2026-йилда банк мижозларга жами 38,5 трлн сўм кредит ажратишни режалаштирган. Шундан 28,2 трлн сўм юридик шахсларга, 10,3 трлн сўм эса жисмоний шахсларга йўналтирилиши кўзда тутилган.
«Milliy bank» аксиядорлик жамияти 2027-йилда мижозларга ажратиладиган кредитлар ҳажмини 43 трлн сўмга етказади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга банк томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан берилган ахборотда маълум қилинди.
Келгуси йилда иқтисодиётнинг реал секторига 18 трлн сўм, инфратузилма лойиҳаларига эса 5 трлн сўм йўналтириш кўзда тутилмоқда. 2026-йилда банк томонидан мижозларга жами 38,5 трлн сўм, жумладан, юридик шахсларга 28,2 трлн сўм, жисмоний шахсларга 10,3 трлн сўм кредит ажратиш режалаштирилган.
Ўтган даврда иқтисодиётнинг асосий тармоқларини, жумладан, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича 2 мингта лойиҳага 15 трлн сўм кредит йўналтирилган. Шунингдек, қурилиш соҳасидаги 235 та лойиҳани молиялаштириш учун 1,7 трлн сўм ажратилган.
Ёшлар бандлиги, маҳаллалардаги лойиҳалар ва топшириқлар
2026-йилда банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар орқали 306 минг нафар битирувчининг бандлиги таъминлангани қайд этилди. Ёшлар ва битирувчиларнинг бизнес лойиҳаларига ажратиладиган кредитлар ҳажмини 618 млрд сўмга етказиш, бу орқали қарийб 10 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Банкка бириктирилган 1 минг 188 та маҳаллада аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган 13 мингта микролойиҳа шакллантирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2,8 трлн сўм кредит йўналтириш ҳамда 178 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Давлат раҳбари банк ресурсларини, аввало, юқори қўшилган қиймат яратувчи лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш ва барқарор иш ўринларини яратишга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади.
Банк раҳбариятига кредит маблағларининг иқтисодий самарадорлигини ошириш, истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишда тадбиркорларга кўмаклашиш, маҳаллаларда аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича молиявий кўмак ишларини янада жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк қайси банклар тизимли аҳамиятга эга эканини айтганди.