Logo

«Камида учта банк назарда тутилган» — Марказий банк исломий банклар сони ошиши мумкинлигини билдирди

Bugun 17:242 daqiqa

Самарқандда ташкил қилинган халқаро ислом молияси форумида Vaqt.uz мухбири билан суҳбатда Марказий банк вакили Ўзбекистонда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш учун 10 га яқин банк қизиқиш билдиргани, қонунчилик талабларига жавоб берадиган банкларга қўшимча лицензиялар берилиши мумкинлигини маълум қилди.

«Камида учта банк назарда тутилган» — Марказий банк исломий банклар сони ошиши мумкинлигини билдирди

27–28 август кунлари Самарқандда бўлиб ўтаётган халқаро ислом молияси форумида Vaqt.uz мухбирига маълум қилинишича, Ўзбекистонда 10 га яқин тижорат банки исломий молия хизматларини йўлга қўйишга қизиқиш билдирган. Марказий банк тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқмоқда. Қонунчилик талабларига жавоб берадиган банкларга қўшимча лицензиялар берилиши кутилмоқда.

Аризалар кўриб чиқилмоқда, янги лицензиялар берилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки лицензиялаш ва рухсат бериш тартиботлари департаменти катта мутахассиси Ҳамидулла Холиқовнинг айтишича, исломий молия хизматларини йўлга қўйиш учун тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмоқда. Талабларни бажарган банкларга лицензиялар берилиши мумкин.

«Аризалар кўриб чиқилмоқда ва тез орада қўшимча лицензиялар берилиши кутилмоқда. Агар тақдим этилган ҳужжатлар ва аризачилар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлса, уларга лицензиялар берилади», — деди Холиқов.

Унинг таъкидлашича, исломий молия хизматларини жорий этиш бўйича банкларнинг ўз режалари ва қарорлари муҳим аҳамиятга эга. Чунки тижорат банклари мустақил фаолият юритувчи ташкилотлар бўлиб, бу борадаги қарорлар, жумладан, акциядорларнинг позициясига ҳам боғлиқ.

Марказий банк банклар сони бўйича қатъий режа белгиламайди

Холиқовнинг сўзларига кўра, Марказий банк регулятор сифатида келгуси йилларда нечта банк исломий молия хизматларини йўлга қўйиши ёки қанча лицензия берилиши бўйича алоҳида режа белгиламайди. Бундай қарорлар банкларнинг ташаббуси ва қонунчилик талабларини бажаришига боғлиқ.

«Бизнинг кутилмаларимиз ҳозир тақдим этилган ҳужжатларга кўра анча баланд. Лекин бу нарса кўпинча тадбиркорнинг ўзига боғлиқ. Агар акциядорлар исломий банк хизматларини кўрсатишга қарор қилса ва ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ тақдим этса, Марказий банк томонидан лицензия берилиши кутилмоқда», — деди у.

2030-йилгача камида учта банкда исломий молия хизматлари

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2030 йилгача учта банкда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш, 2027 йилда эса камида битта банкда бундай хизматларни жорий этиш мақсади белгиланган.

Холиқовнинг таъкидлашича, 2027 йилга етмасдан туриб, стратегияда кўзда тутилган дастлабки босқич бажарилган.

Vaqt.uz мухбири белгиланган талабларга жавоб берадиган банклар сони бештага етса, Марказий банк учта билан чекланмай, кўпроқ банкка лицензия бериши мумкинми, деб сўради.

«Албатта. Стратегияда келтирилган сонларда “камида” деган жумла ҳам ишлатилган. Яъни камида учта банк назарда тутилган. Қонунчилик талабларига мувофиқ ташкил этиладиган бўлса, бу сонлар ўзгариши мумкин», — деди Марказий банк вакили.

Демак, учта банк кўрсаткичи юқори чегара ҳисобланмайди. Бошқа банклар ҳам белгиланган талабларни бажарса, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банклар сони ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун илк лицензияни «Open bank»ка топширди. Тегишли қарор 23-октябр куни қабул қилинган.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 226

Barchasi

Mavzuga oid