Logo

Ўзбекистон ярим йилда нималар сотиб олди ва сотди?

Bugun 13:055 daqiqa

Мамлакат экспортида хизматлар, саноат ва тўқимачилик маҳсулотлари етакчи бўлди. Импортнинг учдан бирини машина ва транспорт ускуналари ташкил қилди. Четдан озиқ-овқат олиб келиш эса 44,2 фоизга ошди. Натижада ташқи савдо тақчиллиги 9,3 млрд долларга етди. Бу рекорд.

Ўзбекистон ярим йилда нималар сотиб олди ва сотди? © Bloomberg

2026-йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг хорижга экспорти 15,9 млрд доллар, импорти эса 25,1 млрд доллар бўлди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасидан маълум бўлди.

Январ–июнь ойларида мамлакатнинг умумий ташқи савдо айланмаси 41 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 млрд долларга ёки 7,4 фоизга кўп.

Бироқ ўсиш экспорт эмас, асосан импорт ҳисобига шаклланди. Экспорт 1,5 млрд долларга ёки 8,8 фоизга камайган бўлса, импорт 4,4 млрд долларга ёки 21 фоизга ошди.

1

Натижада Ўзбекистоннинг ташқи савдо тақчиллиги бир йилда 3,4 млрд доллардан 9,3 млрд долларга етди. Мамлакатнинг импорт ва экспорти ўртасидаги тафовут 5,9 млрд долларга кенгайиб, қарийб 2,8 баробар ошди. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Экспортни олтин пастга тортди

Умумий экспортдаги пасайиш аксарият маҳсулотлар савдоси камайганини англатмайди. Асосий таъсир олтин экспорти ортидан содир бўлган.

Ўзбекистон 2025-йилнинг биринчи ярмида 6,5 млрд долларлик олтин сотганди. Бу йил кўрсаткич 1,5 млрд долларгача тушди. Натижада олтин экспорти 5 млрд долларга ёки 76,8 фоизга камайди. Ҳукумат фақат апрель ойида олтин сотувини амалга оширди.

Таққослаш учун, умумий экспортдаги пасайиш 1,5 млрд долларни ташкил этди. Демак, хизматлар ва бошқа товарлар экспортидаги ўсиш олтин савдосидаги кескин қисқаришни сезиларли даражада қоплаган.

2

Олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 28,7 фоизга ўсиб, қарийб 8,2 млрд долларга етди.

Ўзбекистон энг кўп хизмат экспорт қилди. 6 ойда хизматлар экспорти 35,7 фоизга ошиб, 6,2 млрд долларни ташкил этди. Бу мамлакат умумий экспортининг 39,1 фоизига тенг.

Хизматлар таркибида саёҳат ва туризм 3,3 млрд доллар, транспорт 2 млрд доллар, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари эса 545,3 млн долларни ташкил қилди.

Таққослаш учун, ўтган йили хизматларнинг умумий экспортдаги улуши 26,3 фоиз эди. Улушнинг кескин ошиши бир томондан хизматлар экспортининг ўсиши, иккинчи томондан олтин савдоси қисқариши ҳисобига юз берди.

Товарлар орасида саноат маҳсулотлари экспорти 2,4 млрд долларни ташкил этди ва 22,8 фоизга кўпайди. Турли тайёр маҳсулотлар экспорти эса қарийб икки баробар ошиб, 1,36 млрд долларга етди. Шундан 629,9 млн доллари кийим-кечаклар ҳиссасига тўғри келди.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти алоҳида ҳисобда 24,1 фоизга ошиб, 1,6 млрд долларни ташкил қилди. Унинг 52,6 фоизи тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, 31,1 фоизи ип-калавадан иборат бўлди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти 1,3 млрд долларга, кимё маҳсулотлари 1,28 млрд долларга етди. Мева-сабзавот экспортидан 872,9 млн доллар тушум олинди. 

Ёқилғи экспорти 5,6 фоизга ўсиб, 772,8 млн долларни ташкил этди. Бироқ унинг ички таркибида қарама-қарши ўзгариш кузатилди: нефть ва нефть маҳсулотлари экспорти 54,3 фоизга ошган бўлса, табиий ва сунъий газ экспорти 34,4 фоизга камайди.

Ўзбекистон энг кўп Россияга — 2,4 млрд долларлик товар ва хизмат экспорт қилди. Кейинги ўринлардан Хитой (1,4 млрд доллар), Афғонистон (961,5 млн доллар), Қозоғистон (717 млн доллар) ва Франция (707,2 млн доллар) жой олди.

