Нефт ва газ фронт чизиғида: Эрондаги уруш энергетика бозорларини қандай қайта шакллантирмоқда?

Уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, энергетика бозорлари қўрққан энг ёмон сценарийлар амалга оша бошлади. Нефтдан фарқли равишда, суюлтирилган таббий газ савдосида захира қувватлари деярли йўқ.

Нефт ва газ фронт чизиғида: Эрондаги уруш энергетика бозорларини қандай қайта шакллантирмоқда?

Яқин Шарқдаги урушнинг асосий хусусияти шундаки, нефт қазиб олувчи мамлакатларнинг энергетика инфратузилмаси ўқ отиш чизиғида қолди.

Эрон билан уруш кўпчилик кутгандан ҳам тезроқ кенгаймоқда. Ислом Республикасининг Форс кўрфази араб давлатларига қарши жавоб ҳаракатлари ҳарбий нишонлар доирасидан чиқиб, фуқаролик учун муҳим инфратузилмаларга, жумладан аэропортлар, денгиз сувини чучуклаштириш иншоотлари ва энергетика объектларига ҳам таъсир қилди. Ҳизбуллоҳ Ливан ҳудудидан иккинчи фронтни очди. АҚШ президенти Доналд Трамп операция «тўрт–беш ҳафта» давом этиши мумкинлигини тахмин қилди. Бироқ қарийб 50 нафар юқори лавозимли эронлик амалдор ҳалок бўлганидан кейин можародан чиқиш бўйича музокараларни ким олиб бориши мумкинлиги ҳам ноаниқлигича қолмоқда.

Маҳаллий можаро ўрнига – жаҳон нефт қазиб олиш марказига зарба

Ню Йорк университети Профессионал тадқиқотлар мактаби Глобал масалалар маркази декани ўринбосари ва амалиётчи профессор Кэврлайн Киссейннинг ёзишича, Трамп эҳтимол маҳаллий қарама-қаршиликни кутган бўлиши мумкин, аммо амалда у жаҳон энергетика тизимининг энг муҳим марказида жиддий ларзаларни келтириб чиқарди. Нефт ва суюлтирилган табиий газни ташиш учун дунёдаги энг муҳим денгиз «тор ўтиш йўлакларидан» бири бўлган Ҳўрмуз бўғози ҳозир минимал қувват билан ишламоқда.

Жавоб сифатида Трамп юк ташувчи кемалар учун ҳарбий хавф-хатарларни суғурталашни таъминлаш ва бўғозни қайта очиш учун АҚШ денгиз кучлари томонидан кузатув беришни таклиф қилди. Аммо молиявий кафолатлар ва ҳарбий конвойлар танкерлар ракеталар, дронлар ва асимметрик ҳужумлар учун ҳали ҳам ҳимоясиз экани шароитида транзит хавфсизлигини тўлиқ таъминлай олмайди. Кемалар ҳужумга учраётган пайтда ишонч паст бўлиб қолаверади, бўғоз орқали ҳаракат эса чекланган бўлади. Бу эса жаҳон энергетика бозорларини кейинги узилишлар олдида янада заиф қилади.

Агар нефт юклаш яқин вақтда қайта тикланмаса, сақлаш имкониятларининг чеклангани Форс кўрфази давлатларини қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга мажбур қилади. Бу эса жаҳон таклифини камайтиради ва нефт нархларининг ошишига босимни кучайтиради. Сўнгги йилларда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ўсганига қарамай, углеводородлар ҳали ҳам жаҳон иқтисодиётига чуқур сингиб кетган. Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Кувайт, Ироқ ва Эрон Осиё саноатидан тортиб Европа ишлаб чиқариши ва глобал транспортгача энергия етказиб берувчи таъминот занжирларининг асосий бўғинларидир.

Вазиятни яна оғирлаштираётган омил бу можаронинг яқин орада тугаши ҳозирча кўринмаётганидир. Эрон олий раҳбари, оятоллуҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди, аммо етакчининг йўқ қилиниши режим алмашишини англатмайди. Аксинча, тарих шуни кўрсатадики, марказий ҳокимият парчаланишдан кўра тезроқ бирлашиши ҳам мумкин. Эрон давлат институтлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ўз яхлитлигини сақлаб қолмоқда ҳамда ҳозирги суръатдаги ҳужумларни бир неча ҳафта давомида қўллаб-қувватлаш учун етарли ракета захираларига эга. Режимнинг жавоб ҳаракатлари салоҳияти ҳали тугагани йўқ.

Кенг қамровли оқибатларга эга можаро

Можаронинг қанча давом этиши энергетика бозорлари учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Қисқа урушлар одатда нархлар ўзгарувчанлигини келтириб чиқаради, аммо узоқ давом этган беқарорлик савдо оқимлари, инфратузилма хавфларига берилган баҳолар ва инвесторлар хулқ-атворини ўзгартиради. Ҳозир асосий савол фақат Ҳўрмуз бўғози яна очиладими-йўқми эмас, балки Эрон муҳим энергетик инфратузилмага яна қанча қўшимча зарар етказиши мумкинлигидадир.

Бундан ташқари, таъминот хавфлари транзит хавфларини ҳам кучайтирмоқда. Ироқ аллақачон нефт қазиб олишни қисқартирди. Қатар эса дрон ҳужумларидан кейин асосий объектларда суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқаришни тўхтатди. Саудия Арабистони Рас-Танура мажмуасига берилган зарбалардан кейин ўз инфратузилмасига яна ҳужумлар бўлишидан хавотирланмоқда, бу ерда подшоҳликдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган бўлиб, у кунига тахминан 550 минг баррел нефт қайта ишлайди, шунингдек, муҳим экспорт терминали ҳам шу ерда жойлашган. Форс кўрфази давлатларининг энергетик инфратузилмаси эндиликда эскалация ҳудудига айлангани сабабли, ишлаб чиқарувчилар тобора кўпроқ хавфсизлик ва ишлаб чиқаришнинг узлуксизлиги ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса эҳтиёт чоралари орқали бутун тизим барқарорлигини пасайтирмоқда.

Айнан шу сабабли нефт нархлари кескин ошди. Бозорлар ҳам таъминотнинг бир қисми йўқолишига, ҳам инфратузилма қанча вақт таҳдид остида бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ноаниқликка жавоб бермоқда. Газ бозорлари эса янада қаттиқ чекловларга дуч келмоқда. Нефтдан фарқли равишда, суюлтирилган таббий газ савдосида захира қувватлари деярли йўқ. Агар Форс кўрфазидаги узилишлар бир неча ҳафта давом этса, харидорлар чекланган ёқилғи партиялари учун рақобатга киришади.

Бу ҳолат айниқса Европа учун хавфли. Кутилгандан совуқроқ бўлган қишдан кейин у ерда газ захиралари тўлдириш мавсуми бошланишидан олдин анча паст даражада. Гарчи Ҳўрмуз бўҳози орқали ўтаётган суюлтирилган табиий газнинг катта қисми Осиёга йўналтирилса-да, жаҳон газ бозорлари ўзаро боғланган. Форс кўрфазидан таъминот камайганда рақобат кучаяди. Газ омборларини тўлдириш қимматроқ ва сиёсий жиҳатдан сезгирроқ масалага айланади. Агар суюлтирилган табиий газ оқимлари чекланган ҳолда қолса, Европа келаси қиш олдидан янада мураккаб вазиятга дуч келиши мумкин.

Тақчиллик оқибатлари фақат Европа билан чекланмайди. Дунёдаги энг йирик нефт импортчиси Хитой қуруқликдаги стратегик ва тижорат омборларида тахминан 1,2 миллиард баррел нефт захираси тўплаган. Бу ҳозирги даражадаги соф импортни 100 кундан ортиқ таъминлашга етади. Бу захиралар маълум даражада ҳимоя вазифасини бажариши мумкин, аммо стратегик нефт захиралари фақат вақт ютиш имконини беради. Агар беқарорлик давом этса, захираларни тўлдириш қимматлашади, нефтни қайта ишлаш маржаси қисқаради ва ишлаб чиқариш харажатлари ошади.

Жаҳон бозорида нефт нархларининг ошиши арзон Россия углеводородларининг нисбий жозибадорлигини ҳам кучайтиради. Бозор таранглашган шароитда санкциялар остидаги нефт ҳам рақобатбардошроқ бўлиб қолади ва бу эҳтимол Кремлнинг энергетик даромадларини ошириши мумкин. Форс кўрфазидаги узоқ давом этувчи беқарорлик нафақат таъминот занжирларини, балки геосиёсий таъсир мувозанатини ҳам ўзгартириши мумкин.

Ривожланаётган иқтисодиётлар янада катта хавфларга дуч келади. Нефт ва газ нархларининг ошиши глобал солиққа ўхшаш таъсир кўрсатиб, озиқ-овқат, транспорт ва электр энергияси нархларини қимматлаштиради. Инфляция ва қарз муаммолари билан курашаётган мамлакатлар учун узоқ давом этувчи ўзгарувчанлик валюта ва давлат молиясини беқарорлаштириши мумкин.

Эрон билан урушнинг ўзига хослиги битта катастрофик узилиш хавфида эмас, балки энергетик инфратузилманинг ҳарбий эскалация мантиғининг бир қисмига айланиб қолганидадир. Ўнлаб йиллар давомида Форс кўрфазидаги углеводород активлари жаҳон иқтисодиёти учун жуда муҳим деб ҳисобланиб, уларга тизимли ҳужумлар қилинмаслиги ҳақида норасмий тийиб туриш мавжуд эди. Бироқ бу норасмий тўсиқ энди кучини йўқотмоқда. Аниқ зарбалар ва олдиндан тўхтатиб қўйишлар инфратузилма энди тўғридан тўғри ўқ чизиғида турганини кўрсатмоқда.

Ниҳоят, бозорлар ортиб бораётган ноаниқликка ҳам жавоб бермоқда. Доналд Трампнинг сиёсий баёнотлари дипломатия, тийиб туриш ва эскалация ўртасида тебраниб турибди. Бу эса энергетика соҳаси инвесторларига можаронинг эҳтимолий йўналиши ва давомийлигини баҳолашни қийинлаштирмоқда.

Кўпчилик бу можарони муқаррар эмас, балки олдини олиш мумкин бўлган низо деб қабул қилган эди. Агар у кутилгандан узоқ давом этса ёки янада вайронкор бўлса, жаҳон иқтисодиёти учун оқибатлар жиддий бўлади. Энергия таъминотига берилган зарба суғурта бозорлари, юк ташиш харажатлари, захира тўплаш цикллари, саноат таъминот занжирлари ва бутун дунёдаги ёқилғи нархларига таъсир қилади. Қарама-қаршилик бошланганидан бир неча кун ўтиб, энергетика бозорлари қўрққан энг ёмон сценарийлар амалга оша бошлади. Узоққа чўзилган уруш нефт ва газ бозорларидаги ўзгарувчанликни барқарор босимга айлантириши мумкин, бу эса ҳозирги ноаниқликдан ҳам ёмонроқ сценарийдир.

Teglar

Mavzuga oid