Logo

Фридрих Мерц учун «фалокат»: Туркиялик муҳожирлар фарзанди Берлин мэри бўлиши кутилмоқда

Kecha 21:403 daqiqa

Германиянинг Берлин ва Мекленбург ҳудудларида ўтган маҳаллий сайловларда канцлер Мерцнинг Христиан-демократик иттифоқи партияси мағлубиятга учради.

Фридрих Мерц учун «фалокат»: Туркиялик муҳожирлар фарзанди Берлин мэри бўлиши кутилмоқда

Германияда 20 сентябр куни Берлин ҳамда Мекленбург — Олд Померания федерал ерида сайловлар бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, канцлер Фридрих Мерц бошчилигидаги Христиан-демократик иттифоқи («ХДИ») ҳар икки ҳудуддаги сайловда мағлубиятга учради.

Берлиндаги Вакиллар палатаси учун ўтказилган сайловда «Сўллар партияси» («Die Linke»), Мекленбургдаги маҳаллий парламент (ландтаг) сайловида эса ўта ўнг қанот вакиллари — «Германия учун муқобил» («AfD») партияси биринчи ўринни эгаллади. Эътиборлиси, ҳар икки партия аввалги сайловларга нисбатан ўз натижасини икки баробарга яхшилаган.

Маълумотларга кўра, Берлинда «Сўллар партияси» 25,7 фоиз овоз тўплаган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 13,5 фоизга кўп. Ўтган сайлов ғолиби бўлган «ХДИ» бу сафар 18,8 фоиз овоз билан иккинчи ўринга тушди (олдинги натижадан 9,4 фоизга кам). Кучли бешликни «AfD» (16,3 фоиз), «Яшиллар» (14,3 фоиз) ҳамда Германия социал-демократик партияси (12,1 фоиз) якунлаб берди.

Қолган партиялар, жумладан, «Сара Вагенкнехт иттифоқи» («BSW») парламентга кириш учун зарур бўлган 5 фоизлик тўсиқдан ўта олмади.

Бу Берлин сайловлари тарихида «Сўллар» учун энг яхши натижа бўлди. Партиянинг сўнгги йиллардаги ребрендинги ва таркибининг кескин янгилангани мазкур муваффақиятга асос бўлгани айтилмоқда. Эндиликда партия раҳбариятида асосан ёш сиёсатчилар, хусусан, хотин-қизлар фаолият юритмоқда ва уларнинг аксарияти ўта ўнгчи «AfD»га кескин қарши позицияда туради.

Уй-жой муаммоси ғалаба келтирди

«Сўллар» ўз сайловолди дастурини пойтахтликлар учун энг оғриқли масала — уй-жой муаммосига қаратди. Улар шаҳарга қарашли квартираларда ижара ҳақини чеклаш ҳамда йирик хусусий ижарачиларга тегишли 220 мингга яқин квартирани жамоат мулкига ўтказиш ваъдаси билан сайловчилар ишончини қозонди.

Айнан шу долзарб кун тартиби ва ваъда қилинган ислоҳотлар сабабли партия тарафдорлари сафи бор-йўғи бир йил ичида икки баробарга кенгайган.

Ушбу ғалабадан сўнг Берлин мэри курсини «Сўллар» етакчиси — 45 ёшли Элиф Эралп эгаллаши кутилмоқда. «Financial Times» нашри уни «Берлиннинг Мамданига жавоби» деб атади. Эралп — 1980 йилги ҳарбий тўнтаришдан сўнг Туркиядан қочиб ўтган муҳожирлар оиласида туғилган. У Берлин раҳбариятида муҳожирлик ўтмишига эга бўлган илк сиёсатчига айланиши мумкин.

Мекленбургда ўта ўнгларнинг ғалабаси ва канцлер партиясининг инқирози

Дастлабки натижаларга кўра, Мекленбург — Олд Померанияда «AfD» 38,2 фоиз овоз тўплади. Бу 2021 йилдаги сайловга нисбатан икки баробар кўп. Ушбу ҳудудда узоқ вақт ҳукмронлик қилиб келган социал-демократлар бу сафар 35,5 фоиз билан иккинчи ўринга тушди. Шунингдек, маҳаллий парламентга «Сўллар партияси» 6,5 фоиз ва «Яшиллар» 5,7 фоиз овоз билан киришга муваффақ бўлди.

«ХДИ» эса бор-йўғи 4,9 фоиз овоз тўплаб, йирик мағлубиятга учради. Партия 5 фоизлик тўсиқдан ўта олмади ва ўз тарихида илк бор федерал ҳудудлардан бирининг парламентидан четда қолди. Шунингдек, 4,8 фоиз овоз олган «Сара Вагенкнехт иттифоқи» ҳам ландтагга кира олмади.

Ҳудуд бош вазири Мануэла Швезиг ўта ўнгларнинг бу ғалабасини минтақа аҳолисининг Украинадаги урушга ҳамда Россия газига бўлган муносабати билан изоҳлади.

«Биринчидан, бизнинг ҳудудда кўпчилик Украинани молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қарши чиқмоқда. «AfD» эса ўз ташвиқотини айнан шунга асослади. Иккинчидан, аҳолининг катта қисми «Шимолий оқим» орқали газ етказиб берилиши тикланишини истайди», — дейди Швезиг.

Канцлер Фридрих Мерц дастлабки экзит-поллардан сўнг «ХДИ»нинг натижасини «фалокат» деб атади. Шундай бўлса-да, у канцлер ва партия раиси сифатида ўз ўрнида қолишини ҳамда ислоҳотлар йўлини давом эттиришини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid