Logo

Молия марказлари кредит олишни арзонлаштиради — Марк Беер

Bugun 19:043 daqiqa

Metis институти ҳаммуассиси Марк Беернинг айтишича, молия марказлари қарз олиш харажатларини ўртача 2 фоизга камайтиради. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиёти учун қўшимча 1 миллиард долларлик молиявий туртки бериши мумкин. Соҳа юқори маошли иш ўринлари билан келажак авлод учун ҳам фойдали бўлиши айтилмоқда.

Молия марказлари кредит олишни арзонлаштиради — Марк Беер

Тошкент халқаро инвестиция форумида Тошкентда яратилиши режа қилинаётган халқаро молия марказининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида сўз борди.

Унда OBE (Британча унвон), Metis институти ҳаммуассиси ва раиси Марк Беер ҳамда “Frankfurt Main Finance” бошқарувчи директори ва катта маслаҳатчиси Хубертус Вет Ўзбекистон учун, унинг келажаги учун Тошкент халқаро молия маркази муҳим эканини таъкидлади.

«Молия марказида яратилган ҳар бир иш ўрни келажакда 5,5 та қўшимча иш ўрнини яратади. Бу иқтисодий тизимдаги энг яхши кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли молия марказлари иқтисодий ривожланишда кучли воситалардан бирига айлана олади», — дейди Хубертус Вет.

Марк Беер family office’лар бошқарувидаги бойликлар ва технологияга асосланган рақамли активларни кўчиб юрувчи қушларга қиёслаб, геосиёсий вазият таъсирида улар қўнган «дарахт»нинг қимирлай бошлаганини, шу сабаб капитал янги ва хавфсизроқ «уй» излаётганини айтди. Унинг фикрича, айнан шундай шароитда молиявий марказлар инвесторлар учун энг жозибадор манзилга айланиш учун рақобат олиб бормоқда.

«Ҳукумат уларнинг бир қисмини Тошкентга қўндириши керак. Family office’лар томонидан бошқариладиган бойлик ҳажми тахминан 3 триллион доллардан ошади. Рақамли активлар эса тахминан 60 триллион долларни ташкил қилади. Умумий 63 триллион долларлик капиталнинг ҳаммаси эмас, айримлари ўзига янги «уй» қидирмоқда. Агар Тошкент бу маблағнинг 1 фоизини жалб қиладиган бўлса, бу мамлакат ҳозирги иқтисодиётининг 3,5 баробари дегани», — дея тушунтирди эксперт.

Мутахассис 1 фоиз реалликдан узоқ рақам эмаслигини, Дубай халқаро молия маркази тахминан 10 йилдан бироз кўпроқ вақт ичида 700 млрд долларлик капитални жалб қилганини қайд этди. У Тошкент учун ҳатто 1 фоизнинг 1 фоизи ҳам катта натижа бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Марк Беернинг фикрига кўра, молия марказлари бозордаги қарз олиш ва пулнинг нархини тахминан 2 фоизга арзонлаштиради. Бу эса иқтисодиёт учун тўғридан тўғри катта ёрдам бўлиб хизмат қилади.

«Банклар 53 млрд доллар атрофида қарз бермоқда. Фоиз ставкалари анча баланд. 2 фоизни олиб ташласак, бу иқтисодиёт учун қўшимча 1 млрд долларлик молиявий туртки бўлиб хизмат қилади. Молия марказлари иқтисодий ўсишни тахминан 0,5 фоизга ўсишига ёрдам беради», — дейди у.

Эксперт молия марказини яратишга кетадиган сармоя ўзини бир неча юз баробарга қайтаришини, унинг фойдаси келажак авлод учун яратиладиган имкониятларда ҳам кўринишини айтди.

«Ўғлим ҳам шу залда ўтирибди. Ҳозир у университетда таҳсил олади. Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида эшитгач, мен билан бирга келиб, буларни ўз кўзи билан кўришни истади. Молия марказлари фақат бугунги иқтисодий натижалар ҳақида эмас, балки ёшларимиз ва фарзандларимизнинг келажаги ҳақида ҳамдир. Бу ерда улар учун юқори малака талаб қиладиган, яхши маошли иш ўринлари яратилади», — деди Беер.

Маълумот учун, Тошкент халқаро молия марказида молия компаниялари учун алоҳида солиқ ва ҳуқуқий режим жорий этилмоқда. Иштирокчилар 2076-йилгача айрим солиқлардан озод қилинади, тижорат муносабатлари эса Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи асосида тартибга солинади.

Молия маркази қандай тартибда ишлаши, нималар режа қилинаётгани ҳақида Вақт.uz таҳлилида ўқиш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid