Logo

Назарбоевнинг жияни билан боғлиқ компаниядан 6,5 млн долларлик экологик жарима мажбурий ундирилмоқда

Bugun 18:033 daqiqa

Компанияга жарима 2024-йилда тайинланган. Бироқ ташкилот ушбу қарор устидан судга шикоят қилган. Суд компаниянинг шикоятларини рад этган ва жарима ҳақидаги қарор қонуний кучга кирган. Шундан сўнг жаримани мажбурий ундириш бошланган. Ҳозирда тўланмай қолган 5,4 млн долларнинг ундирилиши прокуратура назоратида.

Назарбоевнинг жияни билан боғлиқ компаниядан 6,5 млн долларлик экологик жарима мажбурий ундирилмоқда © Forbes

Қозоғистоннинг «ЖАН и КС» нефт компаниясидан 3 млрд тенгедан ортиқ (6,5 млн доллар) экологик жарима ундирилмоқда. Суд ижрочилари ҳозиргача ушбу маблағнинг 490 млн тенгедан ортиғини (1 млн доллардан зиёд) Атирау вилояти бюджетига ўтказган. Бу ҳақда «Ulysmedia.kz» хабар берди.

Қоидабузарликни Атирау вилояти табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси аниқлаган. Маълум бўлишича, компания қудуқ қазиш ишлари давомида ҳосил бўлган бурғилаш чиқиндилари ва ишлатилган махсус суюқликларни белгиланган тартибга риоя қилмасдан тўплаб келган.

Бурғилаш чиқиндилари — нефт ва газ қудуқларини қазиш жараёнида ер ости жинсларидан ҳосил бўладиган майда тош ва тупроқ қолдиқлари. Қудуқ қазишда ишлатиладиган махсус суюқликлар билан аралашган бу чиқиндилар таркибида нефт маҳсулотлари ва кимёвий моддалар бўлиши мумкин. Шу сабабли уларни оддий чиқинди сифатида ташлаб юбориш мумкин эмас, махсус усулда зарарсизлантириш талаб этилади.
Компания атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича белгиланган меъёрларни бузгани учун Қозоғистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 328-моддаси 6-қисми асосида жавобгарликка тортилган.

Прокуратура маълумотига кўра, компанияга жарима 2024-йилда тайинланган. Бироқ «ЖАН и КС» ушбу қарор устидан судга шикоят қилган. Суд компаниянинг шикоятларини рад этган ва жарима ҳақидаги қарор қонуний кучга кирган. Шундан сўнг жаримани мажбурий ундириш бошланган. Ҳозирда тўланмай қолган қарийб 2,5 млрд тенге (5,4 млн доллар) маблағнинг ундирилиши прокуратура назоратида.

«ЖАН и КС» Атирау вилоятидаги «Прибрежное» конида нефт ва газ қазиб олиш билан шуғулланади. Компания йўл қурилиши, гидротехник иншоотлар барпо этиш, қурилиш материаллари ва фойдали қазилмалар қазиб олиш соҳаларида ишлайдиган «Aytei Group» холдинги таркибига киради. Ушбу холдинг Сеитжан Есимовга тегишли. У Нурсултон Назарбоевнинг жияни Ахметжан Есимовнинг укаси ҳисобланади. Сеитжан Есимовнинг ўзи Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни экани айтилган. Ахметжан Есимов аввал Олмаота шаҳри ҳокими, EXPO-2017 кўргазмаси раҳбари ва «Самруқ-Қазина» миллий фаровонлик жамғармаси бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган.

Қозоғистонда нефт компаниялари экологик қоидабузарликлар учун мунтазам жаримага тортилади. Масалан, 2025-йилнинг январ ойида «Мангистаумунайгаз» компаниясига жами 32,2 млрд тенге (тахминан 61 млн доллар) жарима солинган. Бунга оқова сувларни ер остига оқизиш, бурғилаш чиқиндиларини белгиланган меъёрдан ортиқ тўплаш ва ҳавога рухсат этилган миқдордан кўп зарарли моддалар чиқариш сабаб бўлган.

Ўша йили суд Кашаган конида фаолият юритувчи «North Caspian Operating Company» компаниясидан ҳам газни зарур рухсатномасиз машъалада ёққани учун 3,55 млрд тенге (6,7 млн доллар) ундиришга қарор қилган. 2026-йилда эса «Карачаганак Петролеум Оперейтинг» компаниясига ҳавога меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқаргани ва оқова сувларни белгиланган талабларга зид равишда чиқаргани учун 2,07 млрд тенге (4,5 млн доллар) жарима солинган.

Бундан ташқари, «Эмбамунайгаз» компанияси Атирау вилоятидаги конларда йўлдош газни ноқонуний ёққани учун 6,6 млрд тенге (ўша вақтда 17,8 млн доллар) тўлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Бўлат Назарбоевга алоқадор бўлган собиқ спиртли ичимликлар заводи сотувга қўйилганди.

Teglar

Mavzuga oid