласини яна кун тартибига қайтарди.

«Ҳозирги энергетик инқироз 1970-йиллардаги нефт шокини ҳам ортида қолдириши мумкин, ўша пайтда у муқобил энергия манбаларига ўтиш учун катализатор бўлган эди. Бироқ бунинг учун ислоҳотлар зарур», – дейди Колумбия университетидан Жейсон Бордов.

Айрим давлатлар аллақачон «яшил инқилоб»даги ортда қолишни қоплаш учун муайян ислоҳотларга ўхшаш чораларни эълон қилди. Масалан, Британияда шу пайтгача Германия, Непал ва бошқа давлатларда эркин сотиладиган кўчма қуёш панеллари тақиқланган эди. Бундай панелни балконга ёки томга ўрнатиб, уй розеткасига улаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ва тармоққа тушадиган юкни камайтириш мумкин.

Фақат энди, Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб, нефт ва газ нархлари кескин ошгач, Британия ҳукуматлари ҳаракатга келди. Улар тақиқни бекор қилишни ва супермаркетлар билан келишиб, кўчма қуёш панелларини олиб келиб сотишни режалаштирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид