«Ёвуз ниятли шахслар қўлидаги қурол»: Сунъий интеллект оммавий қирғин амалга ошириши мумкинми?
«Microsoft» асосчиси Билл Гейтс сунъий интеллект бир миллиард одамнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.

Сунъий интеллект (СИ) инсониятнинг катта қисми, хусусан, бир миллиардга яқин одамнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Microsoft» корпорацияси асосчиси Билл Гейтс маълум қилди.
«Шубҳасиз, сунъий интеллект бир миллиард одамнинг ўлимига олиб келадиган воқеаларни келтириб чиқариш учун етарли кучга эга», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди Американинг «NBC News» телеканали.
Гейтс бу фикрни дастурчиларнинг СИ инсониятни йўқ қилиш хавфи борлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига нисбатан билдирган.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, тарихда ҳали ҳеч қачон ёвуз ниятли шахслар қўлида энг сўнгги СИ воситаларидек қудратли қурол бўлмаган. Шу билан бирга, у бутун инсониятни йўқ қилиш «анча мураккаб» масала эканини ҳам қўшимча қилган.
Жиддий хавфлар ва СИни назоратга олиш зарурати
Технологиянинг жиддий хавф-хатарларини ҳисобга олиб, миллиардер уни қонуний тартибга солишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтонда бу бўйича тегишли қонунлар қабул қилиниши ўта муҳим. Ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари хавфсизликнинг мажбурий чораларини кўриши ҳамда ушбу технология устидан қатъий назорат ўрнатиш бўйича ўзаро келишиб олиши керак.
Бундан аввал «Anthropic» ва «OpenAI» каби етакчи компаниялар ҳам сунъий интеллект ривожини секинлаштириш тарафдори эканини билдирганди.
Бундай огоҳлантиришлар сўнгги ойларда СИ томонидан мустақил равишда амалга оширилаётган хакерлик ҳужумлари кўпайган бир пайтда янграмоқда.
Хусусан, 23 сентябр куни Австралия бош вазири Энтони Албанезе «OpenAI» компаниясининг СИ-агенти камида битта ҳукумат сайтига бузиб кириб, ёпиқ маълумотларни қўлга киритганини маълум қилган эди.
Шунингдек, июл ойи охирида АҚШнинг яна бир йирик технологик компанияси — «Anthropic» киберхавфсизлик синовлари давомида унинг СИ моделлари бошқа учта компаниянинг хавфсизлик тизимини бузиб кирганини тан олган.





