Ер «юраги»даги сирли тебранишлар: у инсон миясига таъсир қиляптими?

21.02.2026 | 21:092 дақиқа

Феврал ойида «Шуман резонанси» кўрсаткичлари ошгани қайд этилди. Айримлар бу ҳолатни қулоқ шангиллаши ва чарчоқ билан боғламоқда, аммо фан ҳали қатъий хулоса чиқармаган.

Ер «юраги»даги сирли тебранишлар: у инсон миясига таъсир қиляптими?

«Daily Mail» нашри Ернинг табиий электромагнит тебранишлари — «Шуман резонанси» сўнгги ҳафталарда ноодатий кучайишларни бошдан кечиргани ҳақида хабар қилди. Маълумотлар космик фаолликни кузатувчи «MeteoAgent» сервисига асосланган.

«Шуман резонанси» Ер юзаси ва ионосфера орасида чақмоқлар таъсирида ҳосил бўладиган электромагнит тўлқинлар билан шаклланади. Асосий частота одатда 7,83 Hz атрофида тебранади. Айрим тадқиқотчилар бу частоталар инсон мияси тўлқинлари — айниқса уйқу ва дам олишга боғлиқ тета-тўлқинлар билан мос тушиши мумкинлигини илгари сурмоқда. Бироқ асосий илм-фан бу даъволарни ҳали тасдиқламаган.

Интернетда резонанс кучайиши билан қулоқ шанғиллаши, мушаклар таранглиги, чарчоқ ва онг туманлашиши каби аломатлар ўртасида боғлиқлик ҳақида хабарлар учраётгани айтилмоқда.

Илмий баҳслар давом этмоқда

Мутахассислар эса бундай хулосалар етарли клиник далиллар билан тасдиқланмаганини таъкидламоқда. Тиббиёт ходимлари инсон саломатлигига таъсир ҳақидаги иддаоларни эҳтиёткорлик билан қабул қилишга чақирган. Резонанс кўрсаткичларидаги ўзгаришлар табиий геофизик жараёнлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мутахассислар геомагнит фаолликни К индекси орқали кузатади. У 0 дан 9 гача шкалада баҳоланади: 5 дан юқори кўрсаткич геомагнит бўрон ҳисобланади. Жорий ойда тўрт кун давомида индекс 5,0 дан ошган.

Қуёш чақнаши ва магнит бўронлари Ер магнит майдонини издан чиқариши мумкин. Бу ҳолат ионосфера электр ўтказувчанлигига таъсир қилиб, резонанс тебранишларини кучайтириши эҳтимол. Айрим интернет хабарларида қулоқ шанғиллаши, мушаклар таранглашуви, чарчоқ ва онг туманлашиши каби аломатлар шу сакрашлар билан боғланмоқда. Бироқ шифокорлар бундай иддаоларни ишончли клиник далиллар тасдиқламаганини таъкидламоқда.

Пайшанба куни эса кўрсаткич 3,7 даражага тушгани хабар қилинди.

Мия тўлқинлари ва реаллик

Одам уйқуга кетиш ёки тинчланишга ҳаракат қилганда, мия одатда секундига 4–8 Hz частотадаги секин тета-тўлқинларни ҳосил қилади. Айрим тадқиқотчилар резонанс частоталари билан ушбу диапазон ўртасида ўхшашлик борлигини айтса-да, илмий консенсус мавжуд эмас.

Кучли космик об-ҳаво нафақат инсон саломатлигига оид баҳсларни, балки инфратузилма хавфини ҳам кун тартибига олиб чиқади. Йирик магнит бўронлари сунъий йўлдошлар, электр тармоқлари ва алоқа тизимларига таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли мутахассислар резонанс сакрашларини эҳтиёткорлик билан таҳлил қилишга чақирмоқда.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай параллеллар илмий жиҳатдан тўлиқ исботланмаган. Геофизик фаоллик ва инсон организми ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам кенг кўламли тадқиқотларни талаб этади. Шу сабабли, ҳозирча «Шуман резонанси» кучайиши билан инсон саломатлиги ўртасида аниқ сабаб-оқибат боғлиқлиги ҳақида хулоса қилиш эрта ҳисобланади.

Теглар

Мавзуга оид