
ЕМБ Европа банкларини доллар танқислигига тайёргарликка чақирди
Европа Марказий банки евроҳудудда долларда катта операциялар юритувчи банклар ликвидликни ошириши ва эҳтимолий хавфлардан ҳимоя учун қўшимча капитал тўсиқлари яратишини талаб қилмоқда.

Европа Марказий банки (ЕМБ) евроҳудудда долларда йирик ҳажмда фаолият юритаётган банклардан ликвидлик заҳираларини ошириш ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча капитал тўсиқлари шакллантиришни сўради. Бу ҳақда Politico нашри хабар бермоқда.
Европа МБнинг олти ойлик молиявий барқарорлик ҳисоботида доллар бозорларидаги операциялар Европа иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши қайд этилган. Хусусан, доллар билан боғлиқ операциялар кўплаб банк хизматлари ва капитал бозорлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳисоботда банкларни иқтисодий шокларга чидамли қилиш мақсадида доллар ликвидлигини ошириш талаб этилади. ЕМБнинг таъкидлашича, курслардаги кескин тебранишлар ёки қарздорларнинг дефолт хавфи ортиб бориши шароитида банклар капитал заҳираларини кучайтириши зарур.
«Валюталарда юқори тебранишлар шароитида контрагент хавфини камайтириш учун қўшимча капитал тўплашга тўғри келиши мумкин», дейилади ҳисоботда.
ЕМБ банкларни ликвид доллар активларини оширишга чақирди. Бу банкларга молиявий стресс даврларида чиқимларни қоплаш ва бозорда барқарорликни сақлаш имконини беради. Шунингдек, ҳисоботда қайд этилишича, стрессли вазиятларда банклар учун валютали свопларни узайтириш қийинлашиши мумкин. Баъзи банклар бозордаги фаолликни ушлаб қолиш учун қўшимча доллар молиялаштиришга муҳтож бўлиши эҳтимолга яқин.
Француз регулятори вакиллари аллақачон Европани юанни илгари суриб, савдо муносабатларини тобора мустаҳкамлаб бораётган «Хитойдан ўрнак олиш»га очиқчасига чақирмоқда.
Европа Марказий банки маълумотларига кўра, евроҳудуд банклари ўтган йил якунида долларда 681 млрд евро қийматида қимматли қоғозларга эга бўлган. Шу билан бирга, доллардаги жами кредит портфели 712 млрд еврога етган.
ЕМБнинг сўнгги ойларда доллар хавфлари юзасидан огоҳлантиришлари кучайган. Бу жараён АҚШ президенти Доналд Трампнинг апрель ойида жорий этган божхона тарифлари ва ФЗТ мустақиллигига босимлар туфайли долларнинг ишончли актив сифатидаги мавқеи сўрала бошлагани ортидан янада тезлашди.
Янги тавсиялар евроҳудуд банклари доллардаги позицияларини эҳтиёткорлик билан бошқариши, хавфларни камайтириши ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлаши учун амалий йўриқнома вазифасини бажаради.





