Эрон АҚШ базаларига ракета ҳужуми уюштирди

28.02.2026 | 17:002 daqiqa

Эрон «Ҳақиқий ваъда 4» операцияси доирасида АҚШ'нинг Кувайт, БАА, Қатар ва Баҳрайндаги ҳарбий стратегик объектларига ҳужум қилганини маълум қилди.

Эрон АҚШ базаларига ракета ҳужуми уюштирди © Ijtimoiy tarmoqlar

Эрон Ислом Инқилоби Қўриқчилари Корпуси АҚШ–Исроил томонидан амалга оширилган зарбаларга жавоб сифатида минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлардан иборат тўлқинли ҳужум бошлаганини маълум қилди. Нишонлар орасида Қатар, Қувайт, БАА ва Баҳрайндаги йирик ҳарбий базалар бор. Бу ҳақда Iran International нашри ахборот берди.

Хабарларда айтилишича, Қатардаги Ал-Удейд авиабазаси, Кувайтдаги Али Ал-Салем авиабазаси, БААдаги Ал-Дафра авиабазаси ҳамда Баҳрайнда жойлашган АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти қароргоҳи нишонга олинган.

Баҳрайн давлат ахборот агентлиги Бешинчи флот хизмат кўрсатиш маркази ракета ҳужумига учраганини тасдиқлади.

Баҳрайн пойтахти Манамадаги Жуффайр туманида жойлашган ҳарбий-денгиз базаси атрофида бир нечта гувоҳлар кучли портлаш овозларини эшитганини билдирган. Ҳозирча зарар миқёси ва эҳтимолий қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилмади.

Қатар Мудофаа вазирлиги эса ўз ҳудудига қаратилган «бир нечта ҳужумлар» муваффақиятли бартараф этилганини билдирди. Расмий Доҳа ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ишга туширилганини ва вазият назорат остида эканини қайд этди.

Шу билан бирга, Исроил ҳарбийлари Эроннинг ғарбий қисмидаги бир қатор ҳарбий объектларга кенг кўламли ҳаво зарбалари берилганини маълум қилди. Улар стратегик аҳамиятга эга иншоотлар нишонга олинганини таъкидламоқда.

Sabereen агентлигига кўра, АҚШ томонидан амалга оширилган тўртта зарба Эрон ҳудудига етмасдан, Ироқ пойтахти Бағдод жануби-ғарбига тушган. Бу ҳудуд Эрон билан иттифоқчи ҳисобланган «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи фаолияти билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини айтган эди.

Teglar

Mavzuga oid