
Европарламент болаларнинг ижтимоий тармоқларга кириш ёшини чеклашни таклиф қилди
Европарламент ўсмирларда кучайиб бораётган руҳий саломатлик муаммоларига қарши кураш мақсадида тармоқларга кириш учун ягона ёш чекловини жорий этишни талаб қилмоқда.

Европарламент болаларнинг ижтимоий тармоқларга кириши бўйича минимал ёш белгиланиши зарурлигини эълон қилди. Reuters хабар беришича, ташаббус ўсмирлар орасида ортиб бораётган руҳий касалликлар ва хавфли электрон муҳит таъсирини камайтиришга қаратилган. Қарор мажбурий бўлмасада, уни 483 депутат қўллаб-қувватлаган.
Парламент 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий платформалар, видео алмашиш сайтлари ва сунъий интеллект ёрдамчиларига фақат ота-оналар розилиги билан киришини таклиф қилмоқда. 13 ёшдан кичикларга эса тўлиқ тақиқ жорий этиш таклиф қилинган. Бу уриниш аввалроқ Австралия, Дания ва Малайзияда 16 ёшгача бўлганларга қўлланилиши кутилаётган эди.
Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам аввал 15 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш ғоясини қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ ЕИда ёш чекловларини белгилаш ваколати миллий давлатлар ихтиёрида бўлгани учун уни амалга ошириш тартиби ҳали очиқ қолмоқда.
Ташаббус муаллифи — даниялик депутат Christel Schaldemose— парламентдаги муҳокама чоғида болаларнинг диққати америкалик ва хитойлик техногигантлар томонидан «назоратсиз эксперимент» айланиб қолганини таъкидлади.
«Ушбу «эксперимент» ортида X раҳбари Илон Маск, Meta раҳбари Марк Цукерберг, Хитой Коммунистик партияси ва уларнинг TikTok’даги технологиявий воситачилари турибди».
Дунёда ижтимоий тармоқларнинг болалар руҳиятига таъсири борасида хавотир ошиб бормоқда. TikTok, Snapchat, Google ва Meta каби компаниялар АҚШда ўсмирлар саломатлигига зарар етказгани учун айбланаётган суд ишларига дуч келган.
Европарламент резолюцияси болалар учун лутбокслар — ҳақиқий пулга сотиб олинадиган виртуал тўпламларни тақиқлаш, алгоритмлар болаларга фақат айнан ёшига мос контент тавсия қилиши, шунингдек, болаларга мос сайтлар яратиш бўйича қонунчиликни кучайтиришни ҳам таклиф этди.





