Logo

Ер участкаларини бозор активига айлантиришга оид қонун Сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ер участкаларини бозор активига айлантириш ва ижара ҳуқуқидан гаров сифатида фойдаланишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Ер участкаларини бозор активига айлантиришга оид қонун Сенатга юборилди © vaqt.uz

Кеча, 14 июл куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ер қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди ва Сенатга юборди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати маълум қилди.

Янги тартиб

Ҳужжат билан ер участкаларини бозор активига айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларидаги ваколатларини аниқлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ерларни бериш шартлари белгиланмоқда.

Шунингдек, ер участкаларини бирлаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг олдини олишга қаратилган нормалар мустаҳкамланди. Қонун лойиҳасида солиққа тортилмайдиган даромадларни белгилашда фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни қопланмаслигига доир қўшимча ҳолатлар кенгайтирилди.

Маълумот учун, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда июн ойида кўриб чиқилган эди. Унда қишлоқ хўжалиги ерларига ижара ҳуқуқидан лизинг, ипотека ёки банк кафолатлари олишда гаров сифатида кенгроқ фойдаланиш, шунингдек, ижарага олинган ерни иккиламчи ижарага (субаренда) бериш каби муҳим жиҳатлар акс этган.

Теглар

Мавзуга оид