Logo

Озарбойжон компанияси Қашқадарёдаги Акба олтин конида қидирув ишларини бошлайди

Bugun 16:062 daqiqa

Компания олтин конларини баҳолаш, қазиб олиш технологияларини синовдан ўтказиш ва йирик инвеститсия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Озарбойжон компанияси Қашқадарёдаги Акба олтин конида қидирув ишларини бошлайди © Shutterstock

Қашқадарё вилоятидаги Акба олтин конида Озарбойжон компанияси томонидан комплекс геологик қидирув ишлари олиб борилади. Бу ҳақда «AzerGold» аксиядорлик жамияти матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Озарбойжоннинг «AzerGold» компанияси Ўзбекистонда ўзининг илк хорижий шўба корхонасини масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида расман рўйхатдан ўтказган. Ушбу янги тузилма — «AzerGold Uzbekistanн»нинг асосий мақсади икки давлат ўртасида тоғ-кон саноати ва геологик қидирув соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Акба олтин конида минерал ресурсларни баҳолаш ҳамда конни саноат миқёсида ўзлаштиришнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини аниқлашдан иборат.

Ҳозирги вақтда кон ҳудудида ишларни бошлаш учун зарур рухсатномаларни олиш жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли қарори билан рухсатнома (лицензия) олинганидан сўнг, конда 18 ойга мўлжалланган қидирув ишлари старт олади.

Ушбу давр мобайнида кон ҳақидаги мавжуд геологик маълумотлар таҳлил қилинади, қўшимча қидирув ўтказилиб, минерал ресурслар халқаро ЖОРC кодекси талаблари асосида баҳоланади. Шу билан бирга, металлургик синовлар ўтказилиб, жараённинг атроф-муҳитга таъсири ўрганилади ҳамда қазиб олиш технологиялари кўриб чиқилади.

Қидирув ишлари якунига етгач, конни ўзлаштириш учун якуний техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилади. Натижалар асосида тайёрланган инвестиция таклифи Ўзбекистоннинг тегишли давлат органларига тақдим этилади.

Таъкидланишича, ушбу лойиҳа учун ҳуқуқий асос 2026-йил 17-июнда «AzerGold» ва Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ўртасида Акба олтин конини биргаликда ўзлаштириш бўйича имзоланган келишувга бориб тақалади.

Навоий ва Нурота оралиғида ҳам геологик қидирув ишлари амалга оширилади

Озарбойжон компанияси фақатгина Қашқадарё билан чекланиб қолмай, Ўзбекистондаги бошқа истиқболли фойдали қазилма конларини ҳам ўрганишни мақсад қилган. Навоий ва Нурота шаҳарлари оралиғидаги истиқболли ҳудудларда геологик қидирув ишларини олиб бориш учун махсус қўшма корхона ташкил этилади. Бу ҳақда 2026-йил 17-июл куни «AzerGold», «O‘zbekgeologorazvedka» АЖ ҳамда Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси ўртасида имзоланган уч томонлама келишувда белгиланган.

Айни пайтда мазкур қўшма корхонанинг таъсис ҳужжатларини келишиш ва давлат рухсатномаларини олиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида дастлабки икки йил учун геологик қидирув ва уни молиялаштириш режаси ишлаб чиқилган. Қўшма корхона тўлиқ ишга тушгач, ҳудудларда босқичма-босқич геологик тадқиқотлар ўтказилади.

Агар қидирувлар натижасида қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган фойдали қазилма захиралари аниқланса, томонлар тегишли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва конларни биргаликда ўзлаштиришга киришади. Бундан ташқари, ҳозирда икки давлат ҳудудларидаги ўзаро манфаатли бошқа конларни ҳам биргаликда қидириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid

Озарбойжон компанияси Қашқадарёдаги Акба олтин конида қидирув ишларини бошлайди | Vaqt.uz