Logo

Банк иловаларида бекор қилинадиган юз назорати, қурувчиси маълум бўлган Тошкент — Самарқанд пулли йўли ва даромадининг ярмидан кўпини қарзга сарфлаётган ўзбекистонликлар — 23 июл дайжести

Kecha 22:233 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Банк иловаларида бекор қилинадиган юз назорати, қурувчиси маълум бўлган Тошкент — Самарқанд пулли йўли ва даромадининг ярмидан кўпини қарзга сарфлаётган ўзбекистонликлар — 23 июл дайжести

Ўзбекистонда ҳар икки қарздордан бири даромадининг ярмидан кўпини қарзини узишга сарфламоқда

Марказий банкнинг 5,8 минг нафар фуқаро иштирокида ўтказган сўровига кўра, қарздорларнинг 61 фоизи кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширишда қийналаётганини билдирган. Шунингдек, респондентларнинг 77 фоизида банк ёки бошқа молиявий қарз мажбуриятлари мавжуд бўлиб, уларнинг 47 фоизи даромадининг ярмидан кўпроғини қарз тўловларига сарфлаётгани аниқланган.

Тадқиқотга кўра, банкдан қарз олганларнинг ўртача қарз юки 51 фоизни ташкил этган. Энг кўп кредитлар уй-жой сотиб олиш ёки таъмирлаш ҳамда автомобиль хариди учун расмийлаштирилган. Шу билан бирга, қарз олувчиларнинг 8 фоизи аввалги кредитларини ёпиш учун янги қарз олганини билдирган, 71 фоизи эса кейинги олти ойда қўшимча кредит олишни режалаштирмаётганини айтган.

Ярим йилда Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар пул ўтказилди — Марказий банк

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари орқали 9,3 млрд доллар келиб тушган. Шу даврда мамлакатдан 1,3 млрд доллар чиқиб кетгани натижасида пул ўтказмалари бўйича 8 млрд долларлик ижобий сальдо шаклланган. Шунингдек, ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб 32 млрд долларга, таклиф эса 27,8 млрд долларга етган.

Ҳисоботда қайд этилишича, аҳоли январ–июн ойларида тижорат банкларига 12,3 млрд доллар сотиб, банклардан 6,8 млрд доллар харид қилган. Натижада жисмоний шахслар сотган валюта ҳажми харид қилинган валютадан 5,5 млрд долларга кўп бўлган. Марказий банк бу ижобий валюта сальдоси ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг асосий манбаларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Тошкент — Самарқанд пулли йўлини қурадиган компания номи маълум қилинди

Тошкент — Самарқанд ўртасидаги 2,2 млрд долларлик пулли автомагистрал қурилиши бўйича халқаро тендерда Хитойнинг China Overseas Engineering Construction (COVEC) компанияси ғолиб деб топилди. Узунлиги 282 километр бўлган олти полосали йўл 2030 йилгача босқичма-босқич фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннель туридаги ўтиш жойи қурилади. Янги автомагистрал ишга тушгач, Тошкентдан Самарқандга сафар вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради, йўлнинг ўтказувчанлик қуввати эса кунига 60–80 мингта автомобильга етади. Лойиҳанинг 85 фоизи (1,857 млрд доллар) Хитой банклари томонидан, қолган қисми эса Ўзбекистон давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Ўзбекистон минтақавий хавфсизлик хавфлари фонида транзит савдоси учун Хитойга мурожаат қилмоқда

Pakistan Today маълум қилишича, Ўзбекистон ва Покистон икки томонлама транзит юкларининг бир қисмини Хитой ҳудуди орқали ташиш бўйича принципиал келишувга эришган. Янги йўналиш Афғонистон ва Эрон орқали мавжуд транзит йўлларидаги хавфсизлик муаммолари туфайли таклиф этилган бўлиб, Покистоннинг Суст қуруқ порти орқали Хитой ва Марказий Осиёни боғлайдиган расмий транзит йўлаги сифатида ишлаши кутилмоқда.

Нашрга кўра, янги йўлак Ўзбекистонга Покистон денгиз портларига чиқиш имкониятини сақлаб қолиш, Покистонга эса Марказий Осиё бозорларига қўшимча транспорт йўлини очиш имконини беради. Аввал асосий транзит Афғонистон орқали амалга оширилган бўлса, чегаралар ёпилиши ва хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб савдога жиддий таъсир кўрсатган. Покистон бизнеси ҳисоб-китобича, чегаралар ёпилиши экспортчиларга ҳар ой тахминан 177 млн доллар зарар етказмоқда.

Марказий банк карталарни иловага улаш ва идентификация бўйича талабларни ўзгартиришни таклиф қилди

Марказий банк банк иловаларида фойдаланувчиларни идентификация қилиш ва банк карталарини улаш тартибини соддалаштирувчи ўзгаришлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Таклифга кўра, рўйхатдан ўтишда биометрик текширув сақланади, аммо банк картасини иловага улашда юзни сканерлаш бекор қилиниб, фақат OTP-код орқали тасдиқлаш етарли бўлади. Шунингдек, телефон рақами яқин қариндош номида расмийлаштирилган бўлса ҳам рўйхатдан ўтишга рухсат берилиши мумкин.

Лойиҳада янги қурилмадан кирилганда банк карталарини автоматик узиб ташлаш амалиётидан воз кечиш, П2П ўтказмаларда банкларга қўшимча тасдиқлаш талабларини мустақил белгилаш ҳуқуқини бериш ҳам кўзда тутилган. Шу билан бирга, фирибгарликка қарши ҳимоя механизмлари кучайтирилиб, шубҳали операциялар мезонларини мустақил белгилаш ва маблағ олувчининг маълумотларини қисман яшириш таклиф қилинган. Ҳужжат юзасидан таклифлар 1 августгача қабул қилинади.

Teglar

Mavzuga oid