Жорий йилдан ипотека субсидиялари автоматик баҳоланади

05.03.2026 | 09:102 daqiqa

2026-йилдан Ўзбекистонда ипотека субсидияларини баҳолаш инсон омилисиз автоматик тизим орқали амалга оширилади.

Жорий йилдан ипотека субсидиялари автоматик баҳоланади

Ўзбекистонда 2026-йил 1-апрелдан бошлаб ипотека кредитлари учун субсидия ажратиш жараёнида фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлиги автоматик тарзда баҳоланади. Бу президентнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва кўп қаватли уйлар қурилишини самарали ташкил этишга қаратилган фармонида белгиланган.

Янги тартибга кўра, субсидия олиш учун ариза берган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мослиги Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiyа.idm.uz дастурий тизими орқали текширилади. Тизим баҳолаш жараёнини инсон омилисиз амалга оширади. Бу аризаларни кўриб чиқишни тезлаштириш ва қарор қабул қилишда субъектив омилларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ипотека кредитлари кимларга ажратилади?

Ҳужжатда таъкидланишича, 2026-йилдан бошлаб ипотека кредитлари бюджет маблағлари ҳисобидан асосан расмий даромадга эга фуқароларга ажратилади. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳам ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятига босқичма-босқич эга бўлади.

Хусусан, 2026-йилда охирги бир йил, 2027-йилда охирги икки йил ва 2028-йилдан бошлаб охирги уч йил давомида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаб келаётган ўзини ўзи банд қилган шахслар ипотека кредитларини олиши мумкин бўлади.

Ипотека омонати

Фармон билан ипотека бозорида янги механизм — мақсадли ипотека омонати тизими ҳам синов тариқасида жорий этилади. Унга кўра, фуқаролар тижорат банкларида махсус ипотека омонатини шакллантириб боради. Жамғарилган маблағлар ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар кейинчалик уй сотиб олиш учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадални тўлашга йўналтирилади.

Шунингдек, ипотека омонатини шакллантирган фуқароларга давлат бюджетидан субсидиялар ҳам ажратилиши мумкин. Бу маблағлар тижорат банкларининг буюртмаси асосида ипотека омонатининг энг кам миқдорини шакллантириш учун олдиндан ўтказиб берилади.

Бундан ташқари, ипотека кредити ажратилганидан кейин дастлабки беш йил давомида кредит бўйича ҳисобланган фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия сифатида қопланиши белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid