Электромобил эгаларига субсидия жорий этилади

Bugun 13:251 daqiqa

Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш харажатларининг бир қисмини давлат қоплашни режалаштирмоқда.

Электромобил эгаларига субсидия жорий этилади © energyinstitute.jhu.edu

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электромобилларни қувватлантириш инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган янги лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжатга кўра, электромобил эгалари учун электр энергияси харажатларининг бир қисми давлат томонидан субсидия қилинади.

Таклифга асосан, зарядлаш шохобчаларида сарфланган 1 kWh электр энергиясининг 300 сўмдан ошган қисми Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Бу механизм 2026 йил 1 майдан жорий қилиниши режалаштирилган.

Харажатлар прогнози

«Агар II гуруҳ истеъмолчилари учун тариф 1000 сўм/kW·h даражасида қабул қилинса, субсидия миқдори 700 сўм/kW·h'ни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган харажатлар ҳажми 2026 йилда (тўлиқ йил ҳисобида) 246 млрд сўм, 2030 йилга бориб эса 819 млрд сўм миқдорида прогноз қилинмоқда», - дейилади тушунтириш хатида.

Механизм ва таъсир

Субсидиялар фуқароларнинг умумий даромадига киритилмайди ва солиққа тортилмайди. Тўловлар ҳар ойда солиқ органлари томонидан «Солиқ» мобил иловаси орқали тўғридан-тўғри банк карталарига ўтказилади.

Жорий йилда ушбу харажатлар давлат бюджети даромадларининг ортиқча бажарилиши ҳисобидан молиялаштирилади. Кейинги йилларда эса маблағлар давлат бюджети тўғрисидаги қонунларда назарда тутилади.

Лойиҳа муҳокамаси 17 майга қадар давом этади.

Teglar

Mavzuga oid