Logo

Ёқилғисиз ва қуролсиз: Украинанинг янги дронлар стратегияси Россия таъминот тизимини қандай вайрон қилмоқда?

«Deep State» таҳлилий гуруҳига кўра, Киев босиб олинган жанубий ҳудудлар, хусусан, Қрим орқали ўтадиган барча ҳаракатларни тўлиқ назорат остига олиш арафасида турибди. Бу эса жанубдаги Россия армиясини таъминотдан бутунлай узиб, уларни ҳалокатли қамал гирдобига ташлайди.

Ёқилғисиз ва қуролсиз: Украинанинг янги дронлар стратегияси Россия таъминот тизимини қандай вайрон қилмоқда? © Reuters

Украинанинг ўрта масофага учувчи янги авлод дронлари жанубий фронтга элитувчи Россия ҳарбий таъминот йўлларини фалаж қилмоқда. Ушбу қурилмалар кўприклар, поездлар ва ёқилғи ташувчи машиналарга зарба бермоқда. CNN нашрининг ёзишича, бу Киевга Москванинг ёзги ҳужум режаларини чиппакка чиқариш имконини беряпти.

Россиянинг ёқилғи танкерлари, юк машиналари ва бошқа транспорт воситаларига 150 га яқин зарба берилган. Ушбу ҳужумлар акс этган видео ва суратларни франциялик таҳлилчи Клемент Молин, кўнгиллилардан иборат «GeoConfirmed» гуруҳи ҳамда «CNN» телеканалининг очиқ манбалар бўйича таҳлилий (OSINT) жамоаси геолокация орқали тасдиқлаб, ўрганиб чиққан.

Зарбаларнинг аксарияти май ойининг бошидан бери амалга оширилган бўлиб, бундан ташқари, порт иншоотлари ва кемалар каби бошқа нишонларга ҳам ҳужумлар сони кескин кўпайган.

Парвоз масофаси 50 дан 300 километргача бўлган ва тўлиқ Украинада ишлаб чиқарилган ушбу дронлар Россия армиясининг логистикасини бўғиб қўйишга мўлжалланган. Бу эса, урушнинг бешинчи йили давом этаётган бир пайтда, Украинанинг ҳарбий стратегиясини янги даражага олиб чиқмоқда.

Янги ишлаб чиқилган қурилмалар орасида «FP-2» ва «Behemoth» дронлари бор. Уларнинг крейсер тезлиги соатига 180 километрни ташкил қилади ва 70 килограммгача бўлган жанговар каллакларни таший олади.

«Украиналиклар Қримни асосий таъминот йўлларидан узиб қўйиш ва бутун фронт чизиғи бўйлаб Россиянинг логистик ҳолатини мураккаблаштириш мақсадида кенг кўламли дронлар ҳужумини бошлаш имконига эга бўлди», — деди Молин «CNN» билан суҳбатда.

Украинанинг дрон амалиётларини бошқарувчи ҳарбий тармоғи — Учувчисиз тизимлар кучларининг маълум қилишича, ўтган бир йил ичида ўрта масофага зарба бериш миссиялари сони 28 баробарга ошган.

Баёнотда таъкидланишича, бундан кўзланган асосий мақсад — Россиянинг ҳужум салоҳиятини пасайтириш ва душман кучлари учун ўтиб бўлмас логистика ҳамда таъминот муаммоларини яратишдир. Шунингдек, узоқроқ масофага учувчи Украина дронларига «йўлаклар» очиш мақсадида босиб олинган ҳудудлардаги Россия ҳаво мудофаа тизимларини йўқ қилиш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Дрон зарбалари Россия ва босиб олинган Украина ҳудудлари ўртасидаги бир нечта йўналишлардан фойдаланишни ўта хавфли қилиб қўйган. Бунинг занжирли оқибати жанубий Украинадаги Россия қўшинлари учун ёқилғи ва ўқ-дорилар тақчиллигида намоён бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Россия президенти Владимир Путиннинг урушдаги мақсадларини янада издан чиқармоқда.

Геолокация орқали тасдиқланган видеоларга кўра, урушнинг илк кунлариданоқ Россия кучлари томонидан босиб олинган Мелитопол шаҳри ва Қрим ўртасидаги автомобил йўли ёниб кетган юк машиналари ҳамда танкерлар билан тўлиб тошган. Қримнинг ўзида ҳам доимий ёқилғи тақчиллиги кузатилмоқда.

«Futura Doctrina» блоги муаллифи, Австралия армиясининг собиқ катта офицери ва таҳлилчи Мик Райаннинг сўзларига кўра, Украина дронлари соҳил бўйлаб Қримга олиб борувчи учта автомобил йўлини ҳаводан назоратга олган.

«Ёқилғи танкерлари ва юк машиналари мунтазам равишда ёқиб юборилмоқда. Ярим оролни материк билан боғловчи бўғинлар бирин-кетин узилмоқда», — дея тан олади россиялик ҳарбий блогерлардан бири.

Кенгайтирилган «ўлим зоналари»

Украина Мудофаа вазири Михаил Федоров буни «логистик қамал» деб атади. Унинг таъкидлашича, бундан мақсад — фронт чизиғидан анча узоқда «Россиянинг имкониятларини тизимли равишда йўқ қилиш» ва «уларни фаол ҳужум операциялари ўтказиш қобилиятидан маҳрум қилиш»дир.

«Душман энди туташув чизиғидан анча узоқ масофада ҳам ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди», — деган эди Федоров ўтган ойда.

Молиннинг тадқиқотлари ушбу стратегия иш бераётганини кўрсатмоқда.

Таҳлилчи фронт чизиғидан 300 километргача узоқликда берилган юзлаб Украина зарбалари харитасини тузиб чиқди. Шундан сўнг у Украина «ўлим зонаси»нинг қамровини қайта белгилаб берганини таъкидлади.

«Асосий йўналишлар бўйлаб учадиган ва Россия логистикасини, айниқса, ҳарбий техника ҳамда ёқилғи ташувчи юк машиналарини нишонга олувчи камикадзе-дронлар (дайди ўқ-дорилар) ҳам юқори самарадорлик кўрсатмоқда», — деди Молин.

Унинг қўшимча қилишича, 2026 йилнинг январ ойидан бери 20 та поезд нишонга олинган бўлиб, уларнинг аксарияти бутун фронт бўйлаб ҳаракатланаётган ёқилғи ташувчи поездлардир.

Бошқа тадқиқотчилар ҳам худди шундай тенденцияни кузатмоқда.

Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, «май ойида геолокация орқали тасдиқланган кадрлар шуни кўрсатмоқдаки, Украина кучлари Қрим ва жанубий Украинанинг бошқа ҳудудларидаги автомобил йўлларида камида 35 та Россия юк машинаси ҳамда бошқа транспорт воситаларига зарба берган».

Бунга ёрқин мисол сифатида Қримни босиб олинган Украина ҳудудлари билан боғловчи энг муҳим автомобил йўли — Чонгар қишлоғи яқинидаги кўприкдан ўтувчи йўналишни келтириш мумкин. Украинанинг дронлар бўлинмаси мазкур кўприкка бир неча бор зарба бериб, унинг йўл қопламасида ҳосил бўлган катта чуқурлар акс этган суратларни эълон қилди.

Босиб олинган Херсон вилоятидаги Россия қўллови остидаги маъмурият Чонгар ва бошқа кўприкларга шикаст етказилганини тан олди. Оқибатда транспорт қатнови бир неча бор тўхтатилиб, уларнинг ўрнига унчалик самарали бўлмаган понтон кўприклар ўрнатишга тўғри келган.

Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бу таҳдидга қарши туришда ожиздек кўринмоқда.

Украина дрон кучлари қўмондони Роберт Бровдининг сўзларига кўра, шу ойнинг ўзида, атиги икки ҳафта ичида Чонгар кўприги орқали юк ташиш ҳажми 71 фоизга камайган. Украина ҳарбийларининг таъкидлашича, бу зарбалар русларни муқобил йўналишлардан фойдаланишга мажбур қилган ва ҳарбий таъминот ортилган кўплаб юк машиналари ғарброққа буриб юборилган. Бироқ Армянск шаҳри орқали ўтувчи бу йўналишга ҳам зарба берилди.

