Эроннинг музлатилган 100 миллиард долларлик активлари: Улар қаерда ва нега қайтариб берилмаяпти?
Эрон АҚШ билан музокаралар доирасида ўз активларини блокдан чиқаришни талаб қилмоқда. Бу маблағлар мамлакатнинг урушдан зарар кўрган иқтисодиётини тиклашга ёрдам бериши мумкин.

АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тўхтатишга қаратилган музокараларнинг иккинчи раундига тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда, энг асосий баҳсли масалалардан бири юзага чиқди: Теҳроннинг хорижий давлатларда музлатиб қўйилган активлари.
Эрон иқтисодиёти АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан жорий этилган санкциялар туфайли йиллар давомида оғир аҳволда қолмоқда. Ушбу чекловлар илк бор 1979 йилда, Ислом инқилобидан кейин Теҳрондаги Америка элчихонаси ходимлари гаровга олиниши ортидан бошланган эди. Кейинчалик Эроннинг ядровий ва баллистик ракета дастурлари сабабли санкциялар янада кучайтирилди. Мазкур чоралар Теҳроннинг ўз маблағларига, хусусан, нефт сотишдан тушган ва хорижий банкларда музлатиб қўйилган даромадларидан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўйган.
Музокаралар ва шартлар
10 апрел куни, Покистондаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг биринчи раунди бошланишидан олдин, Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида муҳим баёнот билан чиқди. Унга кўра, ҳар қандай музокаралар бошланишидан аввал Эроннинг хорижий банклардаги активлари блокдан чиқарилиши шарт.
Бир кун ўтиб, Исломободдаги учрашувларда Вашингтон маблағларнинг бир қисмини блокдан чиқаришга рози бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бироқ АҚШ ҳукумати ушбу маълумотларни тезкорлик билан рад этиб, маблағлар музлатилган ҳолатда қолишини таъкидлади.
Яқин кунларда музокаралар қайта тикланиши кутилар экан (АҚШ ва Эрон ўртасидаги жорий ўт очишни тўхтатиш муддати 22 апрел куни тугайди), ушбу кескинлик яна кун тартибига чиқиши аниқ.
Хўш, Эроннинг қанча активи музлатилган, Теҳрон нега улардан фойдалана олмаяпти, бу маблағлар айни пайтда қаерда сақланмоқда ва нима учун улар Эрон учун бунчалик муҳим?
Эроннинг музлатилган активлари ҳажми қанча?
Эроннинг музлатилган активларининг аниқ миқдори ҳали ҳам номаълум бўлса-да, расмий ҳисоботлар ва экспертларнинг баҳолашича, Теҳроннинг хориждаги маблағлари жами 100 миллиард доллардан ортади.
Глобал масалалар бўйича Яқин Шарқ кенгашининг катта илмий ходими Фредерик Шнайдерга таяниб, «Al Jazeera» нашрининг маълум қилишича, бу маблағлар Эроннинг углеводородлар (нефт ва газ) сотишдан оладиган йиллик даромадидан қарийб уч баробар кўп.
«Бу жуда катта маблағ, айниқса, ўнлаб йиллар давомида АҚШ бошчилигидаги санкциялардан азият чекаётган жамият учун», — деди Шнайдер.
Бироқ, экспертнинг қўшимча қилишича, АҚШ ушбу активларни блокдан чиқарган тақдирда ҳам, улардан фойдаланиш бўйича қатъий шартлар қўйиш-қўймаслиги ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Эрон бу борада шубҳа билан қарамоқда, чунки санкциялар тарихи жуда чигал ва АҚШ томонида музокараларнинг техник деталларини ҳал қила оладиган мутахассислар етишмайди.
2016 йилда АҚШнинг ўша пайтдаги молия вазири Жейкоб Лю Эрон барча санкциялар бекор қилинган тақдирда ҳам ўз активларининг ҳаммасидан фойдалана олмаслигини айтган эди. Ўшанда Эрон ядровий дастурини чеклаш эвазига санкцияларни юмшатиш бўйича тарихий келишувга эришган эди. Люнинг изоҳ беришича, Эрон ҳатто энг мақбул ҳолатда ҳам музлатилган маблағларининг фақат ярмига яқинидан фойдалана олади, чунки унинг қолган қисми аввалги инвестиция мажбуриятларини қоплаш ёки қарз тўловларига йўналтирилган.
Ҳозирги вақтда Теҳроннинг ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардаги асосий талаби — ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида музлатилган активларнинг камида 6 миллиард долларини блокдан чиқаришдир.
Музлатилган активлар нима дегани?
Бирор шахс, компания ёки мамлакат марказий банкининг маблағлари, мулки ёки қимматли қоғозлари бошқа давлат расмийлари ёки халқаро ташкилот томонидан вақтинча ушлаб қолиниши активларни музлатиш деб аталади.
Бу ҳолат санкциялар, суд қарорлари ёки бошқа меъёрий сабабларга кўра мулкдорларнинг ушбу активларни сотиш имкониятини чеклайди.
Одатда, давлатлар бошқа бир мамлакат ёки компания активларининг музлатилишига жиноий фаолият, жиноий даромадларни легаллаштириш («пул ювиш») ёки халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилишига оид айбловларни расмий асос қилиб кўрсатади.
Бироқ, бу амалиётни танқид қилувчилар ушбу усулнинг танлаб қўлланилишини таъкидлайди. Масалан, Исроил инсон ҳуқуқларини бузиш, ноқонуний урушлар олиб бориш ва апартеид сиёсатини юритишда кўп марта айбланган бўлса-да, унинг хориждаги активлари бирор бир давлат томонидан музлатилмаган.
Бундан фарқли ўлароқ, Эрон, Россия, Шимолий Корея, Ливия, Венесуэла ва Куба каби давлатларнинг активлари хорижий ҳукуматлар томонидан музлатилган. Уларни бирлаштириб турадиган умумий жиҳат бор: уларнинг барчаси АҚШнинг халқаро тартибдаги ҳукмронлигига қарши чиққан ёки чиқмоқда.
Нега Эроннинг активлари музлатиб қўйилган?
АҚШ ҳукумати архивларига кўра, активларни музлатиш билан боғлиқ илк ҳолат 1979 йилнинг ноябр ойида юз берган. Ўшанда АҚШ президенти Жимми Картер Эрон «Америка Қўшма Штатларининг миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига ғайриоддий ва фавқулодда хавф туғдиришини» таъкидлаган.
Бу воқеалар эронлик талабалар Теҳрондаги АҚШ элчихонасида 66 нафар Америка фуқаросини гаровга олиши фонида юз берган. Ўша пайтдаги молия вазири Уилям Миллернинг журналистларга маълум қилишича, Эроннинг ликвид активлари 6 миллиард доллардан камроқни ташкил этган бўлиб, унинг энг катта қисми — 1,3 миллиард доллари Ню-Йорк Федерал захира банкида сақланаётган ғазначилик облигациялари эди. 1981 йилда АҚШ ва Эрон ўртасида Жазоир воситачилигида имзоланган «Жазоир келишувлари» натижасида, Теҳронда қолаётган 52 нафар гаровдаги америкаликларни озод қилиш эвазига АҚШ ушбу активларнинг салмоқли қисмини блокдан чиқарган.
Бироқ кейинги йилларда Вашингтоннинг Теҳрон ядровий дастуридан хавотири ортиши ортидан АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар яна ёмонлаша бошлади.
Эрон доимий равишда уранни бойитиш дастури фақат тинч мақсадлар учун эканини таъкидлаб келади. Исроил ва АҚШ эса Эронни ядро қуролини ишлаб чиқиш мақсадида уран бойитаётганликда айблаб келади. АҚШ ва унинг иттифоқчилари, айниқса Европа, Эронга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий этган. Бунда Яқин Шарқда махфий дастур орқали ядро қуролига эга экани тахмин қилинадиган ягона давлат бўлган Исроил бу каби текширув ва босимларга дуч келмагани диққатга сазовордир.
Келишувлар ва умидларнинг сўниши
2015 йилда Эрон ва дунё давлатлари ўртасида АҚШ президенти Барак Обама даврида музокаралар олиб борилган Биргаликдаги кенг қамровли ҳаракатлар режаси (БКҚҲР) деб номланган тарихий битим имзоланди. Ушбу келишувга кўра, Теҳрон ўз ядровий дастурини сезиларли даражада қисқартиришга рози бўлди ва натижада хориждаги аксар активларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Бироқ, 2018 йилда Доналд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати давомида ушбу келишувни «бир томонлама» деб атаб, АҚШни ундан чиқарди. Натижада Эронга нисбатан санкциялар қайта тикланди ва хориждаги активлари яна музлатиб қўйилди.
2023 йилда АҚШ ва Эрон маҳбусларни алмашиш бўйича келишувга эришди. Унга кўра, Теҳрон АҚШда қамалган бир неча Эрон фуқаросининг озод этилиши ҳамда Эронга музлатилган миллиардлаб долларлик маблағлардан фойдаланиш имкониятининг берилиши эвазига беш нафар АҚШ-Эрон фуқаросини қўйиб юборди. Гап Жанубий Кореяда АҚШ санкциялари туфайли музлатиб қўйилган 6 миллиард долларлик нефт даромади ҳақида бормоқда.
Ушбу маблағлар назорат қилиш учун Қатарга ўтказилди. Аммо кейинги йилда АҚШ президенти Жо Байден Эроннинг Исроилга ракета ва дрон ҳужумларига жавобан янги санкциялар жорий этди ва бу Теҳроннинг Доҳадаги маблағларини яна музлатиб қўйилишига олиб келди.
