Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистонда «Yandex Go» хизматида узилишлар кузатилмоқда

Bugun 11:102 daqiqa

Бу ҳолат Россияда компаниянинг маълумотлар марказларига кетма-кет дрон ҳужумлари уюштирилганидан сўнг юз бермоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда «Yandex Go» хизматида узилишлар кузатилмоқда © cpomagazine.com

Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида 11-октябрь куни «Yandex Go» такси хизматидан фойдаланишда муаммолар юзага келди. Худди шундай узилишлар Қозоғистонда ҳам қайд этилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг хабар беришича, Ўзбекистонда илова орқали такси буюртма қилишга уринганда хизмат вақтинча ишламаётгани ва беш дақиқадан сўнг қайта уриниб кўриш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш пайдо бўлмоқда.

Қозоғистоннинг Informburo.kz нашри хабарига кўра, мамлакатда «Yandex Go» хизматлари компаниянинг Россиянинг Владимир шаҳридаги маълумотлар марказига қилинган ҳужумдан сўнг вақтинча ишламай қолган.

1

Хусусан, 11-октябрь куни тонгда Россиянинг ТАСС нашри Владимирдаги «Yandex» маълумотлар маркази фаолияти дронлар ҳужумидан сўнг бутунлай тўхтатилгани ҳақида хабар берди.

Маълумотлар марказига қилинган ҳужум ички ва фойдаланувчи сервисларига таъсир кўрсатгани айтилмоқда. Дастлаб ходимлар — курьерлар, таксичилар ва қўллаб-қувватлаш хизмати ходимлари фойдаланадиган хизматлар ишламай қолган.

Шунингдек, такси ҳайдовчилари ва курьерлар рўйхатдан ўтадиган «Яндекс Pro» иловаси ҳам ўз фаолиятини бутунлай тўхтатди.

Ўзбекистондаги узилишлар ҳам айнан шу ҳодиса билан боғлиқ бўлиши мумкин, чунки бундай ҳолатлар ҳафта давомида юз берди.

Дрон ҳужумлари кетма-кет давом этмоқда

9-октябрь куни Россиянинг Калуга шаҳрида «Yandex» компаниясининг маълумотлар маркази дронлар ҳужумига учради. Компания ҳужум оқибатида инфратузилманинг бир қисми шикастланганини билдирган.

Бунгача, 8-октябрга ўтар кечаси Рязань вилоятининг Сасово шаҳрида жойлашган компания маълумотлар марказида ҳам дронлар ҳужумидан сўнг ёнғин чиққан эди.

Аввалроқ Россиядаги «Wildberries» омборларига ҳам дрон ҳужумлари уюштирилган эди. Бунинг ортидан Котовск шаҳрида жойлашган «Wildberries» логистика маркази бутунлай ёниб кетиб, ҳужум оқибатида икки киши жароҳатланган.

Носозлик яна қаерларда кузатилди?

«Yandex Go» хизматидаги узилишлар фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон билан чекланмаган. Фойдаланувчилар ва ОАВ хабарларига кўра, Россия, Арманистон, Беларусь, Сербия ва Грузияда ҳам хизмат фаолиятида муаммолар кузатилган.

Россияда 9-октябрь куни Москва, Санкт-Петербург, Самара, Новосибирск ва бошқа ҳудудларда такси буюртма қилиш имконсиз бўлгани, сервер хатолари юзага келгани ва илованинг секин ишлагани ҳақида бир нечта интернет-нашрлари хабар берган.

Қозоғистонда Остона, Олмаота ва Ақтўбе шаҳарларида илованинг айрим функциялари ишламай қолган. Айрим фойдаланувчилар такси буюртмасини қабул қилгандан кейин ҳам носозликларга дуч келганини билдирган.

Шунингдек, Арманистон, Беларусь ва Сербияда ҳам «Yandex Go» хизматида узилишлар мавжуд. Грузиянинг Тбилиси шаҳрида эса сервер хатолари сабаб такси буюртма қилиш ва илованинг бошқа функцияларидан фойдаланишда қийинчиликлар кузатилгани айтилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid