Йўл қурилиши, канализация ва қувур тармоқларини қуриш ҳамда чуқур пойдевор барпо этиш каби йўналишларга 16 киши қабул қилинади. Таклиф этилаётган ойлик иш ҳақи камида 2400 еврони ташкил этади. Бу солиқлар чегирилганидан кейинги миқдор сифатида кўрсатилган.
Ўзбекистон Миграция агентлиги Германия Федерал бандлик агентлиги билан ҳамкорликда ёшларни қурилиш соҳаси бўйича тайёрлаш дастурига номзодлар қабул қилмоқда.
2027-йилнинг кузида бошланадиган Ausbildung дастури назарий таълим ва корхоналардаги амалий машғулотларни бирлаштиради.
Унда жами 16 иштирокчи тўртта мутахассислик бўйича тайёрланади.
Тўртта касб бўйича мутахассислар тайёрланади
Дастур доирасида иштирокчилар йўл қурилиши, канализация ва қувур тармоқларини қуриш бўйича икки йил, чуқур пойдевор қурилиши бўйича эса уч йил давомида касбий таълим олади.
Номзодлар 18 ёшдан 25 ёшгача бўлиши, немис тилини B1 даражасида билиши ҳамда мактаб аттестати ёки касбий таълим дипломига эга бўлиши керак. Тил сертификати эса 2026-йил февралдан олдин олинган бўлмаслиги лозим.
Шунингдек, ариза топшириш вақтида бошқа лойиҳада қатнашмаётган бўлиш талаб этилади. Қурилиш соҳасида аввалдан тажрибаси бор ёшлар саралашда қўшимча устунликка эга бўлади.
Яшаш ва бориш харажатлари учун ҳам ёрдам берилади
Таълим даврида иштирокчилар ҳафтасига 40 соат ўқиш ва амалий иш билан шуғулланади. Биринчи йил учун белгиланган ойлик стипендия 885 евро бўлиб, бу сумма солиқлар чегирилганидан кейинги миқдорни англатади. Кейинги йилларда тўловлар тариф асосида оширилади.
Дастур ташкилотчилари иштирокчиларнинг Германияга бориши ва у ерда яшаши билан боғлиқ айрим харажатларни ҳам ўз зиммасига олади. Хусусан, авиачипта, виза ва тиббий суғурта харажатлари қопланади. Аэропортдан тураржойгача етказиш ҳам ташкил этилади.
Бундан ташқари, ойига тахминан 250 евро эвазига турар жой, бепул жамоат транспорти чиптаси ҳамда биринчи йил давомида иш кунлари уч маҳал овқат билан таъминлаш кўзда тутилган. Касбий таълим учун тўлов олинмайди.
Битирувчилар Германияда ишлаши мумкин
Касбий тайёргарликни муваффақиятли тугатган иштирокчилар Германияда доимий ишга жойлашиш имкониятига эга бўлади. Таклиф этилаётган ойлик иш ҳақи камида 2400 еврони ташкил этади. Бу солиқлар чегирилганидан кейинги миқдор сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миграция марказлар учун ҳар бир вилоятга 8 млрд сўм ажратилиши хабар қилинганди.