Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисмида жамғарма йўқ, Тошкентда бу кўрсаткич янада юқори
26.07.2025 | 10:304 daqiqa
Марказий банк ўтказган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг камида 34 фоизи ҳеч қандай пул жамғармасига эга эмас. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 38 фоизга етган, яъни қарийб ҳар иккинчи фуқарода захира пул мавжуд эмас.

Ҳозирги кунда ишловчи аҳолининг фақат 20 фоизида расмий банк омонатлари мавжуд. Яна 23 фоизи пулларини уйда нақд шаклда сақлашини, яна шунча киши эса банк карталарида сақлашини билдирган. Бошқа сўров натижаларидан маълум бўлишича, жамғармага эга бўлмаганлар сони Фарғона ва Тошкент вилоятларида ҳам 37 фоизни ташкил қилган. Энг яхши кўрсаткич Навоийда: захирага пул сақламайдиганлар сони 25 фоиз атрофида.
Банк омонатларига эга бўлишда эса Қорақалпоғистон Республикаси (31 фоиз), Бухоро (26 фоиз) ва Навоий (24 фоиз) вилоятлари етакчи. Андижонда эса одамлар пулларини уйда сақлашни афзал кўради: бу ерда бундайлар 36 фоизни ташкил этади. Жиззах ва Наманганда бу кўрсаткич 27 фоизга тенг.
Омонат очиш усулларига келсак, фойдаланувчиларнинг 36 фоизи банкка бориб нақд пул топширишни, 29 фоизи эса картадан пул ўтказишни танлаган. Аммо 35 фоиз респондент мобил иловалар орқали омонат очишини маълум қилган. Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 44 фоизни, Тошкент ва Қашқадарёда эса 41 фоизни ташкил этади. Энг кам фойдаланувчилар эса Андижон (28 фоиз) ва Хоразмда (30 фоиз) қайд этилган.
Шу билан бирга, Андижон ва Хоразмда одамлар нақд пул билан омонат очишни афзал кўришади — мос равишда 47 фоиз ва 43% фоиз. Тошкент ва Қорақалпоғистонда эса бундай ҳолат мос равишда 29 фоиз ва 26 фоиз.
Мобил иловалар орқали омонат хизматларидан фойдаланиш даражаси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси (61 фоиз) ва Бухоро вилояти (57 фоиз) етакчилик қилмоқда. Тошкент ва Андижонда эса бу хизматдан фойдаланмайдиганлар сони ундан фойдаланувчилар сонидан кўп: Тошкентда — 44 фоизга қарши 43 фоиз, Андижонда — 43 фоизга қарши 37 фоиз.