АҚШдан ташқари, Европа Иттифоқи ҳам Эронни инсон ҳуқуқларини бузиш, ядровий мажбуриятларга риоя қилмаслик, терроризм ва Россиянинг Украинага қарши урушини дронлар билан қўллаб-қувватлашда айблаб, мамлакат Марказий банки активларини қисман музлатиб қўйган.
Эроннинг музлатилган активлари қайси давлатларда сақланмоқда?
Эроннинг музлатилган активлари бир нечта мамлакатлар ҳисобида қолмоқда.
Ҳар бир давлатда айнан қанча маблағ сақланаётгани ҳақидаги аниқ рақамлар номаълум бўлса-да, Эрон ОАВларининг хабарларига кўра, Эрон нефтининг муҳим харидорларидан бири бўлган Японияда тахминан 1,5 миллиард доллар, Ироқда қарийб 6 миллиард доллар, Хитойда камида 20 миллиард доллар ва Ҳиндистонда 7 миллиард доллар маблағ мавжуд.
АҚШда Эроннинг бевосита музлатилган тахминан 2 миллиард долларлик активлари бор, Люксембург каби Европа Иттифоқи мамлакатларида эса тахминан 1,6 миллиард доллар сақланмоқда.
Шунингдек, Қатарда Эроннинг қарийб 6 миллиард доллари мавжуд.
Активларни блокдан чиқариш Эрон учун қанчалик муҳим?
Эрон иқтисодиёти чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда: ўнлаб йиллар давомида амал қилган санкциялар мамлакатнинг нефт экспортини чеклаб қўйди, инвестициялар жалб қилиш ҳамда саноат ва технологияларни модернизация қилиш имкониятларини бўғиб ташлади.
Инфляциянинг кескин ортиши ва миллий валюта — риёл қийматининг тушиб кетиши 2025 йилнинг декабр ва 2026 йилнинг январ ойларида оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Кейинчалик бу норозиликлар амалдаги тузумга қарши кенг кўламли кампанияга айланиб кетди. Хавфсизлик кучлари томонидан намойишларнинг бостирилиши оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлди. Эрон расмийлари қон тўкилишида АҚШ ва Исроил томонидан молиялаштирилган ҳамда қуроллантирилган террорчиларни айблади. Яқинда Доналд Трамп АҚШ намойишчиларнинг айрим гуруҳларини ҳақиқатан ҳам қуроллантирганини тасдиқлади.
Бундай шароитда, музлатилган активлар Эрон дарҳол ишлатиши мумкин бўлган «нақд пул заҳираси» ҳисобланади: 100 миллиард доллар — мамлакат ЯИМнинг қарийб тўртдан бир қисми демакдир.
Кембридж университетининг Эрон бўйича мутахассиси ва халқаро сиёсат бўйича маърузачиси Роксана Фарманфармаяннинг «Al Jazeera» нашрига таъкидлашича, активларнинг озод қилиниши мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга:
«Бу Эрон нефт сотишдан топган хорижий валютадаги маблағларини ўз иқтисодиётига қайтаришини англатади. Шунингдек, бу Теҳронга валюта тебранишларини назорат қилиш имконини беради ва натижада 2025 йил декабридаги намойишларни келтириб чиқарган иқтисодий заифликдан халос этади», — дейди эксперт.
Унинг қайд этишича, Эроннинг муҳим тармоқлари — нефт конлари, сув таъминоти ва электр тармоқлари инфратузилмавий таназзулга юз тутмоқда. Маблағлардан эркин фойдаланиш имконияти туғилса, ушбу соҳаларни модернизация қилиш мумкин бўлади. Шунингдек, Эрон ушбу маблағлар ҳисобидан хорижий компанияларга тўловларни амалга ошириши ва ўз саноатини тиклашни бошлаши мумкин.
«Табиийки, Эрон урушдан кейин мамлакатни қайта тиклаши керак бўлади. Блокдан чиқарилган активлар эса бу жараённи тезроқ ва самаралироқ қилади», — дея қўшимча қилди Фарманфармаян.
Унинг фикрича, маблағларнинг қайтарилиши иқтисодий ўсишни бошлаш билан бирга, ҳукумат ва халқ ўртасидаги муносабатларни яхшилашга ва санкциялар режимига хос бўлган коррупция занжирларини узишга ёрдам беради.
Йорк университети сиёсатшуноси Крис Фетерстоуннинг фикрича, АҚШнинг ушбу активларни озод қилиш бўйича қарори муҳим дипломатик сигнал бўлиб хизмат қилади.
«Халқаро миқёсда активларнинг блокдан чиқарилиши АҚШнинг Эрон иқтисодиётига бўлган босими пасаяётганидан дарак бериши мумкин. Бу эса бошқа халқаро ўйинчилар ва минтақавий қўшниларнинг янада фаол жалб қилинишига, савдо ва интеграциянинг ривожланишига замин яратади», — дейди у.





