Испания Трампни ғазаблантирди

Эрон масаласи АҚШ ва Испания ўртасига совуқчилик солди. Доналд Трамп Мадрид билан савдо алоқаларини тўхтатиш билан таҳдид қилди. Бунга қиролликнинг Эронга зарба бериш учун ўз ҳарбий базаларидан фойдаланишга рухсат бермагани сабаб бўлди. Хўш, Европа Иттифоқи Испанияни ҳимоя қилишга тайёрми?

Испания Трампни ғазаблантирди

НАТОдаги «даҳшатли иттифоқчи»

«Биз Испания билан барча савдо алоқаларини тўхтатмоқчимиз. Испания билан ҳеч қандай умумий жиҳатимиз бўлишини истамаймиз», — деб эълон қилди Доналд Трамп Оқ уйда Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашуви чоғида.

АҚШ президентининг мазкур баёноти Мадрид томонидан Рота ва Морон-де-ла-Фронтера базаларининг Эронга қарши амалиётлар учун ёпиб қўйилиши ортидан янгради.

Испания ҳукумати Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиётни қоралади. Улар ўз ҳудудидан Американинг ёқилғи қуйиш самолётларини олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Натижада 15 та ҳаво кемаси бошқа давлатларга йўналтирилди. Уларнинг бир қисми Германиядаги Рамштайн базасига жойлаштирилди.

«Кимнингдир жавоб ҳаракатларидан қўрқиб, дунё учун зарарли бўлган ҳамда қадриятларимиз ва манфаатларимизга зид келадиган ишга шерик бўлмаймиз», — деди қироллик бош вазири Педро Санчес.

photo_2026-03-09_10-12-49

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаракатлари «асоссиз бўлиб, халқаро ҳуқуқни бузувчи хавфли ҳарбий интервенциядир».

Сиёсатчи Испания АҚШнинг кўрсатмаларига кўр-кўрона амал қилмаслигини қатъий билдирди.

Ўтмишдаги хатоларни такрорлаб бўлмайди, дея таъкидлади Санчес.

«Бундан 23 йил аввал АҚШнинг бошқа бир маъмурияти бизни Яқин Шарқдаги урушга тортган эди... Ироқдаги уруш терроризмнинг кескин кучайишига, Шарқий Ўрта Ер денгизида жиддий миграция инқирозига ва энергия ресурслари нархининг умумий кўтарилишига сабаб бўлганди», — деди Испания бош вазири.

Доналд Трампнинг Педро Санчесга нисбатан хусумати анчадан бери бор. Америка президенти уни мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишдан бош тортгани учун бир неча бор танқид қилган. Ўтган йилнинг октабр ойида АҚШ президенти бунинг учун Испанияни жазолаш билан таҳдид қилган эди.

«Анъанага кўра, Жанубий Европа мамлакатлари мудофаа учун кам маблағ сарфлайди. Сайловчиларга шарқдан келаётган қандайдир хавф ҳақидаги ғояни «сотиш» қийин, чунки бу давлатлар хавф манбаидан анча узоқда жойлашган», — деди «WhiteBird» компанияси вакили Ян Пинчук TRT нашрига.

Испания бу борада истисно эмас. Қироллик анчадан бери НАТОнинг «ноқулай» иттифоқчиси сифатида ном чиқарган.

«Мамлакатнинг давлат қарзи ЯИМнинг 104 фоизидан ошиб кетган. Санчес ҳукумати сўл кучлар билан коалицияга таянган ҳолда иш юритмоқда, улар учун эса маблағларни пенсия ва тиббиётдан олиб, танкларга йўналтириш сиёсий ўз-ўзини ўлдириш билан баробар. Фақат ўтган йилнинг ўзида Испания катта куч сарфлаб, ўз тарихида илк бор ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2 фоизига етказди. Ҳозир улардан 5 фоизни талаб қилиш — имконсиз нарсани сўраш демакдир», — дейди халқаро бизнес ва молия амалиёти раҳбари Михаил Никитин.

Эронга зарба бериш учун ҳарбий базалардан фойдаланишга рухсат бермаслик эса Трампни тамоман ғазаблантирди. У ҳатто Испанияни «дахшатли иттифоқчи» деб атади.