Импортнинг учдан бири машина ва ускуналардан иборат

Ўзбекистон ярим йилда энг кўп машина ва транспорт ускуналарини сотиб олди. Бу йўналишдаги импорт 25,1 фоизга ошиб, 8,3 млрд долларга етди ва умумий импортнинг 32,8 фоизини ташкил қилди.

3

Машина ва транспорт ускуналари импорти бир йилда 1,65 млрд долларга кўпайган. Бу умумий импортдаги ўсишнинг қарийб 38 фоизи айнан шу гуруҳ ҳиссасига тўғри келганини англатади.

Бунда автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари импорти 2 млрд долларни ташкил этди. Шундан 778,3 млн доллари йўловчи автомобиллари, 904,3 млн доллари автомобиль қисмлари ва анжомлари ҳиссасига тўғри келди. Йўловчи автомобиллари импорти бир йилда 84,5 фоизга ошди.

Электр машиналари ва ускуналари учун 1,4 млрд доллар, саноат машиналари учун 1,2 млрд доллар сарфланди. Электр алоқа ускуналари импорти қарийб икки баробар ошиб, 840,9 млн долларга, энергия генераторлари ва ускуналари импорти эса 56 фоизга кўпайиб, 839,7 млн долларга етди.

Машина-ускуналар импортининг ўсиши инвестицион фаоллик кучайганини англатиши мумкин. Бироқ ҳисоботда ускуналар қандай мақсадда олиб кирилгани ажратиб кўрсатилмаган.

Озиқ-овқат импорти 44 фоизга ошди

Импортдаги иккинчи йирик ўсиш озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Ўзбекистон 6 ойда 2,8 млрд долларлик озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар сотиб олди. Бу ўтган йилга нисбатан 864,5 млн долларга ёки 44,2 фоизга кўп.

Озиқ-овқатнинг ўзи умумий импортдаги ўсишнинг қарийб бешдан бир қисмини шакллантирди.

Жумладан, 761,1 млн долларлик дон ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, 480,8 млн долларлик гўшт, 362,7 млн долларлик шакар ва асал ҳамда 325,7 млн долларлик мева-сабзавот импорт қилинди.

Дон маҳсулотлари импорти 67,3 фоизга, гўшт хариди 42,1 фоизга, шакар ва асал импорти 48,6 фоизга ошди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 3,7 млрд долларлик саноат товарлари, 3 млрд долларлик кимё маҳсулотлари ва қарийб 3 млрд долларлик хизматлар харид қилди. Кимё маҳсулотлари таркибида тиббиёт ва фармацевтика товарлари 966,4 млн доллар билан энг катта улушни эгаллади.

Ёқилғи импорти 19,3 фоизга ошиб, 2,2 млрд долларга етди. Шундан 1,1 млрд доллари нефть ва нефть маҳсулотлари, 971,7 млн доллари табиий ва сунъий газ ҳиссасига тўғри келди.

Бензин импорти 78,5 фоизга ошиб, 409,5 млн долларни ташкил этди. Дизель импорти эса аксинча 11,1 фоизга камайиб, 228,9 млн долларга тушди.

Асосий ҳамкор — Хитой

Ўзбекистон импортининг 32 фоизи ёки 8 млрд доллари Хитой ҳиссасига тўғри келди. Бу кейинги ўриндаги Россиядан (4,6 млрд доллар) қарийб икки баробар кўп. Учинчи ўринни 2,1 млрд долларлик Қозоғистон эгаллади.

4

Биргина Хитойдан қилинган импорт ушбу мамлакатга амалга оширилган экспортдан 5,6 баробар кўп бўлди. Россиядан импорт ҳам унга қилинган экспортдан деярли икки баробар юқори.

Умуман, ярим йиллик кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг олтиндан ташқари экспорти ўсаётганини кўрсатмоқда. Хизматлар, тўқимачилик ва тайёр маҳсулотлар савдоси олтин экспортидаги пасайишни қисман қоплади.

Бироқ импорт экспортдан анча тез ўсмоқда. Бунда нафақат машина-ускуналар, балки озиқ-овқат ва ёқилғи харидининг ҳам сезиларли кўпайгани ажралиб туради. Натижада ташқи савдо айланмаси ошган бўлса-да, мамлакатнинг савдо баланси кескин ёмонлашди.

Teglar

Mavzuga oid