9 ойда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётида қандай ўзгариш бўлди?
Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиш суръати 7,6 фоиздан 8,3 фоизгача тезлашди. Иқтисодий ўсишнинг тезлашишига қарамай, инфляция 4,2 фоизгача пасайди.
© Foto: internationalbda.comИқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий ўсиш динамикаси, тармоқларнинг ривожланиш тенденциялари, инвестиция фаоллиги ва ташқи савдо кўрсаткичларини таҳлил қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида иқтисодий ўсиш сақланиб қолди. ЯИМнинг энг юқори ўсиш суръатлари Қирғизистон (10,8 фоиз), Ўзбекистон ва Тожикистонда (8,3 фоиздан) қайд этилди. Инвестициялар, қурилиш, қайта ишлаш саноати, савдо ва хизматлар минтақадаги иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлди.
Қозоғистон иқтисодиёти ўтган йилги 6,3 фоизга нисбатан 4,2 фоизга ўсди. Тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 4,3 фоизга қисқарган бўлса, қайта ишлаш саноатида 8,6 фоизга ўсди. Инвестициялар 7 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 11,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,8 фоизга ошди.
Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиш суръати 7,6 фоиздан 8,3 фоизгача тезлашди. Асосий капиталга инвестициялар 20,1 фоизга, хизматлар ҳажми 16,7 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,1 фоизга, чакана савдо 19,7 фоизга ошди. Иқтисодий ўсишнинг тезлашишига қарамай, инфляция 4,2 фоизгача пасайди. Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт 31,6 фоизга ўсди.
Туркманистонда иқтисодий ўсиш суръати 6,3 фоиз даражасида сақланиб қолди. Капитал қўйилмалар 3,5 фоизга, чакана савдо 10,5 фоизга, ташқи савдо айланмаси 8,3 фоизга ошди.
Қирғизистонда ЯИМнинг ўсиш суръати 9,9 фоиздан 10,8 фоизгача тезлашди. Инвестицияларнинг 68,5 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажмининг 62,2 фоизга ошиши иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлди. Саноат 7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 6,5 фоизга ўсди. Шу билан бирга, инфляция 8,1 фоизгача тезлашди.
Тожикистон иқтисодиёти 8,3 фоизга ўсди. Инвестициялар 44,9 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,7 фоизга, жумладан, қайта ишлаш саноати 21,5 фоизга ошди. Ташқи савдо айланмаси 35,6 фоизга ошиб, 10,7 млрд долларга етди. Инфляция 2,8 фоизни ташкил этиб, минтақадаги энг паст кўрсаткич бўлиб қолди.
Марказий Осиё мамлакатлари учун барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсишни таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бунга хомашёни чуқур қайта ишлаш, ўзаро савдони ривожлантириш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш орқали эришиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга юк ташиш ҳажми беш йилда 53 баравар ошгани ҳақида ёзган эдик.