Трамп мудофаа харажатларини оширишни талаб қилишда давом этмоқда. Бу талаб НАТОнинг барча аъзоларига тегишли.

Испания Америка президентининг назаридан бутунлай қолди. Эътиборли жиҳати шундаки, Германия канцлери Мерц ҳам Европадаги иттифоқчисини ҳимоя қилишга шошилмади. Бундан ташқари, у Вашингтон позициясини билвосита қўллаб-қувватлади.

«Биз ҳам Испанияни мудофаага қўшадиган ҳиссасини 5 фоизгача оширишга кўндиришга ҳаракат қиляпмиз», — деди Германия канцлери Оқ уйда.

Шу билан бирга, Трамп бўйсунмаган испанларга «сабоқ бериб қўймоқчи».

 «Мен Скоттга (АҚШ молия вазири Скотт Бессент) Испания билан барча савдо битимларини тўхтатишни айтдим», — деди Америка президенти.

photo_2026-03-09_10-12-53

Одатдагидек, бундай баландпарвоз баёнотлардан сўнг ҳеч қандай изоҳ берилмади. Трамп бу таҳдид қандай амалга оширилишига аниқлик киритмади. Бироқ кейинроқ АҚШ исталган давлатга, жумладан, табиийки, Испанияга ҳам эмбарго жорий этиш ҳуқуқига эга эканини қўшимча қилди.

Қироллик АҚШга зайтун мойи, автоэҳтиёт қисмлар, пўлат ва кимёвий маҳсулотлар сотади. Америкаликлар эса Испанияга энергия ресурслари ва саноат хом ашёсини экспорт қилади.

Михаил Никитиннинг фикрича, бу икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларининг узилиши эҳтимолдан йироқ.

«Агар бу содир бўлса ҳам, фақат Қўшма Штатлар учун фойдали бўлган шаклда юз беради. Тарихдан маълумки, Америка санкциялари шундай тузилган: улар нишондаги давлат учун оғриқли, Америка бизнеси учун эса қулайдир. Испания билан товар айирбошлаш ҳажми йилига қарийб 70 миллиард долларни ташкил этади. Бунда ижобий салдо Вашингтон томонида. Ҳеч ким бу даромад манбаини бутунлай йўқ қилмайди», — дейди у.

Бир-икки ойдан кейин Испания билан боғлиқ низо вазминлик билан барҳам топади. Тажриба шуни кўрсатадики, жаноб Трампнинг ҳиссиётларга берилиб қабул қилган қарорлари айнан шундай натижа билан тугайди.

Брюссел Америка президентининг савдо шантажларига аллақачон ўрганиб қолган. Шу боис, вазиятга вазминлик билан муносабат билдирилмоқда. Шунга қарамай, Еврокенгаш раҳбари Антониу Кошта «X» ижтимоий тармоғида Трампнинг Мадрид билан савдо келишувларини бекор қилиш ҳақидаги таҳдидлари фонида Европа Иттифоқи Испания манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканини маълум қилди.

«Аслида асосий муаммо анча чуқурроқ — бу Американинг давлат қарзи билан боғлиқ. У аллақачон 36 триллион доллардан ошиб кетди ва ўсишда давом этмоқда. Ҳар бир янги ҳарбий амалиёт бошланиши билан бу жараён янада тезлашмоқда», — дейди Михаил Никитин.

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, АҚШ ҳарбий амалиётларнинг фаол палласидан сўнг доимо пул-кредит сиёсатини юмшатиш йўлини тутади. Федерал захира тизими ставкаларни туширади, пул эмиссияси кучайтирилади ва давлат қарзи янада ўсади. Натижада, Американинг ҳарбий фаоллиги билан боғлиқ улкан харажатлар долларнинг глобал мавқеи туфайли бутун дунё иқтисодиёти зиммасига юкланади. Испания, Германия ёки Хитой — бундан қатъи назар, барча давлатлар Вашингтоннинг ҳарбий сарф-харажатлари учун у ёки бу тарзда товон тўлашга мажбур бўлади.

Teglar

Mavzuga oid