Logo

Карта, омонат ва пул ўтказмалари: солиқ назоратида нималар ўзгариши мумкин?

Bugun 18:554 daqiqa

Ҳукумат банклар ва Солиқ қўмитаси ўртасидаги маълумот алмашинувининг янги қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳа қабул қилинса, банклар йирик пул ўтказмалари, омонатлар, ҳисобварақлар ва айрим операциялар ҳақида солиқ органларига автоматик маълумот юборади.

Карта, омонат ва пул ўтказмалари: солиқ назоратида нималар ўзгариши мумкин?

Ўзбекистонда банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатларига оид маълумотларни Солиқ қўмитасига тақдим этишнинг янги тартиби жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳа Президентнинг нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатнинг асосий мақсади банклар ва солиқ органлари ўртасидаги маълумот алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш, ахборотларни автоматик тарзда узатиш ҳамда солиқ назоратини кучайтиришдан иборат. Хўш, таклиф этилаётган лойиҳада қандай янгиликлар бор?

Банклар ва Солиқ қўмитаси ўртасида янги модул яратилади

Лойиҳага кўра, «Банк-солиқ» номли махсус ахборот алмашиш модули яратилади.

Мазкур тизим орқали банклар мижозларнинг ҳисобварақлари, омонатлари ва улар бўйича амалга оширилган операциялар ҳақидаги маълумотларни Солиқ қўмитасига марказлашган ҳолда автоматик узатади.

Барча юборилган ва қабул қилинган маълумотлар тизимда қайд этилади.

Бундан ташқари, банклар ҳар қандай юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ва бошқа мижозларнинг:

  • ҳисобварақлари очилгани;

  •  ҳисобварақлари ёпилгани;

  • омонатлари очилгани;

  • омонатлари ёпилгани;

  • реквизитлари ўзгаргани ҳақидаги маълумотларни уч кун ичида Солиқ қўмитасига юбориши керак бўлади.

Ушбу тартиб Қўмитанинг банкларга юборган сўровлари учун ҳам амал қилади.

Амалда бу солиқ органлари қайси шахс ёки компаниянинг қайси банкда ҳисобварағи ёки омонати мавжудлигини тезкор равишда аниқлай олишини англатади.

Катта миқдордаги пул ўтказмалари ҳақида солиқ органлари хабардор қилинади

Лойиҳадаги энг муҳокамали нормалардан бири жисмоний шахсларнинг банк карталарига тушадиган маблағларга тааллуқли.

Унга кўра, агар бир календарь ой давомида фуқаронинг банк картасига бошқа жисмоний шахсларнинг карталари ёки электрон ҳамёнларидан тушган маблағларнинг умумий суммаси БҲМнинг 500 бараварига тенг ёки ундан ошса, банк бу ҳақда Солиқ қўмитасига маълумот юборади.

1 июлдан кучга кирадиган базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўмни ташкил қилса, келгусида Солиқ қўмитаси қиймати 220 миллион сўмдан юқори пул ўтказмаларини назорат қилиши мумкин.

Бироқ ҳужжатда бир нечта муҳим истиснолар ҳам белгиланган, хусусан:

  •  яқин қариндошлар ўртасидаги пул ўтказмалари ҳисобга олинмайди;

  • фуқаронинг ўз карталари ўртасидаги пул ўтказмалари ҳам назорат объекти ҳисобланмайди.

Хорижий интернет хизматларига тўловлар ҳам кузатилади

Лойиҳада яна бир янги норма назарда тутилган.

Банклар Ўзбекистон ҳудудида реализация жойи деб эътироф этиладиган электрон хизматларни кўрсатувчи хорижий компанияларга жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган тўловлар тўғрисида Солиқ қўмитасига маълумот бериб боради.

Бунда:

  •  компания номи;

  •  транзакция рақами;

  • тўлов санаси;

  • тўлов суммаси;

  • валюта тури;

  • давлат номи;

  • халқаро тўлов тизими ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Шу билан бирга, ҳужжатда бу маълумотлар шахсга доир маълумотлар кўрсатилмаган ҳолда юборилиши алоҳида қайд этилган.

Нақд пул ва терминал тушумлари ҳам назорат қилинади

Банклар Солиқ қўмитасига қуйидаги маълумотларни ҳам мунтазам юбориб туради:

  • мижоз ҳисобварақларига нақд пул тушумлари;

  • терминал орқали қабул қилинган маблағлар;

  • махсус ҳисобварақлардаги қолдиқ ва айланмалар;

  • йирик операциялар ҳақидаги маълумотлар.

Бу эса солиқ органларига пул оқимларини аввалгидан анча кенгроқ кўламда кузатиш имконини беради.

Қайси операциялар «йирик» деб ҳисобланади?

Лойиҳада йирик операциялар учун алоҳида мезонлар ҳам белгиланган.

Банклар Солиқ қўмитасига:

  •  юридик шахслар томонидан БҲМнинг 1000 баравари (440 миллион сўм)дан ошган операциялар;

  • якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан БҲМнинг 500 баравари (220 миллион сўм)дан ошган операциялар;

  • мижозлар томонидан БҲМнинг 500 баравари (220 миллион сўм)дан ошган нақд пул ечиб олиш ҳолатлари ҳақида маълумот тақдим этади.

Бунда бюджетга тўловлар, айрим валюта операциялари ва қонунчиликда кўрсатилган бошқа операциялар истисно қилинади.

Банк сири ҳақидаги қонун бекор қилинадими?

Ҳужжатда банклардан олинадиган барча маълумотлар солиқ сири ҳисобланиши белгиланган.

Унга кўра, маълумотлардан фақат солиқ мақсадларида фойдаланиш мумкин ва уларни ошкор қилиш тақиқланади. Шунингдек, учинчи шахслар манфаатлари йўлида фойдаланишга йўл қўйилмайди. Маълумотларнинг хавфсизлиги учун Солиқ қўмитаси жавобгар бўлади.

Шу сабабли лойиҳа банк сирини бекор қилмайди. Бироқ солиқ органларининг банк маълумотларига кириш имкониятларини анча кенгайтиради ва мавжуд ваколатларни автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширишни назарда тутади.

Mavzuga oid