Logo

Ўзбекистонда гўшт ишлаб чиқаришни 400 минг тоннага ошириш режалаштирилмоқда

Bugun 08:053 daqiqa

Мамлакат озуқа етиштиришни 90 миллион тоннага етказиш ва қорамолларнинг тирик вазнини 550 килограммгача ошириш орқали қўшимча 400 минг тонна гўшт ишлаб чиқармоқчи.

Ўзбекистонда гўшт ишлаб чиқаришни 400 минг тоннага ошириш режалаштирилмоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда чорвачилик учун озуқа етиштириш ҳажмини 2027 йилда 64,5 миллион тоннага, 2030 йилга бориб эса 90 миллион тоннага етказиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 25 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев танишган чорвачиликда озуқа базасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимотда маълум қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда озуқа харажатлари гўшт етиштириш таннархининг 30 фоизини ташкил этмоқда.

Мамлакатда 12,5 миллион бош қорамол, 23 миллион бош қўй-эчки ва 125 миллион бош парранда боқилаётган бўлиб, йилига 48 миллион тонна озуқа етиштирилмоқда.

Бир бош қорамол учун йилига 6,5 тонна озуқа талаб этилса-да, амалда бу кўрсаткич 4 тоннадан ошмаяпти. Шунингдек, чорвачилик учун ажратилган қарийб 480 минг гектар ернинг камида 20 фоизидан самарасиз фойдаланилмоқда.

Ерлардан фойдаланиш ва озуқа марказлари

Тақдимотда ҳудудлар кесимида озуқа балансини шакллантириш, озуқабоп экин майдонлари ва турлари ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш, шунингдек, чорвачилик ерларидан мақсадли фойдаланишни космик мониторинг орқали назорат қилиш таклиф этилди.

Мавжуд майдонлардан самарали фойдаланиш, такрорий экин экиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига озуқабоп экинлар ҳосилдорлигини гектарига 350 центнердан 500 центнерга ошириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2030 йилгача 200 минг гектар ерни (шундан 50 минг гектарини келгуси йилда) қайта фойдаланишга киритиб, озуқабоп экинлар етиштириш белгиланган.
Яйловлар маҳсулдорлигини ошириш доирасида 2030 йилга қадар республика бўйича 1 миллион гектар яйловда дронлар ёрдамида уруғ сепиш кўзда тутилган.

Қашқадарё вилоятининг саккизта туманида эса хорижий тажриба асосида қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экинлар етиштириш йўлга қўйилади.
Шунингдек, мамлакатдаги қорамолларнинг 87 фоизи боқилаётган аҳоли хонадонларини сифатли озуқа билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда 100 дан ортиқ озуқа марказлари ва шохобчалари ташкил этилади.

Улар озуқани йирик ҳажмда харид қилиш, қайта ишлаш, захиралаш ва бозорга узлуксиз етказиб бериш билан шуғулланади.

Тадбиркорлар учун субсидия ва янги имтиёзлар

Тақдимотда соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан:

— 500 гектардан ортиқ ерни озуқабоп экинлар учун ўзлаштириб, замонавий суғориш тизимини жорий этган тадбиркорларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 минг куб метргача сиғимга эга сув ҳавзалари қуриб бериш;
— «Пивот» суғориш технологияси учун ажратиладиган субсидияни ҳар бир гектарга 2,5 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача ошириш;
— камида 10 гектар майдонни суғоришда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланганда ускуналар хариди харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш;
— Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида яйловларни ўзлаштирган тадбиркорларга ушбу майдонларнинг бир қисмида чорвачилик комплексларини қуриш имкониятини яратиш;
— 2027 йилдан Қашқадарё вилоятида синов тариқасида аҳоли хонадонларида боқилаётган чорва учун озуқа харид қилиш харажатларининг 10 фоизини субсидиялаш тизимини жорий этиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, озуқа марказларини ташкил этиш ва озуқабоп экинлар етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, қишлоқ хўжалиги техникаси харидида қўшимча енгилликлар бериш, хорижий мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий кадрлар малакасини ошириш харажатларининг бир қисмини қоплаш режалаштирилган.

Уруғчилик ва наслчиликни ривожлантириш

Бугунги кунда озуқабоп экинлар уруғига бўлган эҳтиёжнинг 95 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Шу боис Қашқадарёда Миср олимлари билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ва уруғчилик марказларини ташкил этиб, маҳаллий иқлимга мос навларни яратиш ва уруғ импортини босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилган.

Чорва наслини яхшилаш мақсадида сунъий уруғлантириш ва юқори генетик қийматга эга эмбрионларни кўчириб ўтказиш технологияларини кенг қўллаш, йирик хўжаликлар билан аҳоли хонадонлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Ушбу чора-тадбирлар ҳисобига қорамолларни сўйишга топширишдаги тирик вазнини 250–350 килограммдан 450–550 килограммга етказиш ҳамда қўшимча 400 минг тонна гўшт етиштириш имконияти яратилиши қайд этилди.

Президент мутасаддиларга таклифларни пухта ишлаб чиқиш, молиялаштириш механизмларини аниқ белгилаш ҳамда ички бозорда гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Teglar

Mavzuga oid