Logo

Фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйларга аҳолини киритган масъуллар қамалиши мумкин

Bugun 18:153 daqiqa

Бундай қоидабузарлик учун 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйларга аҳолини киритган масъуллар қамалиши мумкин

Ўзбекистонда фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган масъул ва мансабдор шахсларга нисбатан тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик, жумладан, 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 27 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қурилиши тугалланмаган кўп квартирали уйларда ноқонуний яшашнинг олдини олишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунда маълум қилинди.

Янги қонун билан Жиноят кодексининг 229-3-моддаси янги еттинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, фойдаланишга қабул қилинмаган кўп квартирали уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўйган қурилишга масъул ёки мансабдор шахсларга 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.

Амалдаги қонунчиликда бундай ҳолат учун дастлаб маъмурий жарима, ушбу ҳаракат қайта содир этилганда эса жиноий жавобгарлик назарда тутилган эди.

Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига буюртмачилар ва пудратчилар зиммасига фойдаланишга қабул қилинмаган уйларга фуқароларнинг кўчиб киришига йўл қўймаслик чораларини кўриш мажбурияти алоҳида норма сифатида киритилмоқда.

Қонун юзасидан маъруза қилган Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсуновнинг таъкидлашича, сўнгги 7 йил давомида 383 та кўп квартирали уй шаҳарсозлик ҳужжатлари, коммуникатсияга улаш ва рўйхатдан ўтказиш талаблари бажарилмасдан ноқонуний қурилиб, улардаги 20 мингдан ортиқ хонадон фуқароларга сотилган. Турли қоидабузарликларга йўл қўйилгани сабабли фойдаланишга топширилмаган 136 та кўп квартирали уйда эса 8 мингга яқин аҳоли яшаб келмоқда.

Сенатдаги муҳокамалар ва вазирлик жавоби

Муҳокамалар жараёнида сенатор Малика Ходирхонова қабулларда айнан шу масала бўйича гуруҳ-гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишини қайд этиб, муаммонинг ижтимоий жиҳати ва коррупсиявий хатарларига эътибор қаратди.

У 2025 йил 1 майдан уйларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби соддалаштирилганига қарамай, одамлар ҳужжатлар чўзилиб кетаётгани сабабли мажбурликдан тугалланмаган уйларга кириб яшаётганини айтишини таъкидлади ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигидан бу масала қандай ҳал этилишини сўради.

Вазирлик вакили коррупсион омилларнинг олдини олиш мақсадида ҳозирда инсон омилисиз ишлайдиган электрон платформа жорий этилганини маълум қилди. Бундан ташқари, вазирлик қошида ноқонуний қурилишлар бўйича департамент ташкил этилиб, ҳар бир туманда планшетлар билан таъминланган ходимлар орқали ноқонуний қурилишлар рўйхати шакллантирилаётгани, уларга жарима қўлланилиб, ишлар судга оширилаётгани билдирилди.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан Сенат раиси Танзила Нарбаева қурилиши тугалланмаган ёки қоидабузарликлар сабабли фойдаланишга топширилмаган уйларга кириб яшаш фуқароларнинг ўз ҳаётини хавф остига қўйиши эканини қайд этди. У бундай ҳолатлар айниқса қурилиш кўлами кенг бўлган Тошкент шаҳрида, шунингдек, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўпроқ кузатилаётганини таъкидлаб, ушбу ҳудуд масъуллари ва маҳаллий кенгашларни масалага жиддий эътибор қаратишга чақирди.

Teglar

Mavzuga oid