«Ўша пайтда у ерда 50 га яқин транспорт воситаси тўпланган эди», — дейди Украинанинг 1-алоҳида штурм полки қўмондони Дмитро Филатов.

Бундай мунтазам зарбалар Россия ҳудудини Керч бўғози орқали Қрим билан боғловчи бошқа бир кўприкнинг энди янада муҳимроқ артерияга айланганини англатади.

Украинанинг ҳужумлари «Қрим логистикасини таъминлашда Керч кўпригининг аҳамиятини оширди. Тахминимча, Украина ўзида ишлаб чиқарилган дронлар ёки ракеталар ёрдамида ушбу кўприкни нишонга олишга уринади», — деб ёзади таҳлилчи Роб Ли. 2018 йилда Путин томонидан очилган Керч автомобил ва темир йўл кўприги аввал ҳам Украина ҳужумлари нишонига айланган эди.

Тақиқланган йўналишлар

Россиядан босиб олинган Украина ҳудудларига олиб борувчи айрим автомобил йўллари ўрта масофага учувчи дронлар таҳдиди сабабли ҳарбий транспорт қатнови учун ёпилди. Босиб олинган Луганскдаги Россия томонидан дастакланаётган маъмурият Белгород ва Ростов-Дон шаҳарларидан келувчи иккита автомобил йўлида транспорт ҳаракати тўхтатилганини эълон қилди. Бу йўллар ҳарбийлар ҳамда босиб олинган ҳудудларга таъминот етказишда ўта муҳим аҳамиятга эга эди.

«Сўнгги пайтларда минтақанинг транспорт инфратузилмасига ҳужумлар тез-тез содир бўлмоқда. Шунингдек, Украина Азов денгизи бўйида жойлашган стратегик ва саноат маркази — Мариупол портини ҳам нишонга олишни бошлади», — дейилади баёнотда.

Шу ой бошида порт ҳудудига бир нечта дрон зарбаси берилгани акс этган видеони эълон қилган Украина Миллий гвардиясининг таъкидлашича, порт «электр таъминотидан бутунлай узилган ва Россия қўшинларининг логистикасига жиддий путур етган».

Россиялик ҳарбий блогерлар Россия Мудофаа вазирлигининг сусткашлигидан норози бўлмоқда. Энг машҳур блогерлардан бири «Икки майор» («Два майора») шундай ёзади: «Украинанинг бу амалиётлари «жанубдаги нефтни қайта ишлаш заводларини ишдан чиқариб, ёқилғи ва логистика муаммоларини яратмоқда, энди эса душман дронлар карвони билан фуқаролик авиациясини ҳам ерга қўндирмоқда. Бундан ташқари, Россия кучлари орасида «Starlink» сунъий йўлдош алоқасининг узиб қўйилгани ҳам Украинанинг ушбу кампаниясига қўл келди».

Бироқ таҳлилчилар ва Украина ҳарбийлари орасидаги айрим шахслар бу устунлик узоққа чўзилмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, «Россия кучлари заиф бўлиб турган бир пайтда, Украина ўз ташаббусидан фойдаланиб қолиши учун ноёб ва вақт билан чекланган имкониятга эга бўлиши мумкин».

Шунга қарамай, Райаннинг фикрича, Украинанинг уч босқичли дронлар стратегияси — жанг майдонида, таъминот йўналишларига қарши ва Россия ичкарисида қўлланаётгани — «Россия кучларига босимни оширади, уларнинг ҳужум салоҳиятини пасайтиради ва келгусидаги Украина ҳужум операциялари учун жанг майдонини тайёрлаб беради».

Жанубий Украинадаги Россия кучлари бу йил аллақачон баъзи позицияларини қўлдан бой берди. Бу ҳолат қисман уларнинг таъминот йўллари шимолдагиларга қараганда кўпроқ заиф экани билан изоҳланади.

Украинанинг мустақил «Deep State» таҳлилий гуруҳига кўра, Киев босиб олинган жанубий ҳудудлар, хусусан, Қрим орқали ўтадиган барча ҳаракатларни тўлиқ назорат остига олиш арафасида турибди. Бу эса жанубдаги Россия армиясини таъминотдан бутунлай узиб, уларни ҳалокатли қамал гирдобига ташлайди.

Теглар

Мавзуга оид