АҚШнинг Эрон билан уруши дунёда долларга бўлган талабни кескин оширди
Яқин Шарқдаги ҳарбий низо дунё молиявий тизимида доллар мавқеини вақтинча бўлса-да, мустаҳкамлади: инвесторлар геосиёсий хавфлардан ҳимояланиш учун энг ликвид активга ўтмоқдалар.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг инвесторлар фаол равишда доллар сотиб олишга ўтди, деб хабар бермоқда «Reuters» агентлиги. Натижада, доллар индекси бошқа жаҳон валюталарига нисбатан атиги икки кун ичида қарийб 2 фоизга қимматлашган.
«Satori Insights» асосчиси Мэтт Кингнинг таъкидлашича, бу сакраш капитал оқимларининг қайта тақсимланиши билан боғлиқ. Инвесторлар спекулятив позицияларни ёпиб, нақд пулга ўтишмоқда, бу эса бошқа бозорларнинг пасайишига сабаб бўлди. Масалан, Жанубий Кореянинг «KOSPI» индекси икки кунда 20 фоиз қийматини йўқотди.
Эскалацияга қадар доллар босим остида эди: январ ойида унинг индекси 2 фоизга тушиб, тўрт йиллик минимални янгилаган, ўтган йил давомида эса 10 фоиздан ортиқ қиймат йўқотган эди.
Бироқ уруш бошланиши ҳимоя активларига бўлган қарашларни ўзгартирди. Қизиқарли жиҳати шундаки, анъанавий «хавфсиз гўша» ҳисобланган олтин ва кумуш нархлари уруш фонида пасайишни бошлади. Олтин нархи 3 фоизга, кумуш эса 6 фоизга арзонлашди, чунки инвесторлар қимматбаҳо металлардан кўра долларнинг ликвидлигини афзал кўрмоқдалар.
Долларнинг глобал ҳукмронлиги
Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, долларнинг жаҳон валюта захираларидаги улуши 2000-йиллар бошидаги 70 фоиздан бугунги кунда 57 фоизгача тушган. Шунга қарамай, Халқаро ҳисоб-китоблар банки доллар ҳали ҳам валюта бозоридаги барча операцияларнинг 89 фоизида иштирок этаётганини қайд этмоқда. Бу охирги 25 йил ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Нефт бозорида ҳам доллар асосий ҳисоб-китоб валютаси бўлиб қолмоқда: жаҳон нефт савдосининг 80 фоизи айнан долларда номиналлаштирилган.
Шу билан бирга, экспертлар долларнинг харид қобилияти пасайиб бораётганидан хавотирда. «Federal Reserve Economic Data» кўрсаткичларига кўра, 1996-йил январ ойидан 2025-йил декабр ойигача АҚШ валютасининг харид қобилияти 52 фоизга, 1976-йилдан бери эса 83 фоизга камайган.
Калифорния университети профессори Барри Айҳенгриннинг фикрича, ҳозирча долларга муносиб муқобил йўқ, бироқ унинг мавқеи заифлашиши тезлашиши мумкин. У дунёнинг бундай кескин ўзгаришларга тайёр эмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Иқтисодий прогнозлар
Йил бошида кўплаб таҳлилчилар, жумладан иқтисодчи Питер Шифф, доллар даври тугаётгани ва марказий банклар олтинга ўтишини прогноз қилган эдилар. Дунё олтин кенгаши статистикаси ҳам марказий банклар томонидан металлга бўлган талаб барқарор эканини тасдиқлади. Олтин нархи илк бор бир унция учун 5500 доллардан ошган, кумуш эса 120 долларга яқинлашган эди. Бироқ Эрондаги ҳарбий ҳаракатлар вазиятни тубдан ўзгартириб, инвесторларни яна Америка валютасига қайтарди.
Бугунга келиб доллар қисқа муддатли «ғолиб» сифатида намоён бўлмоқда. Аммо узоқ муддатли истиқболда АҚШ иқтисодиётидаги муаммолар ва долларнинг харид қобилияти пасайиши сақланиб қолмоқда.





