Logo

Dodo Pizza можароси: ҳокимият ходимига чора кўрилади

Bugun 12:282 daqiqa

VAQT.UZ’да ёритилган Dodo Pizza филиали пешлавҳасининг бузилиши билан боғлиқ ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан ўрганилди. Айни вақтда филиалнинг электр таъминоти тикланиб, тадбиркорлик фаолияти учун шароит қайта яратилгани маълум қилинди.

Dodo Pizza можароси: ҳокимият ходимига чора кўрилади

VAQT.UZ'да ёритилган Dodo Pizza филиали билан боғлиқ ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман бош инспектори Жамшид Ҳасанов муносабат билдирди.

Ҳасановнинг маълум қилишича, «Dodo Pizza»га тегишли реклама конструкцияси бузилганлиги ҳақидаги мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Унинг сўзларига кўра, ўрганишлар давомида Сергели тумани ҳокими Дониёр Исматов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Худайбергенов билан суҳбат ўтказилган.

«Ҳокимиятнинг масъул ходимига нисбатан тегишли чора кўрилмоқда. Электр таъминоти тикланди ва тадбиркорнинг фаолиятини тўсиқларсиз давом эттириши таъминланди», — деди Ҳасанов.

Бизнес-омбудсман матбуот хизматининг VAQT.UZ' га хабар беришича, ҳолат бўйича масъул ташкилотлар ва мансабдор шахслар таъсир чораларини қўллашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши ва ҳар қандай чеклов ва мажбурлов чораларини фақат қонуний асослар мавжуд бўлган тақдирда қўллаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади.

«Мурожаатларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади», дея қўшимча қилди матбуот хизмати вакили Гулжамол Баходировна.

Dodo Pizza тармоғининг франчайзи-ҳамкори Динара Исламованинг пешлавҳаларни қайта осиб қўйиш ҳақидаги саволига Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Ваҳобов дизайн-код ва пешлавҳалар бўйича келишилган талаблар бўйича қайта жойлаштириш кераклигини таъкидлади.

У, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан дизайн-код бўйича ташвиқотлар, аввало Сергели ва Шайҳонтоҳур туманларида олиб борилиши ва тартибга олишини ҳақида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, VAQT.UZ  аввалроқ Сергели туманидаги филиал пешлавҳаси ҳужжатларсиз бузилгани, шунингдек, бино электр энергияси ва интернет тармоғидан узилгани ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, мурожаатда ички ишлар органлари ходимлари томонидан видеотасвирларни ўчириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам қайд этилган. Бизнес-омбудсман мазкур вазият юзасидан ўрганиш ишлари давом этаётганини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid